Ризобек Воскресенье, 2024-05-19, 11.25.59
Приветствую Вас Гость | RSS
Главная | | Регистрация | Вход
Меню сайта
    Статистика

    Онлайн всего: 1
    Гостей: 1
    Пользователей: 0
    Форма входа

    Главная » 2009 » Октябрь » 19 » Замондош ёшлар ижодидан
    02.05.08
    Замондош ёшлар ижодидан
    2.Ўзбек бўлиш қийин

    Шунақа, биродар, инсонда инсонийлик ҳамиша барқарор турмайди. Бунинг устига, бир умрлик меҳрибонимни, жуфти-ҳалолимни ҳам кўнглига кўп озор берганман, бовурдош, гуноҳкорман, гуноҳкор.

    Ҳаётимни қарийб 50 йилини ўтказиб юбордим. Гуноҳларимни ювиш учун ҳеч нарса қилмадим. Ҳажга бориш ниятим бор. Насиб этса, агар, яратган эгам меҳрибон, гуноҳларимни кечар. Аммо ўзлигим-чи? Ҳар ёдимга тушса, қўзғалиб турадиган виждонимнинг исёни-чи? Бу саволлар жавобсиз қолаверади. Вақт ҳам асрга яқинлашяпти. Аср намозини ўқиб, қўйларни қишлоққа қайирсак ҳам бўлади. Шундай деб ўйлаб ўрнимдан турдим-у, қотиб қолдим. Бир аёл... Ким экан бу? Қайта жойимга ўтирдим. Ўтирганим йўқ, мажолсиз чўккаладим. Бунчалар сулув, юзи офтобдай ёрқин, каттароқ тошга суяниб, тиззаларини қучиб ўтирибди. Пешонасида паришон сочлари тўзғийди. Сочи узун ўриб қўйилган, қошлари ингичка, ҳеч қачон чимрилиш нималигини билмагандек гўё. Кўзлари бирам маъюс, худди аёлимникидек...

    Кўнгилдошлар, менинг кўнглим

    оғриди,

    Дардим айтай, давосини

    истадим.

    Наҳот, дилим муҳаббатни

    соғинди,

    Ўрим бор-ку, яна кимни

    изладим?

    Қўққисдан ток ургандек сапчиб ўрнимдан турдим. Бир номаҳрамга бундай термулганимдан уялиб кетдим. Ахир, гулдай аёлим бор, худога шукур. "Абдураҳмон сени нима жин урди. Аёлингни кўзига қандоқ қарайсан?", дея ўзимни койиб қўйларимни дарё бўйига ҳайдаб тушдим. Таҳорат олиб, намозимни ўқидим. Ҳайтовур, енгиллашдим, умуман, аёл турган тарафга қарамадим. Нега бу ерда юрибди, ўзи ким? Менга нима, эркак киши бўлса экан, хай-хайлашиб, сўрашиб уйга таклиф қилсам! Шом қоронғусида уйга етиб бордим. Таомдан сўнг болалар битта-битта ухлаб қолишди. Аёлим ҳаммасини ўрнига ётқизди. Идиш-товоқларни ювиб, ошхонани йиғиштирди. Ун элаб, хамир қорди. Тандирга ўтин-чўп тиқиб ёқишга тайёр қилиб қўйди. Йиғиб қўйган қаймоғини эритиб, сариёғ қилди. Мен болалар билан сўрида ётаман. Аёлим кичкинамиз билан уйда ухлайди. Шунинг учун қилаётган ишларини кузатиб ётдим. Хўроз уч марта қичқирди. Соат чамаси иккилар бўлди-ёв. Аёлимиз ҳам чироқларни ўчириб, уйга кириб кетди. Саҳарда иссиқ нон ҳидидан уйғондим. Ноннинг ҳиди сархуш қилади одамни. Лекин кўнглим нохуш, биродар. Тезроқ тоққа боргим, кечаги аёлни яна бир мартагина кўргим келяпти, фақат нимагадир уни кўришдан қўрқаяпман. Болаларим олдида ким деган одамман, ҳадемай тўнғичимни уйлайман, деган ниятдаман. Бир номаҳрамни кўргим келиб тоққа чопсам, ўқиган номозларим куймайдими? Худонинг қаҳри келмайдими, бовурдош? Уйга кириб ётдим, мазам бўлмаяпти, дедим аёлимга. Соппа-соғ эканимни кўриб турибди-ю, яна атрофимда гирдикапалак бўлади. Аёлимни парвонага ўхшатдим. Шамга айланган парвонага. Мени эса юрагим ловуллаб ёняпти, ичим тўкилиб кетяпти биродар. Яна бир мартагина бўлса ҳам, майли, бир кўрай!? Бошимни кўрпага буркайман. Кўз ёшларимни аёлимга кўрсатмаслик учун. "Бир кўрай!?", Ерни муштлайман: "Бир кўрай..." Кўрпага ўраниб, кўз ёш тўкаман, йиғлайман, юрагимдаги оловни тафтига чидолмайман. Энам-ов энажонимов, қай кунларга қолдим-ов!

