Аёл қасосини ИЛОНнинг интиқомига қиёслайдилар ўта фаросат ва маккорлик билан ҳеч кутилмаган пайтни топиб қасд олар экан... ИЛОН! МУАЛЛИФ УМИДАНИНГ СИРИ ФАРИДА ўчоқбоши томон бораётиб, сомонхона эшиги очиқ турганига кўзи тушди. Негадир юраги увишгандек бўлди. Ўзи сезмаган ҳолда қандайдир ҳадик билан ўша тарафга юрди. Сомонхона ичкариси ғира-шира ёруғ бўлса-да, ҳамма нарса яққол кўриниб турарди. Аёл бир қадам қўйди-ю, ҳайкалдек қотди. Бундан уч кун аввал – тўй куни сўйилган новвоснинг арқонига эри ўзини осганди. Фарида дод солмади – овози чиқмасди, бир лаҳзагина карахтланиб турди-ю, остонага беҳол чўкди. Орадан қанча вақт ўтганини билмади. Шовқинданми ё муолажа таъсириданми, ўзига келиб, атрофга аланглай бошлади. Нигоҳлари қидирган одамини топди: куни кеча “ёр-ёр”-у сурнай наволари билан келинлик либосида ота уйидан чтқиб кетган, кун ўтмай куёв хонадонидан шармандаларча ҳайдалиб келган қизи - Умида ҳеч кимга қўшилмай, тирик мурда мисоли, пойгакда ўтирарди. Фарида қизига тикилиб қолди, сомонхонада эрининг осиғлик жасадини кўриб йўқолган овози қайтгандек бўлди. Ички нидо куч билан бўғзига, ундан тилига кўчди: -Эй, худо-о-о, сенга нима ёмонлик қилган эдим? ЧОРАК АСР АВВАЛГИ ГАП ШЕРЗОД билан тенгқур эдилар йигит ҳарбийдан қайтгач, колхоз фермасига ишга кирди. -Мен ҳам ўқишга кетсам, подани ким боқади? Қизлар сигир соғсинми, ярим тонналик буқаларга ўт тарқатсинми? – дерди. Аслида ўқигиси бор эди, лекин Фаридани кўзи қиймади. Қиз буни яхши биларди. Эл қатори тўй қилиб, турмуш қуришди. Аллоҳнинг синови эканми, беш йилгача фарзандлари бўлмади. Орада эшитилган маломатлар, бедор ўтган надоматли тунлар Шерзод, Фарида ва яна худога аён. Тилаб-тилаб топганлари якка-ю ёлғиз шу қизлари – Умида бўлди! Арзанда, тантиқ қилиб ўстиришмади, лекин керагидан ортиқроқ қарашди кўнглига. Қишлоқ қизлари бажарадиган юмушларнинг тенг ярмини қизи учун Фарида адо этарди. Ўн ёшида велосипед минди. Бу қишлоқдан уч нафар қиз ёзги таътилда дам олишга борарди: раиснинг, ферма мудирининг ва Шерзоднинг қизи! Фарида шу топда қизига тикилиб туриб, эслагандек бўлди: ўтган йили қизини ўқишга киритиш учун Тошкентга олиб боришди. Шароит қилиб бердилар, репетитор ёлланди. Тирикчилик – ота қишлоққа қайтди. Икки ой ўтиб, Умида ҳам келди. У қандайдир ғамгин, камгап бўлиб қолганди. Буни ўқишга кира олмаганликка йўйдилар. Келаси йили атаганларига битта буқа билан новвосни ҳам сотиб, қўшишларини айтишди. Ўқишга киролмай, кўнгли яримта бўлган қизнинг кўнглини бутунлаш учун бир талай зеб-зийнат, кийим-кечак олиб беришди. Ҳеч қандай ишга, ҳаттоки, рўзғор юмушларига ҳам уринтиришмади. Умиданинг ўзида ҳам ҳеч нарсага хоҳиш йўқ эди. Қандайдир одамови бўлиб қолганди. Бу орада совчи устига совчи келавериб, эшикнинг кесакисини синдирар даражага етди. Ўшанда қизи Фаридага бир гапни айтди: -Мени ўзим танлаган одамгагина узатасизлар! Бу талаб қабул қилинди. Қишлоқдошлар ҳайратдан ёқа ушладилар. -Ё, тавба, шундай ойдаккина қиз ўша чалажинни, чўтирюз чойхоначини