Ризобек Воскресенье, 2024-05-19, 05.42.41
Приветствую Вас Гость | RSS
Главная | | Регистрация | Вход
Меню сайта
    Статистика

    Онлайн всего: 1
    Гостей: 1
    Пользователей: 0
    Форма входа

    Главная » 2009 » Октябрь » 9 » Жаҳонномада
    21.01.03
    Жаҳонномада
    Жаҳонгир Муҳаммад

    ҲАВЗИ ҚУЛҚУЛУМ (Кундалик китобдан саҳифалар)

    ЮЛДУЗ ВА ЮЛДУЗНИ УРМОҚЧИ БЎЛГАНЛАР

    9 Октябр, 2009 йил

    Бугун Нобел қўмитасининг кулгили қарори ҳақида ёзаман деб тургандим, қарасам Интернет шундай ҳам бу борадаги танқидий фикрлар ва мулоҳазалар билан тўлиб кетибди. Айниқса, инглиз тилида ёзадиганлар аллақачон ҳамма гапни айтиб, Нобел қўмитаси Тинчлик борасида Обамани ғолиб деб эълон қилишини савол остига қўйиб улгуришибди.

    Демак, байроқни илиб кетишибди деб турсам, электрон почтамга “Эзгулик” жамиятидан хат келди. Хатга Ислом Каримовни мақтаб қаҳрамон бўлган ва 1999 йил 16 феврал воқеаларининг эртаси куни «Алматов, буларнинг бошини сапчадек узиб ташланг!» деб қўлга олинган диндорларни кўрсатган шоир Абдулла Ориповнинг оиласи билан боғлиқ прес-релиз илова қилинган экан.

    Абдулла Ориповнинг юқоридаги гаплари ўша кезда Ўзбекистон телевидениеси орқали ҳам кўрсатилган ва кейин 1999 йил воқеалари ҳақида ҳужжатли филмга ҳам киритилган. Бу ҳужжатли филм архивимда сақланган ва баъзан бирор сабаб билан уни кўрсам, халқ шоирининг бу гапи менга Каримовнинг “Керак бўлса, икки юз кишини отиб ташлаймиз” деган ҳайқириғини эслатади.

    Дарвоқе, гап бошқа мавзуда эди. Гап «Эзгулик» жамияти юборган ҳужжат ҳақида. Унда жумладан шундай дейилади׃

    «Кейинги пайтларда ҳукумат амалдорларининг фарзандлари содир этаётган қонунбузарлиг-у, жиноятлар билан боғлиқ миш-мишларга қулоқларимиз кўникиб қолди. Бироқ йирик жамоат арбоблари, юриш туриши-ю, хулқи билан кишиларга идеал бўлувчи шахсларнинг фарзандларидан ола чиқса ғалати туюларкан. Ўтган йилги релизларимизда Қаҳрамон шоиримиз Эркин Воҳидовнинг ўғли Хуршиднинг бир қатор коррупцион жиноятларни содир этганликда айблангани хусусида айтгандик. Афсуски, гал элимизнинг ардоқли адиби Абдулла Ориповга келган кўринади. Бир томондан қонунларимизда биров бировнинг айби, жинояти учун жавобгармас, дейилади, лекин барибир шарқликмиз-да, фарзандларнинг ноқобиллиги одамга оғир ботаркан.

    Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамиятига Абдулла Орипов тарбиялаган қизнинг дастидан бир эмас, икки эмас, нақ 12 нафар фуқаро мурожаат қилди. Ўтган йиллардагини ҳам ҳисобга олсак, бу рақам 20 нинг қорасини тортади. Шикоятчиларга кўра, шоирнинг таниқли тележурналист қизи Юлдуз Орипова кўпчиликка фириб бериб, уларнинг пул ва бошқа товар моддий бойликларини алдов йўли билан ўзлаштирибди. Буни қарангки, офисимизга келган шикоятчиларга илк саволимиз “Абдулла акага учрашмадингларми?” бўлди. Ўзларини ҳақоратланган каби ҳис қилган шикоятчилар “У киши дардимизни эшитмади ҳам, аксинча, уйидан ҳайдаб солди” дейишди. Сўнг расмиятчиликка ўтилди, эшитинг.

