Ризобек Воскресенье, 2024-05-19, 06.37.55
Приветствую Вас Гость | RSS
Главная | | Регистрация | Вход
Меню сайта
    Статистика

    Онлайн всего: 1
    Гостей: 1
    Пользователей: 0
    Форма входа

    Главная » 2009 » Сентябрь » 27 » Замондошлар ижодидан
    01.03.49
    Замондошлар ижодидан
    ТЎРТЛИКЛАР

    ДАЪВО


    Лолалар Лайли-ю Шириннинг лаби,
    Елларнинг шивири Хайёмнинг гапи.
    Бир сиқим тупроққа даъво қилади,
    "Бу менинг хоким" деб минг шоҳ,минг наби.

    БИЛМАЙДИ


    Ғам-андуҳ даштини бола билмайди,
    Эҳтирос шаштини бола билмайди.
    Катталар қўмсайди болалигини,
    Болалик гаштини бола билмайди.

    БИЛАМАН


    Шодон онларимда биламан мудом,
    Кимлардир қайларда чекишини ғам.
    Биламан ғам юки қалбим эзган дам,
    Шодмондир қайларда қанчалар одам.

    ПИЁЛА


    Чой ичиб ўтирсам, келди бир нола,
    "Ол, мени шаробга тўлдир, эй бола"
    Чою мой бирмасми, десам, ул деди:
    "Мен Хайём хокидан бўлган пиёла".

    СИР


    Данакнинг мағизи аччиқми, ширин,
    Чақмасанг қаёқдан биласан сирин.
    Пинҳон жумбоқлар-ку ҳадсиз оламда,
    Ҳар ошкор ичида бир сир яширин.

    ШИША


    Майи тугагунча эъзозли шиша,
    Бўшагач беқадр шиша ҳамиша.
    Мен-ку ачинмайман май заволига,
    Ичгувчи тушмасин шиша ҳолига.

    ЮК


    Нодонлар гердаяр хода ютгандек,
    Донолар юришар доим бош эгик.
    Кифтига бир хил юк қўйса-ку даврон
    Нодон синиб кетар, доно қолар тик.

    ИЧАМИЗ


    Ғамдан ё ёр бўлса зафар ичамиз,
    "Соғлиққа" деб доим заҳар ичамиз.
    Хушёрлик мақсадга яқин қилади,
    Мастлик унинг акси, зарар ичамиз.

    МАҚТОВ


    Мансабга минганни мақтов оздирар,
    Сўнг у ўз шаънига мақтов ёздирар.
    Мақтов қули билмас у учун бир кун,
    Мақтов мақтовчига қабр қаздирар.

    АФАНДИ ВА ПОДШО


    Афандига бир кун мақтанди подшо:-
    "Ҳеч қандай камим йўқ, ҳамма нарсам бут".
    У деди:-"Тақсирим сўзлари хато-
    Йўқ-ку ўзларига аталган тобут".

    МАКР

    Ўтинчим кетмади бугун зоега,
    Бир бўса берди ёр мен фидойига.
    Сўнг у бу ишидан пушаймон бўлгач,
    Дедим "қўяйинми қайтиб жойига?"

    ОНА

    Қўлингда оқ йўргак шод кўтарибсан,
    Шу йўргак ичра ҳаёт кўтарибсан.
    Тунов кун ўзинг ҳам йўргакда эдинг,
    Бугун она деган от кўтарибсан.

    КЕКСАЛИК


    Сочим занжирида, ажабо, оқ занг,
    Кўз демиш кўзгумда артилмас чанг.
    Вақт деган эговдан тирналган юзим,
    Чархланган ақлимнинг тиғига қаранг.

    КЎЗИ ТЎЙСИН


    Кўкка боқиб дедим: "Эй букри осмон,
    Сен нечун бунча кўп олтин тош осган?"
    У деди: "Очофат инсон қавмининг
    Кўзи тўйсин дея кўкни тош босган".

    НИШОН


    Даҳшатли товуш-ла гулдур чалди занг,
    Камалак ёй тортди бош узра таранг.
    Кимга шу дам ажал ўқи ёпишди,
    Бизлар ҳам нишонда турибмиз, қаранг.

    АҚЛ СУЛТОНИМ


    Соғлигим давлатим, вужуд қўрғоним,
    Унга ҳамла этар ҳар вақт дард ғаним.
    Ичда ҳис лашкарим бебошлик истар,
    Лек барин дафъ этар ақл султоним.

    Ш.РАҲМАТИЛЛО

    Жойлади: Админ
    Всего комментариев: 0
    Добавлять комментарии могут только зарегистрированные пользователи.
    [ Регистрация | Вход ]
    Copyright MyCorp © 2024
    Сайт управляется системой uCoz