танлабди-я! -Чойхонача бўлса ҳам бир нави эди, чой ташувчи югурдак денг, ўргилай! -Агрономнинг Алпомишдек ўғлига Барчиндек жуфт бўларди-ю... Аҳмоқ! Умида фақат ўша югурдакка тегишини айтиб, сўзида туриб олди. Ночор рози бўлишди. Халқ мақолини келтириб, таскин топдилар: “Ҳар ким суйган ошини ичади!” Минг афсуски, Умида «оши”ни ярим йил аввал ўзи истамаган ҳолда ” ичиб келган” эди. Фарида мунғайиб ўтирган қизига ачиниб кетди. Турай деса, ҳоли келмади. Қизини имлаб чақирди. Умида бироз каловланиб туриб, сурилганча онасининг тепасига келди. Она беҳолгина қўллари билан қизининг заъфарон юзидан, сочларидан сийпади. Астагина ўзига тортиб, шивирлади: -Жон қизим, йиғлагин, ўкириб-ўкириб йиғлагин, енгил тортасан! Вақт-малҳам, дейдилар. Эрининг йили ўтгач, она-бола ўзларини ҳайҳотдек ҳовлига сиғмай қолгандек ҳис этдилар. Устига-устак, бир ҳовлида фақат иккиси, яна камдан-кам гаплашадилар. Умидага оид “сир” ҳақида сўрашга онанинг юраги дов бермас, қизи ҳам ўзидан билиб ошкор этмасди. “Ошкор қилганда нима ўзгарарди? – ўйларди она, - бегим тирилиб келармидилар? Ё...” Ўша куни шиддатли ёмғир ёғди. Фарида ҳам ишдан барвақт қайтди. Анчадан бери қилмаган ишлари – она-бола биргаликда овқат тайёрладилар. Овқатдан сўнг Умида гап бошлади: -Бошқа ёққа, узоқ-узоқларга кўчиб кетайлик! Тўғриси, онанинг хаёлида бу ўй бор эди, лекин қизини авайлаб, айтмаганди. -Майли, қизим! Лекин қаёққа кўчамиз? Қизи елка қисди: -Билмасам, аммо қаёққа бўлса ҳам, бу ерлардан узоқларга. Она сукутга чўмди. Нималарнидир чамалагандек бўлди. Сўнг дадил оҳангда деди: -Қизим, тоғангга хат ёз Олмалиққа, ўн кундан кейин борамиз, деб ёзгин! Умиданинг чиройи очилгандек бўлди. Ўтган бир йилдан ортиқ вақтдаги ичидаги сир, алам, нохушликлар бир қадам ортга чекинди. Она қизи томонга ўтиб, уни маҳкам бағрига босди-да, йиғлаб юборди: -Қизим, ўргилай қизим... Умида ҳам йиғларди. ИНТИҚОМ ГЎЗАЛ аёлнинг, айниқса, «боши очиқ” бўлса, ошиғи кўпинча олчи келади. Олмалиққа кўчиб келганларида Умида эндигина ўн тўққизга тўлганди. Тоғасининг маслаҳати билан аввал ёзув компьютерда ишлашни, кейин машина ҳайдашни ўрганди. Тоға ягона опасини, ёлғиз жиянини ҳам жуда қадрларди. -Қизингизни зўр ишга жойлаштираман, бообрў хонадонга узатаман. Унгача аралашмай турсангиз бўлди, опа! – дерди ҳамиша. Она-бола уч хоналик уй олгандилар. Жиҳозлар янгиланди. Фарида болалар боғчасига хўжалик ишлари мудирлигига ўтди. Умида олти ой нари-берисида ёзув машинкасини ҳам, машина ҳайдашни ҳам ўрганиб олди. Унга аввал компьютер совға қилишди. Кўп ўтмай, янги бўлмаса-да, “ВАЗ-2109”. Яшаш шароити яхшиланиб, танишлари кўпайган сари Умиданинг ўзига бўлган ишончи ҳам ортиб, кўксидаги алами кучая борарди. Алам кундан-кунга нафратга кўчар, нафрати эса унинг миясида бир-биридан ваҳший режаларни пайдо қилар, бу режалар эса қизни баъзида видеофильмларни хуфёна кўришга етакларди. Фильмларнинг фақат қотиллик ва қийноқлар тасвирланганини томоша қиларди. Шу орада ўзидан ўн ёш катта йигит билан танишди. Тўғрироғи, бу