    Аёлимиз бир коса мастава келтириб қўйди. Дастурхон ёзди. Эшик ёнига бориб тик турди. Тағин-да келиб дастурхон олдида ўтирди. Овқатни шопириб-шопириб совута бошлади. Яна сапчиб туриб оёқларимни уқалай бошлади.

    –Овқат қилгандим, деди. Мен индамай-да ётдим. Азобларига чидай-чидай ётдим. Унинг ҳозир менга бераётган эътибор ва меҳри мен учун чексиз азоб бўлиб туюлаётган эди. Оёғимни бир силтаб тортиб олдим. Кўрпачани устимдан юлиб олиб бурчакка отдим.

    –Бас қиласанми, йўқми?-дедим. Феълим қурсин. Эй Раҳмон кал, бир номаълум номаҳрам учун аёлингга зарда қилдинг-а. Сени кечириб бўлмайди, дедим ўзимга-ўзим. Индамай уйдан чиқиб кетдим. Оёқларим, кўнглим, вужудим талпинаётган ерга кетдим. Аёлим ортимдан қараб қолди. Ўзича ўйлагандир: "Сочи ўсганига кўнгли бошқасини тусаб қолдимикан?" деб. Эҳ-ҳ, энаси, гап жундами? Сендай тенгсизини сочим кунига 20 қарич ўссаям тополмайман. Лекин ҳозир кечир, уни бир кўрмасам бўлмайди. Қир бошига чиқдим, етай-етай деб турибман. Кўзларим бир тиниб, бир чақнаб ўша томонга термулиб бораман. Ўниб, ўртаниб бораман. Харсанг тош ёнига етдим. У ҳамон ўша ҳолатида ўтирарди. Бу атрофда сув-пув йўқ, кечадан бери шундай ўтирган бўлса...

    -Яхши қиз, дедим томоғимни қириб. Ҳар қалай агар у шаҳарлик бўлса, тўпори муомала қилмаслик керак-да. Биринчи марта бегона аёлга "Яхши қиз" дейишим. Ўзимнинг гапимдан ўзимнинг кулгим келди. Лекин у нимагадир менга қарамади.

    -Сув ичасизми?-дедим. Бу гапим ҳам чиройли чиққанига ишончим комил эди. Бир вақт бир кино кўрганимда эркак аёлга "Нима ичасан? Чойми, қаҳвами?", деб сўраганди. Тўлқинланиб кетиб, сочимни орқага силаб қўйдим. Аёл секин ердан кўзларини узиб, кўзларимга боқди. Даҳшатдан қотиб қолдим. Кўзлари ям-яшил, қорачиғи йўқ, мужгонсиз бир мавжудод эди. Ўнидан қараганда юзидаги сулувликни таърифлаш маҳол.

    Афсус, афсус! Мен нимага талпиндим? Нимага аёлимга ҳўкизқараш қилдим? Бир умр сочи қуёш кўрмай, рўмол остида бошига ёпишиб кетган бўлсаям, аёлим гўзал. Тўй-ҳашамда, ойда-йилда кўзига сурма суртсаям, суртмасаям қошидан кетмайдиган ўсмаси бор. Аёлим чиройли. Уч йил аввал ўғлимизни суннат тўйига кияди деб, ялтироқ кўйлак олиб бергандим. Ўшани кийса очилиб кетади. Тикилиб қолган кўзимга "ҳай-ҳай" дейман. Ўзиям асраб-асраб, тараб-тараб кияди. Аёлим гўзал, чиройли, тенгсиз...

