Ризобек Суббота, 2024-05-18, 22.48.42
Приветствую Вас Гость | RSS
Главная | | Регистрация | Вход
Меню сайта
    Статистика

    Онлайн всего: 1
    Гостей: 1
    Пользователей: 0
    Форма входа

    Главная » 2009 » Октябрь » 21 » Замондош ёшлар ижодидан
    00.31.14
    Замондош ёшлар ижодидан
    БЕКАТ

    Бу дунёсидан қўлингни ювиб, қўлтиғингга тиқсанг, юрагинг яхтак бўларкан. Нимагалигини ҳозир айтаман.

    Сахий дема, саховатига-

    Бирор талаб қўйса гар одам.

    Сахийликмас, бу-савдогарлик,

    Бунда йўқдир шараф ва карам.

    Абдураҳмон Жомий ўз даври адабиётининг қонунлар қонуни ҳисобланган виждон кишиси бўлган. Виждон бизга берилган ҳамма китоблар ичидаги энг доно китоб, унга тез-тез назар ташлаб туриш лозим. Хира тортиб қолган кўз фикрни ўтмаслаштиролмайди. Агар у хиралашмай туриб "кўп кўрган" бўлса. Бекатда автобус кутиб ўтирсам, бир мансабдор танишим келиб қолди. Салом-аликдан сўнг мақсадга кўчди.

    -Сизни излаб борсам, ишхонада йўқсиз. Эртага бир тадбиримиз бор эди. Шунга борсангиз,-деди.

    -Қанақа ташвишлар билан юрибсиз, тинчликми?-дедим қизиқиб. Унинг кўзидаги қора кўзойнаги ва оғзидаги кавш қайтаргич сақичи ғашимни келтираётганди.

    -Бир ногирон қизчага ногиронлар аравасини беряпман. Бир юз етмиш мингга, зўри. Тошкентдан об келтирдим. Фирмамни обрўси учун-да. Яна уч-тўртта газета мухбирларигаям айтдим, борадиган бўлишди. Сизам албатта ўтинг. Фотоаппаратингиз ёдингиздан чиқмасин, хўпми? Ташвиш дейсиз, савоб иш учун жонимизни берворамиз, опа!-деди кулиб.

    Шу пайт елкамда оғир нарсани кўтариб тургандай бўлдим. Кейин жиққа хўл бўлди. Секин бурилиб қарасам, Абдураҳмон Жомий устоз кифтимга бош қўйиб йиғлаб ётибди. Ботиниб-ботинмай, қўлимни бошига қўйдим. Юпатган бўлдим "Чидаймиз энди, устоз. Бунинг номини "саховат рекламаси" дейишади". Мен Жомий билан андармон бўлиб, у "саховатпеша"нинг кетганиниям билмай қолдим. Устоз Жомийнинг кўзлари қизариб кетди йиғидан. Бошини қуйи солганча тасбеҳ ўгириб, ёнимда ўтирди. Машиналар шунчалик тирбандки, "бой одам ҳам кўпакан-да", деб қўйдим ичимда. Яхши дўст-туганмас хазина. Шаҳарнинг ғала-ғовур кўчаларида икковлон нимага тентираб юрганимизни ҳалигача тушунмайман. Мен Жомийни шаҳардан қизғандим. Хаёлан қишлоғимга олиб бордим. Шундай эшикни очсанг, қир-адирларга туташ остонамга олиб бордим. Бағримга босиб ўпсам, лабим титрайдиган пешонамга олиб бордим. Қўй-қўзисини чопонига ўраб катта қилган кошонамга олиб бордим. Кўнглимга қил ҳам сиғмайдиган дамларда қилдан-да, нозикроқ дил бўла олган дилхонамга олиб бордим. Кўнгил кенглик истайди. Беданага қовоқдан Ватан, кўнгилга кенгликдан Ватан. Қиру адирингни бер унга. Мен ул зотни қишлоққа ташлаб қайтдим. "Ўзимга қўйиб беринг!"-дедим. Рози бўлдилар. Автобусга ўтириб, уйга келдим. Ул-бул сўзлар билан қоғоз қораладим. Кунлар ўтаверди.

    Газетанинг биринчи саҳифасида Жомийни йиғлатган танишим чиқди. "Саховатпеша" мақоласи билан. Муҳаррир мақтади. "Зўр мақола чиқибди ўзиям, ўрганинг, Сайидова, нимани қаерда ёзишни билиш керак!"-у қўлини газетага қаттиқ-қаттиқ уриб менга пеша қилди. Мақолани қўлимга олиб ўқидим. Алоҳида тўхталсам, ғийбат бўлар. Қизчанинг кўзидаги ногиронлик ғамининг даҳшати "Менга шу керакмиди?" деб тикилиб турарди. Мен хонага сиғмай кетдим. "Саховатпеша". Сўзнинг улкан масъулияти бор. Эгар-жабдуғи, тақими бор. У кўҳна тулпор. Хохлаган одам виждонини бир четга суриб қўйиб, улоққа миниб чопадиган от эмас. Уни минган одамнинг соф виждонини айириб чиқиши мушкул иш ва бу ўта машаққатли. "Тил бошқа, дил бошқа бўлмасин!" деб шунга айтадилар. Қоғозни қоралаган ҳар чизиқ ҳам сўз эмас. Жомийни қишлоққа қолдириб келганимдан пушаймон қилдим. Дарди дилимни тингласа яхши бўларди. Яхши бўларди дарди дилим енгиллашса. Кўчага чиқдим: машиналар, "бой одамлар"... Ёнгинамда автобус тўхтади. Бир бола тушиб, бақира кетди: "Юбилейний бозор, Карпов бозор, Обл бальница, Цум борамиз, келийла!". Биров шошиб чиқди, биров шошиб тушди. "Кутубхонага бормайсизларми?"-дедим. Шофёр ҳам, бақироқ бола ҳам, йўловчилар ҳам бир зум маймун кўргандай тикилиб қолишди. Ҳамманинг нигоҳида бир савол: "Кутубхона қаерда эди?"... Боролмадим, пою-пиёда бўлса хам, боролмадим. Жомийга борар йўллар олис… У ерга "бой одамлар"...деярли боришмас экан.

    Оч итга ўз луқма нонини бериб,

    Ўзининг нафсини тиёлган инсон,

    Қул бўла туриб ҳам, кўп озодларни

    Ўзига қул қилиб олмоғи осон.

    Овозингиз қулоғим остида жаранглаб турибди, устоз. Тун яна қуёшни бўғизлади. Уфқ қизариб, қони сачради. У дақиқа сайин ерга сингиб бораяпти. Мен яна мени бездирган, аммо ҳаётимнинг асосий ҳаракатига боғлиқ бўлиб қолган бекатдаман. Кўргиликларим ҳам, кўражакларим ҳам шу ерда.

    Сарвигул ХОЛОВА
    Жойлади: Админ
    Всего комментариев: 0
    Добавлять комментарии могут только зарегистрированные пользователи.
    [ Регистрация | Вход ]
    Copyright MyCorp © 2024
    Сайт управляется системой uCoz