танишувни атайин ўзи уюштирди. Яхшигина спортчи бўлган Баҳром икки бора “ўтириб чиққан” эди. Икковида ҳам муштлашиб тушган. Биринчи марта икки йигитни уриб, бирининг қўлини , иккинчисининг қовурғасини синдирган. Қамоқдалигида хотини “юриб кетган”. Хуллас, азияти бир олам. Лекин азроилдан ҳам қўрқмайдиган важоҳатли бу йигит Умидага жуда маъқул келди. Энг эътиборлиси, жангари Баҳром заифларга зўравонлик қилувчиларни сира ёқтирмасди. Шу одати сабаб, икк марта қамалди. Бу феълини қамоқ ҳам йўқота олмади, аксинча, ҳаётиниг мазмунига айлантирди. -Ўзинг гўзалсан, шароитинг ҳам ёмонга ўхшамайди, - деди бир куни йигит Умидага, - лекин негадир кўпинча маъюс, ўйчан юрасан? Умида “Фанта” қуйилган бокални у ёқ-бу ёққа қийшайтириб, бироз жим қолди. Кейин: -Баҳром ака, менинг ичимда сичқон бор, - деди дабдурустдан, - ўша сичқон жигаримни кемириб ётибди. -Сичқон ичингга қандай кириб қолди? – қизиқди йигит. -Уни бир қора мушук қувиб киритган! -Сичқонни ҳайдаб чиқаришнинг иложи йўқми? -Бор! Бунинг учун ўша қора мушукнинг қонидан бир пиёла керак! Баҳром Умидага тикилиб қолди. Рўпарасида ўзи икки ойдан бери таниб-кўриб юрган ғамгин, камгап аёл эмас, балки бир вақтлар катта экранларда томоша қилгани – КЛЕОПАТРА ўтирар эди. -Бир пиёла қон оёғинг остига сочилиши ҳеч гап эмас, лекин қон тилашингнинг боисини билишим керак! -Ўн етти ёшли ҳимоясиз, ўз қишлоғидан нарини кўрмаган қизнинг ётоғига бостириб кирган, қўрқитиб зўрлаган, мақсадига етгач, уйланишга ваъдалар бериб, оқибатда эса бузуқликда айблаб, ноҳақ шапалоқ урган қора мушук нега жазосиз қолиши керак? Очиқроқ айтсам, ўнинчини битириб, ўқишга кириш учун Тошкентга бордим. Дадам раҳматли ижарага уй топдилар-да, мени жойлаштириб, анчагина пул бериб кетдилар. Уй эгаси ёлғиз аёл бўлиб, бевақт ўлган эри хотирасига унинг чироғини ўчирмай яшаб юрар экан. На қизининг, на синглисининг, на акасининг хонадонига кўчиб боришга кўнмас экан. Ўша аёл билан иккаламиз она-бола бўлиб яшай бошладик. Мен имтиҳонларга тайёрланар эдим, аёл ҳовлисида етиштирган кўкатларни боғлам-боғлам қилиб, эрмак учун бозорчага олиб чиқарди. Уй эгасининг армиядан келган жияни бўлиб, аёлга кўмаклашиш учун кунора келиб-кетиб юрарди. Иккинчи имтиҳон олдидан кун иссиқлик қилибми ё кечалари кўп ўқиганимданми, уйқу босиб, кўзим илинибди. Аёлнинг жияни – Аброр келганини ҳам пайқамабман. Фақат... Қисқаси, устимга тушган оғирликдан уйғониб кетдим. У қип-яланғоч эди. Бир қўли билан оғзимни беркитиб, иккинчи қўли билан томоғимдан бўғиб олди: -Ғиринг десанг, ўлдираман!.. Кейин ялиниб-ёлворди -Умида, мен сени биринчи кўришдаёқ севиб қолганман, сенсиз яшай олмайман. Имтиҳонларинг тугаши билан уйингга совчи юбориб, сенга уйланаман! Мен шармандаликдан чўчиб, ноилож дардимни ичимга ютдим. У ҳар куни келар, турли совғалар келтирарди. Бир куни никоҳ узуги кўтариб келди. Бармоғимга тақдим, лоппа-лойиқ эди. Имтиҳонлар охирлаб, сўнггиси қолганди. Бир кун олдин институтга боришим зарур бўлиб қолди. Аброр буни биларди, лекин