    Юлдуз Орипова ўзининг Самарқанд вилояти Булунғур тумани ХТБга қараши тил ўргатиш маркази директори Нодира Хўжаёрова воситасида Тошкент шаҳар Бобур кўчаси 87/1-б-уйда яшовчи педагог Шофозил Ғойибназаровдан 25 000 АҚШ доллари, Булунғур тумани Соҳибкор ф/й.да яшовчи Саъдин Ибрагимовдан 8500 АҚШ доллари, қибрайлик Ғанишер Иргашевдан 2000 АҚШ доллари, чирчиқлик Муҳаббат Диловаровадан 2500 АҚШ доллари (ва ҳоказо) миқдоридаги пулларни талабаларни олий ўқув юртларига киритиш баҳонаси билан олиб, қайтариб бермаётир…»

    Аввало бу мавзуни кўтаргани учун “Эзгулик”ка раҳмат. Модомики, гап бизнинг ўзбеклигимиз ва ахлоқий нормалар ҳақида бораётган экан, шу ҳужжат баҳонасида бир нарсани айтмасдан иложимиз йўқ.

    Бугун баъзилар пора берганларнинг ҳаммасини бечоралар дейишади. Бечоралари ҳам бордур? Лекин фалон-фалон миқдорда долларни топиб берган одамни бечора дейиш қийин.

    Пора бермаса олийгоҳга кира олмайди, ҳамма жойда фақат пора билан кирилади ва айб асосан пора олувчиларда дейдиганлар ҳам бор.

    Лекин бутун халқ пора бермаса, улар кимни ўқитадилар? Талаба бўлмадими, улар ишларидан айриладилар-ку? Қолаверса, пора бермаганга йўл йўқ, деган гапга қўшила олмайман.

    1972 йил. Мактабни битириш арафаси. Синф кураторимиз Зикриёева уйимизга келиб онамдан 300 сўм сўради.
    -Мени директоримиз Бадриддин Зайниев юбордилар. Ўғлингиз мактабнинг энг аълочи ўқувчиси. Лекин “Олтин медал” учун РайОНО шунча харажати бор деяётган экан,-деди у.

    Раҳматли онам рози бўлдилар. Аммо мен жанжал қилдим. Чунки оиламизнинг аҳволи менга аён эди. 42 ёшли онам камқонли касали билан оғриган ва бу лейкомия саратонига айланган эди. Йилда олти ой касалхонада даволанардилар.

    Хуллас, ҳалиги пулни биз бермадик ва баҳолари мендан бироз орқада бўлган синфдошим Рафиқ Аҳадов (у кейинчалик Йўл қурилиши олийгоҳида ўқиб, бу соҳада ишламади, балки миршаб бўлди-ЖМ)нинг отаси берибди. У доктор эди. Яхши топарди.

    Ўша йили онам вафот этдилар. Биз иқтисодий жиҳатдан жуда қийин аҳволда қолдик. Лекин мен ТошДУга ўқишга кирдим. Раҳматли профессор Очил Тоғаев (асли қашқадарёлик-ЖМ) бу ерга “танкаси” бўлмаганлар ҳам ўқишга киради, деб ёзган очеркимни ўқиб бергани эсимдан чиқмайди.

    Демоқчиманки, пора бермасдан ҳам яшаш мумкин. Шунинг учун менимча, бундан кейин халқимизга масаланинг ана шу томонини ҳам кўрсатишимиз керак. Яъни, порахўр, ярамас юлдузлар ҳақида гапиришимиз шарт ва айни баробарида юлдузни урмоқчи бўлганлар ҳақида ҳам сўз юритиш пайти келган. Гарчи бу кўпчиликка ёқмайдиган мавзу бўлсада…

    www.jahonnoma.com


    Жойлади: Админ
    Всего комментариев: 0
    Добавлять комментарии могут только зарегистрированные пользователи.
    [ Регистрация | Вход ]
    Copyright MyCorp © 2024
    Сайт управляется системой uCoz