    Кечиринг, бовурдош, ҳойнаҳой, "Яна мақташга тушди!", деяётгандирсиз. Лекин мақтаса арзигулик феъли бор-да. Юрагим эзилиб-эзилиб алқаяпман уни. Қаршимда кўзларимга кўзи тушган бу номаҳрамга қараб туриб ўйлаяпман. Худо-ё, тавба қилдим. Билиб қилган гуноҳларим кўпайяпти. Томоғимни қириб-қириб гап бошладим. Унга нима кераклигини сўрамасам бўлмайди. Беэътиборлик ўзбекчиликдан эмас.

    -Тағин меҳр-оқибати йўғакан, деб ўйламаслигингиз учун қайтиб келдим. Нима қилай, шундай виждонли феълим бор. Кўнгил сўраш керак-да, тўғрими?-дедим. У тошга тикилганча ниманидир мулоҳаза қилиб:

    -Беш минг кватриллион ерликлар тилини биламан. Лекин "МЕҲР-ОҚИБАТ" сўзини тушунмадим,-деди. Аёлимиз гўзал, чиройли, тенгсиз, лекин овозида бунақа сеҳр йўқ. Бу номаҳрамнинг саси олдида унинг саси товусникидек бўлди-қолди. Энди нима қиламан, айтинг?

    -Энди...-деб гап бошладим, тиззамга шаппатилаб. Ўзимнинг овозим қўполдан-қўпол. Ҳай-й, тўпори-я, ҳай қишлоқи-я, дея койишга тушдим, ўзимни-ўзим. Томоғимни қириб-қириб юмшоқроқ гапиришга тутиндим.

    -"Меҳр-оқибат" ўзбекка хос. Ўзбек кенг дала-ю, кўм-кўк осмонга кўнглини берган эл. Болани севади. Меҳр-оқибатни ундан кутади,-дедим, юзига қараб туриб. Тағинда яқинроқ ва тикилиброқ қарадим. Айбга буюрманг, бовурдош. Одамни кўзида маъно бўлсин экан. Маънони англатиб турувчи қорачиқ бўлсин экан. Ўнимдаги бу мужгонсиз балиқсифат кўзга қараб жонимни озорга қўйдим. Шукур қилдим одамзод наслидан эканлигимга. У бош чайқаб, тағинда такрорлади:

    "Тушунмадим!",-деб. Тавбангдан кетай, тавбаларингдан кетай. Бу ўзга сайёралик ақлли чулчутга нима дейман энди, бовурдош. Жаҳлим чиқди. Ўзбекнинг онаси гапга туққан. Ривоят айта-айта туққан. Эртак эшита-эшита катта бўлган. Тушунмаганига қўймайман.

    -Катта момом айтиб бергандилар,-деб гап бошладим. У ҳамон юзимга термулиб турарди. -Қишлоғимизда Абдулла деган бир одам бўлган экан. Деҳқончиликнинг ҳадисини олган бу инсонни бутун қишлоқ хурмат билан тилга оларкан. Юзидаги нур юлдуздек сирли бўлса-да, бир кўрган одамнинг дилига ёқаркан. Меҳмондўст, уйидан яхшилар аримас экан. Унинг хонадонида БАХТ, ОМАД ва ОҚИБАТ фарзандлари қатори бирга яшашар экан.

    БАХТ-ёш боладек беғубор бўлиб, қиқирлаб кулишини эшитиш учун, қишлоқдошлар ҳар тонг йиғилишаркан. Чунки унинг кулишини тинглаган одамнинг куни бўйи лабидан табассум аримас экан. Бу табасссум бир-бирига ширин сўз ва яхшиликлар улашишга ундаркан.

    ОМАД-кўзинг тушса, куядиган сулув қиз бўлиб, шу хонадонда яшасаям, ҳаммага кўринмас экан. Уни кўриб қолган бирор қашшоқ бойиб, дардманд соғайиб кетаркан.