келмади. Институтдан чиқиб, автобус бекати томон бораётгандим, бир оқ “Жигули” келиб тўхтади. Ҳайдовчи – ёшгина йигит: -Умидахон бўлсангиз керак, бир дақиқага тўхтанг, - деди. Уни танимасам ҳам тўхтадим. У машинасидан тушиб, мен билан қуюқ сўрашгач: -Умидахон, мени Аброр юборди, ўзи келолмаганлиги учун узр сўради. Мен унинг хизматдош дўстиман. Ҳозир сизни “Анҳор” кафесига олиб боришим керак. Совчи юбориш, тўй масаласида маслаҳатлашар экансизлар, - деди қўлини кўксига қўйиб. Мен иккиланиб қолдим. Шунда у яна: -Бўла қолинг, Умидахон, менинг вақтим ўлчовли, отам касалхонадалар. Сизни қўйиб, кейин касалхонага кетишим керак,- деди. Машинага ўтирдим. Айтилган жойга яқин ерда тўхтатиб: -Кўчанинг нариги томонига ўтасиз, зинадан тушсангиз бўлди, - деди ҳайдовчи. – Хўп хайр, бахтли бўлинглар! Мен кўрсатилган жойга тушиб бордим, лекин Аброр кўринмади. Ярим соат, бир соат кутдим, дарак бўлмади. Энг ёмони, ижара уйга қандай қилиб боришни билмасдим. Бундан ҳам ёмони, турар ерим жойлашган кўчанинг номинигина биламан, холос: “2-ая Набережная”. Бир-икки йўловчидан сўрасам, елка қисди. Биттаси эса, “Ўзингиз сув бўйида турибсиз-ку” деб калака қилди. Кейин ҳеч кимдан сўрамадим. Ҳозир ўзимга-ўзим айтаман: “Аҳмоқ, тўқимачилик институтини сўрасам бўлмасмиди?!” Хуллас, адашиб, ҳориб, оч қолиб, қоронғу туша бошлаганида уйни топиб келдим. Не кўз билан кўрайки, эшик олдида Аброр турарди. -Соат тўққиз бўлаяпти, қаерларда юрибсан? – деб сўради жаҳл аралаш. Нима дейишимни билмай, бақрайиб қолдим. -Институтингга бориб келдим. Сени таниганлар битта оқ “Жигули”да ёшгина йигит билан кетганингни айтишди. Кимнинг тагидан чиқиб келаяпсан, қанжиқ? Аброр шундай деб бир шапалоқ урди. Устига уй эгаси – аёл чиқиб қолди. Уч-тўртта қўшнилар ҳам. -Хола, кимни ижарага қўйгансиз ўзи, бунингиз ғирт ҳалиги-ку! – деди Аброр қўлини бигиз қилганча овозини баландлатиб, - сиз хавотир олиб, мени қўярда-қўймай институтга жўнатдингиз. Бу ифлос бўлса, оқ жигулида ёш йигитлар билан ўйнаб, худо билади, яна нима балолар қилиб юрибди! Мен тирик мурдага айланиб қолдим. Аввалига ўзимни ўлдирмоқчи бўлдим. Лекин негадир қўлим бормади... Бу кўргуликлар орқасидан отамдан айрилдим, туғилган еримдан шармандаларча кўчиб кетишга мажбур бўлдим! Шунақа гаплар, Баҳром ака! Баҳромнинг қўллари мушт бўлиб тугилган, кўзлари ғазабдан ёнарди. -Қаерда туради у мараз? Умида машинасининг калитини йигитга берди. Баҳром рул томонга, аёл унинг ёнига ўтирди. Машина Тошкент тарафга шамолдек елиб кетди... -Умида, - деди Баҳром қайтишда, - икки кундан кейин “қора мушук”ни кутиб оласан, келишдикми? Аёл мамнун эди. Айтилган кун кечга яқин Баҳром “қора мушук”ни олиб келди. Аброр беҳуш эди. Умида унга тикилиб турди ва ғазаб аралаш: -Аблаҳ, мараз! – деди бўғиқ овозда. -“Қора мушук” келтирилди, - деди Баҳром таниш ҳайдовчини жўнатиб юборгач, - энди бир иш қолди! Умида савол назари билан унга қаради. -Яъни буни ҳушига келтирамиз. Сен жим турасан, аввал мен гаплашаман, тушунарлими? Новшадил