Ризобек Воскресенье, 2024-05-19, 04.53.34
Приветствую Вас Гость | RSS
Главная | | Регистрация | Вход
Меню сайта
    Статистика

    Онлайн всего: 1
    Гостей: 1
    Пользователей: 0
    Форма входа

    Главная » 2009 » Октябрь » 3 » Замондошлар ижодидан
    00.52.51
    Замондошлар ижодидан
    Гуноҳ ишнинг касри

    ҳикоя


    Ойисининг бошқача пардоз-андоз қилганини-ю, ялтир-юлтур кийимлар кийиб олганини кўриб Фарҳоднинг кайфияти бузилди. Ҳаммаси равшан, анави сўхтаси совуқ Маннон қассоб ҳадемай кириб келади. Кўзларини катта қора кўзойнак ёпган бу одамнинг ҳазили ҳам ўзи каби совуқ Биринчи гал ғирт ишонганди унинг гапига. Маннон қассоб унинг саломига алик ола солиб "ия, полвон, бурнинг қонаяптими" деганда, шошиб бурнини ушлаб кўрган, сўнг алданганини кап-катта одамнинг қорнини селкиллатиб кулаётганидан сезиб, кўзлари ғазабдан чақнаб кетган-ди. Бу бефаҳм қассоб эса ҳар келганида шу ҳазилини такрор-лагани-такрорлаган. Бир гал Фарҳод чидаб туролмади.

    - Ёлғон гапиришга уялмайсизми, амаки,-деди у тик қараб,- уйингизда ўғилларингизни ҳам шундай алдайсиз-ми?

    Қассоб безрайиб қолди. Сўнг ойисига маъноли қараб олгач, ишшайди...

    - Боя ёмон гап қилдинг-да, ўғ-лим,- хафа бўлди ойиси Маннон қассоб кетганидан сўнг,- Маннон аканинг боласи йўқ. Роса ўксинди бечора...

    Яна ўша сўхтаси совуқ одам уйларида пайдо бўларкан-да. Тўғри, у доим қўйни-қўнжи тўлиб келади. Мевачевадан тортиб, колбаса-ю, қазигача... Гўштни-ку, айтмаса ҳам бўлади. Аммо у сал ўтириши билан ойиси типирчилаб қолади. Сўнг Фарҳоднинг қўлига пича пул беради-да, "бор болам, бир-икки соат ўйнаб кел, бизнинг амакинг билан маслаҳат-лашадиган гапимиз бор" дейди аллақандай қизариб. Агар телевизорда бирор қизиқроқ нарса берилаётган бўлса, Фарҳодга роса алам қилиб эшикни тарақлатиб ёпиб чиқиб кетади.

    Бу гал ҳам шундай бўлди. Маннон қассоб кира солиб, онасига маъноли қаради-да, Фарҳоднинг қўлига "Сни-керс" ва иккита беш юзталик тутқазди. Сўнг "тушунган бўлсанг сенга жавоб, болакай" дегандек ишшайди. Фарҳод шоколадни ҳам, пулни ҳам отиб юборди-да, югуриб чиқиб кетди.

    Шу иссиқда қаерга боради? Қанийди шаҳарларида ҳам худди тоғаси турадиган қишлоқдагидай анҳор бўлса-ю, мазза қилиб чўмилса. Бор-йўғи иккита фаввора бор, унинг ҳам суви кўкариб ётибди.

    Фарҳод нима қилишини билмай, бироз серрайиб турди-да, сўнг тутнинг соясида қарта ўйнаб ўтирган болалар томон юрди. "Уч қарта"да болаларни роса лақиллатиб, пулларини шилиб олаётган кўчанинг "козири"-17 ёшли Жорка уни кўриши билан қувониб кетди.

    - Ана, йигитнинг дангали келди. Қани Фарҳодбой, қассоб даданг бугун сени роса сийладими?

    - У менинг дадам эмас, ойимнинг таниши.

    - Ие, унда нега сени кўчага ҳайдаб юборишди?

    - Ҳайдаб юборишгани йўқ, маслаҳатлашадиган гаплари бор экан. Шунинг учун ўзим чиқиб келдим.

    - Ваҳ-ҳа-ҳа,-ерга ётиб кулди Жорка.- Э, сени қулоғингга лағмон илишибди-ку, маслаҳатлашадиган гап эмиш. Билсанг, "Сичқон-пишак" ўйнашаяпти ҳозир ойинг билан ўша амакинг. Ишонмасанг, бориб тақиллат, қани эшикни очишармикан?

    Бошқа болаларнинг ҳам хохолаб ку-лишаётганини кўриб, Фарҳод бу ердан кетмаса бўлмаслигини сезди. Қанийди, қўлидан келса-ю, ҳаммасини боплаб дўппосласа. Бунақа илмоқли гапларни у қўшни хотинлардан ҳам эшитган. Бир гал Маннон қассоб келиб, кўчада шунақа дайдиб юрганда қўшнилари Рухсора хола унга ғалати тикилди.