    ОҚИБАТ-нуроний мўйсафид бўлиб, барчага меҳр улашаркан. Бовурингга қондай, ўпкангга нафасдай сингиб кетаркан. Абдулла бобонинг умри тугар чоғида, БАХТ, ОМАД ва ОҚИБАТ ёнига келиб, "Бобо, бизга дуо бер! Кетайлик! Сен ўлганингдан кейин бу хонадонга сиғамизми-йўқми? деган хавотирдамиз!"-дейишибди. Абдулла бобо хўнг-хўнг йиғлабди, сел-ел оқибди. БАХТ ва ОМАДга изн берибди. Фарзандларидай бағрига босиб хўшлашибди. Улар хомушгина бўлиб чиқиб кетишибди. Нуроний ОҚИБАТнинг желаги этагидан маҳкам тутиб олган Абдулла бобо: "Сиз қолинг! Кетманг! Мендан кейин фарзандларимга бош-қош бўлинг!"-дея сўнгги сўзларини айтиб жони узилибди. ОҚИБАТ бу хонадонда мангуга қоладиган бўлибди. БАХТ ва ОМАД ҳам қайтиб келишибди. Чунки, ОҚИБАТ йўқ жойда БАХТ ҳам, ОМАД ҳам яшай олишмас экан. Энди тушунгандирсиз-а?

    У табассум қилди. Кулгуси сунъий. Завқинг келмайди.

    -Сенинг уйингда ҳам улар борми?- деди. Ўйлаб қолдим. Ҳақли савол. Улар менинг уйимда борми? Яшашяптими? Жим қолганимга сабри чидамади шекилли, гапида давом этди.

    -Истасанг, мен сенга БАХТ ва ОМАДни бераман. ОҚИБАТни эса, ўзинг топасан. Чунки бу бизнинг техник қурилмамизга киритилмаган,-деди.

    Мириқиб кулдим-да, яйрадим-да, биродар. Тавбалар қилай! Эй сизни яратган отангизга балли, онангизга шаптолининг қоқи-да, яхши қиз. Оқибат одамнинг юрагида бўлади. Ўзбек оқибат деб яшаётган эл. Менга омадни ҳам, бахтни ҳам қўш қўллаб берганимиздан айланиб кетайин. Сизни кўриб, суҳбатлашиб турганимнинг ўзи бахтим,-дедим кулгуларимни йиғиштиролмай.

    Қурилмамизга киритилмаган эмиш. Мени сўкманг, бовурдош. Ўзбекнинг техник қурилмасидаги мотор-потор деган нарсалари оқибатдан ясалган. Гапимнинг чини. Биргина мисол, кичкина ўғлимдан сўранг, "Меҳр-оқибатли бола қанақа бўлади?", деб. Ўйлаб ўтирмайди. Чайналиб иккиланмайди ҳам. "Косасидаги гўшини акасига берадиган бола!" деб айтади. Тўғри, оқибат ошқозондан бошланмайди. Лекин бизди ўғилчанинг иштаҳаси катта карнай-дай-да. Оғзидаги ошини бериш у учун ниҳоятда қийин масала. Акасига келганида жонини ҳам аямайди. Энди тушунгандирсиз.

    -Дада,-деган овоздан чўчиб тушдим. Гуноҳга қолдим, биродар. Ўғлимнинг олдида нима деган одам бўлдим. Номаҳрам аёл билан бунчаям гап сотмасам. Ўғлим, кечир мени, ўғлим! Ўз файзу-баркамни ўзим учириб, нима ишлар қилиб юрибман-а! "Ўзбекман" деб кўксимга урганимга ўлайми яна. Каллангни бир шариги ишламагандан кейин қийин экан-да, Абдикал. Сен одам бўлмадинг. Мана энди ўғлингнинг кўзига қандай қарайсан?

    -Дада, боядан бери ўзингизга-ўзингиз гапириб ётибсиз. Онам отангни соғлиги йўқ эди, дегандилар. Тинчликми?-деди.

    Ўзимга-ўзим гапирганим йўқ, болам,-деб ёнимга қарасам, ҳалиги аёл йўқ. Ерга кирдими, кўкка учдими, билмай қолдим. Ўғлим билан бошимни эгганча осмондан тушган қурилмани олиб уйга қайтдик. Аёлимни юзига қарай олмадим. Чин, бовурдош.

    Сарвигул ХОЛОВА.


    Жойлади: Админ
    Всего комментариев: 0
    Добавлять комментарии могут только зарегистрированные пользователи.
    [ Регистрация | Вход ]
    Copyright MyCorp © 2024
    Сайт управляется системой uCoz