спиртининг кучи-ю, бир коса сув билан Аброр ўзига келди. Рўпарасидаги барзангини кўриб, довдираб қолди. -Бу аёлни танийсанми? – сўради Баҳром оёқларини чалиштирган кўйи. Аброр Умидага қаради-ю, илонга дуч келган бақадек безрайиб қолди. Гарданига тушган муштдан ўзига келгандек бўлди. -Сендан сўраяпман, танийсанми бу аёлни? -Ҳ-ҳ-ҳ-а, таний-йман, - деди Аброр дудуқланиб, титроқ овозда. -Қаердан танийсан? -Бу... Бу Умида, холамнинг уйларида ижарада турган. -Кейин-чи, кейин нима бўлган? Аброр жавоб ўрнига бошини қуйи эгди. Навбатдаги мушт ҳам бўйнига тушди. -Кейин нима бўлганини эслай олмаяпсанми? -Мен... Мен унга уйланмоқчи эдим, - деди йиғламсираб Аброр. -Демак, оқ “Жигули” эгаси ҳам танишинг бўлган, тўғрими? Сен узоқдан унга Умидани кўрсатгансан. Режа амалга ошиб, Умида машинага ўтиргач, қуённинг расмини чизгансан. Аслида ҳам худди шундай бўлганди. Аброр ўз пасткашлигини тан олди, лекин оқибатини ўйламади. -Умида, “қора мушук” сеники, ичингдаги сичқонни ҳайдаб чиқарадиган дорини пиёлага ўзинг тўлдириб оласанми ёки қарашиб юборайми? – сўради Баҳром аёлга тикилиб. -Ўзим! – жавоб қилди Умида эътирозга ўрин қолдирмайдиган кескин оҳангда. Баҳром “ҳар эҳтимолга қарши» деб Аброрнинг оёқларини ҳам боғлаб қўйгач, қўшни хонага ўтди. Лекин Умиданинг қандай жазо қўллашига қизиқиб, хона эшигини қиялатиб ёпди. Энди аёл ҳам, Аброр ҳам яққол кўриниб турарди. Умида олдиндан тайёрлаб қўйган нарсаларини сумкасидан чиқарди. Аввал клеёнка пешбандини тақди, тиббий резина қўлқопни кийгач, йигитнинг оғзини елим тасма – скоч билан ёпди, сўнг ҳафсала билан чархланган пичоқни қўл етар даражада полга қўйди. Кейин чаққонлик билан Аброрнинг шимини, шимга қўшиб трусигини ҳам тортқилаб тушира бошлади. Қўшни хонада ўтириб, эшик ойнаси орқали аёлнинг ҳаракатларини кузатиб турган Баҳром аввалига ҳеч нарсани тушуна олмади. Тушунганда эса... Умида Аброрнинг эрлик аъзосини кесиб ташлади. -Бу... сенга ҳайф! – деди аёл кесилган аъзони Аброрнинг шими чўнтагига тиқиб қўяётиб. Баҳром бундай бўлишини сира кутмаган эди. Уч-тўрт сония карахтланиб қолди. Кейин: -Алами жонидан ўтиб кетган экан-да, бечоранинг, - деди ўзига-ўзи овоз чиқариб. “ЖИНОЯТ ИШИ” ЖАРДАН топилган мурдани кўздан кечирган прокуратура ходими зудлик билан марҳумнинг шахсини аниқлаш, ваҳшиёна қотиллик юзасидан суриштирув ишларини бошлаш ҳақида кўрсатма берди. Зарур бўлса, қўшни туманлардан тажрибали изқуварларни чақиртириш алоҳида уқтирилди. Прокурор розилигини олган тезкор ходим ўша куниёқ Тошкентга келиб, телевидениеда чиқиш қилди. Марҳумнинг сурати кўрсатилиб, кийган кийимлари тасвирлаб берилди. Орадан бир соат ўтар-ўтмас марҳумнинг шахси аниқланди. Тезкор ходим унинг яқинларидан икки киши – хотини ва холаси билан Олмалиққа қайтди. -Ишнинг бошланиши ёмон эмас, лекин...