    - Ҳа, болам, кўчага ҳайдалдингми, анави қора кўзойнакли қассоб яна айш қилгани келибди-да-а?

    - Айш қилгани эмас, маслаҳатлашгани келганмиш. Бу гапларни ёш бола эшит-са бўлмасмиш.

    - Маслаҳатлашмай ўлсин. Нечта хотин билан шунақа маслаҳатлашса-да, ҳамон тирноққа зор. Худойимни ўзи жазолаяпти бу зинокорни. Ишқилиб, унинг касофати ойингга ҳам урмасин-да.

    Ўша куни Рухсора хола уйларига кириб ойисига роса насиҳат қилди.

    - Ойдеккина жувонсиз, Назокатхон. Қўйинг шу қассобни. Бечора болангизни боя яна кўчада мунғайиб юрганини кўриб раҳмим келиб кетди. Ахир 11 ёшли бо-ла-я, кўп нарсага ақли етади унинг.

    - Нима қилай, холажон кун кўришимиз керак-ку. Маннон ака менга уйлан-моқчи. Агар...

    - Нима агар? Ҳеч бўлмаса эскичасига никоҳ ўқиттирдингларми?

    - Ўшани айтаяпман-да, агар...,-ойиси бироз тараддудланиб олгач давом этди,- агар ҳомиладор бўлсам, ўша заҳоти никоҳ ўқитиб, бошқа жойдан уй олиб бермоқчи. "Бу уй чурвақангга қолади" деяпти. Қаранг, қанақа ғамхўр одам у.

    - Ғамхўр бўлмай ўлсин. Агар нияти жиддий бўлганида никоҳ ўқитиб уй-ланарди-да, мана шу Фарҳоджонни бошини силарди. Яхши гапирса, "бо-лам-бўтам"ласа Фарҳоджон унга ўғил бўларди-қўярди.

    - Энди ўзимнинг ҳам болам бўлсин деяпти-да.

    - Э, Назокатхон, тўртта хотин билан яшаб кўрган у. Биринчи хотини уни бегона аёл билан ушлаб олиб, "илоё бир умр тирноққа зор бўлиб ўтгин" деб қарғаган экан. Ўша аёл эрга тегиб, бир этак бола кўрди. Бу зинокор қассоб эса ҳамон хотин алмаштиргани-алмаштирган. Жон синглим, эсли-ҳушли аёл-сиз. Сиз ҳам шу қассобга ўхшаб зинокор бўлманг, уйингизни наҳсга ботирманг. Касри ўзингизга ё болангизга урмасин та-ғин...

    Фарҳод уйи томон югуриб кетаркан, Рухсора холанинг шу гапларини эслади. Болаларнинг мас-хара қилиши хаёлидан ўт-ди.

    Айниқса "ойинг қассоб билан "Сичқон-пишак" ўй-наяпти" деганларини эслаб роса ғазаби келди.

    Серқатнов кўчадан ўта-ётганда кўзларига ёш қу-йилди-ю, атрофни кўрмай қолди. Сўнг бир нарса уни зарб билан уриб, четга итқитиб юбор-ди...

    У касалхонада кўзини очди. Қараса боши бинт билан боғлаб ташланган, бир оёғини эса тепага осиб қўйишибди. Қимирламоқчи эди, белида қаттиқ оғ-риқ сезди. Шунда ойисининг "хайрият, болам кўзини очди" деганини-ю, пиқиллаб йиғлаганини эшитди.

    - Мен гуноҳкорнинг касри сенга урди, болам,-уни қучоқлаб йиғлади ойиси,- яхшиямки худойим сени қайтариб бер-ди, бўлмаса бир умр ўзимни кечиролмай ўтардим. Бир ифлос одамни деб сендан айрилиб қолишимга сал қолди-я.

    Ойиси кимни "ифлос" деяпти, Ман-нон қассобними? Демак уни ёмон кў-риб қолибди-да.

    - Ойи,-зўрға гапирди у,- анави Ман-нон қас... амаки билан уришиб қол-дингларми? Энди келмайдими у?

    - Келмайди болагинам, келмайди. Келмайдиган қилиб ҳайдадим у меҳр-сизни. Сени машина уриб юборганини эшитганда қувонганини кўриб бетига туфладим уни. Бўлди, болам, бўлди, у ифлос қадам қўймайди энди уйимизга.

    Фарҳоднинг кўзига ойиси бирам ях-ши кўриниб кетдики...

    А. ЙЎЛДОШЕВ.


    Жойлади: Админ
    Всего комментариев: 0
    Добавлять комментарии могут только зарегистрированные пользователи.
    [ Регистрация | Вход ]
    Copyright MyCorp © 2024
    Сайт управляется системой uCoz