- бироз жим қолди прокурор ёрдамчиси, - лекин яқинларининг берган маълумотига кўра, ўлдирилган шахс умрида бу тарафларга келган эмас ва бу ерларнинг отини ҳам айтган эмас. Яна Тошкентга боришга тўғри келади. Аброр кеча кундузи соат 13ларда уйидан чиқиб кетган. Хўш, шундан кейин уни яна ким кўрган? Шу саволга жавоб топсак, иш олға силжийди. Марҳум билан боғлиқ расмиятчиликлар тугагунча унинг хотини ҳам, холаси ҳам бир кун Олмалиқда қолишди. Устига-устак, эрининг жасадини кўргач, келинчак беҳолланиб, ҳам ғамдан, ҳам қўрқувдан ҳушини йўқотганди. Яхшики, кўпни кўрган холаси бирга экан. Расмиятчиликлар тугагунча келинини касалхонага ётқизишга тўғри келди. Айнан шу бир кун – 24 соат кўп нарсани ҳал қилди. Прокурор ёрдамчиси қотилни излашни, аввало, Олмалиқдан бошлаш режасини тузиб чиқди. “Тошкентнинг ўзида ҳам хилват жойлар етарли, демак, марҳум бу ерга келганида ё олиб келинганида тирик бўлган. Унинг ўзи осмондан тушиб қолмаган. Тошкентдан шу йўналиш бўйича қатновчи автобусларни ҳам суриштириш бошланди. Натижани кутиб ўтирмай, ҳаракат қилиш керак!” Прокурор ёрдамчиси қоронғу туша бошлагач, касалхонага йўл олди. Марҳумнинг холасини чақирди: -Холажон, ҳозир сиз билан икки-учта жойга бориб келсак. Тўғриси, у жойларга яхши ҳам, ёмон ҳам йиғилади. Балки уларнинг орасида бирорта таниш одамни учратиб қоларсиз. Хола индамайгина бош ирғаб, палатага кириб кетди. Келинининг аҳволи анча дуруст, тинчлантирувчи уколдан кейин ухлаб қолганди. Келиндан кўнгли тинчиб, ўрнига навбатчи ҳамширани қолдириб, прокурор ёрдамчисига эргашди. Ташқарида кутиб турган «Волга”га ўтиришиб, биринчи манзил – сув устида жойлашган чойхонага бордилар. Ярим соатча чой ичиб ўтирган бўлишди. Кейин кўпчиликни ўзига “боғлаб олган” видеобарга жўнадилар. -Хола, бирор таниш одамни кўриб қолсангиз, иложи борича унга танилмай, мени хабардор қилинг, - дея яна такрорлади касалхонадан чиқишда айтган гапини. Видеобарда одам сийрак эди. “Қотиллик юз берганини эшитиб, кўпчилик собиқ жиноятчи-ю бекорчилар уйидан чиқмаганга ўхшайди бугун” – хаёлидан ўтказди прокурор ёрдамчиси. Видеобарнинг кириш йўлагидан ичкарини бемалол кўриш мумкин эди. Хола залда ўтирганларни бир-бир кўздан кечирди. Кейин боши билан “йўқ” ишорасини билдирди. Ёши ўтган, яна рўмоллик аёлнинг бу ерда туриши одамлар эътиборини тортиши аниқлигини ҳисобга олган прокурор ёрдамчиси холани кўчага бошлади. Машинанинг орқа ўриндиғидан келувчиларни кузатишда давом этишди. Бир соатга яқин пойлашди. Шу вақт ичида икки киши кириб, бир киши чиқди, холос. Хола келинини эслаб, бетоқатлана бошлагач, касалхонага қайтмоқчи бўлишди. Шу орада мусиқали огоҳтовушни қисқагина чалганча бир енгил машина келиб тўхтади. Ундан икк киши – аёл ва барваста йигит тушди. -Безориларнинг каттаси келди, - кулиб имо қилди “Волга” ҳайдовчиси. Хаёли келинида бўлиб ўтирган хола ҳайдовчининг гапи билан беихтиёр ўша тарафга кўз ташлади. Бир аёл ва эркак видеобар эшигидан кириб кетганини кўрди. Аёлнинг ортидан қараб туриб, хаёли яна касалхонадаги келинига кетди. Касалхонага етиб келишгач, прокурор ёрдамчиси узр сўради: -Хафа бўлмайсиз, хола, ишимиз шунақа, сизни ҳам уринтириб қўйдим. Бирор ёрдам зарур бўлса, сира тортинмасдан қўнғироқ қилаверинг, - дея телефон рақами ёзилган қоғозни узатди. Хола индамай бош ирғаганча келини ётган палата томон юрди. Келин ҳамон укол таъсиридан ухларди. Тонгга яқин холани уйқу элитди. Шу орада келин уйғониб қолди. Қўлларига таяниб, гавдасини кўтарди ва ўтириб олди. Бироз ўтгач каравотдан тушиб, эшик томон қадам қўйди. Хола дарҳол унинг қўлтиғидан тутди. -Қўяверинг, холажон, - деди синиқ овозда келин, - мен ўзим... Шу вақт навбатчи ҳамшира кириб келди. Беморнинг билагидан енгилгина тутиб, бирга чиқа бошлади. Келининг ортидан тикилиб қолган хола ҳорғин хаёлга чўмди: “Бояқиш, бир кунда чўкиб қолди-я, қандай қомати бор эди. Худди...” Шундай хаёл билан келинни қиёслашга беихтиёр кечқурун ортидан бир зумгина кўрган аёлини эслади: “Худди ўшандай бўйдор, адл юрарди. Ҳаммадан ҳам синглимга қийин бўлди. Абрордан айрилди, эндигина чилласи чиққан келинчакнинг аҳволи бу! Сингилгинамнинг дарди ўзига етмасмиди... Бу кўргуликлар уни тўшакка бутунлай михлаб ташламаса яхши”. Холанинг кўзларидан ёш оқарди. Шу орада прокурор ёрдамчиси кириб келди. Салом-аликдан сўнг холани врач хонасига бошлади. Хонага киришгач, қўлидаги дипломатни стол устига қўйди. -Холажон, яна сизни безовта қилганим учун узр, лекин ишимиз шунақа, - деди мулойим оҳангда. Кейин дипломатни очиб, альбом ва бир даста сурат олди. -Шу суратларга ҳам бир қараб чиқсангиз. Хола хаёлини бир жойга тўплаб, суратларни кўздан кечира бошлади. Айримларига узоқ тикилиб қолар, кейин “йўқ” ишорасини қилиб, бошини чайқаб қўяр эди. Баҳромнинг суратига ҳам шундай узоқ разм солди, кейин столга ташлади. -Буни кеча кечқурун кўрдингиз, хола, видеобарга кириб кетаётганида, - деб изоҳ берди прокурор ёрдамчиси. Хола чамаси эслагандек бироз сукутга толди. -Ёнида аёл ҳам бор эди-я? – сўради ҳазин овозда. -Тўғри, хотирангизга қойил, хола! – деди прокурор ёрдамчиси, - эслаб кўринг, балки Аброрнинг танишларидан чиқар. Исми Баҳром. Хола суратни қўлига олиб, яна синчиклаб тикилиди. -Йўқ, жиянимнинг катта ёшдаги ошнаси йўқ, фақат маҳалладагиларни айтмаса, - дея жавоб қилди. Кейин негадир суратдаги одам билан бирга келган аёлни эслади, - тўғри, мен икковиниям орқасидан кўрдим. Эр-хотин бўлишса керак... Прокурор ёрдамчиси бош чайқади: -Йўқ, хола, биздаги маълумотларга кўра йигит оиласиз, ёнидагиси кимлигини эса ўзим ҳам билмайман. Марҳумни ПАЗ автобусига юклаб, икки нафар милиционер ҳамроҳлигида Тошкентга жўнатишди. Хола эса, бева келини билан «Волга”да кетишди. Уларни кузатгач, прокурор ёрдамчиси хонасига қайтиб келиб, бир нуқтага тикилганича ўйланиб қолди: «Автобусларни текширишдан фойда чиқмаяпти ҳозирча. Тошкентга кетган тезкор ходимнинг ҳам иши натижа бермай турибди. Хўш, нима қилиш керак? Гумондор тарзида келтирилган беш киши ҳам…Баҳром безори, муштумзўр, жанжални пулга сотиб олади. Лекин қотилликка келсак… Агар одам ўлдирса ҳам уриб ўлдирар-у, бунақа усулни қўлламас... Кейинги пайтда анча юввош бўлиб қолгандек, балки ёнидаги аёлнинг таъсиридандир. Жуда чиройли экан топгани, холанинг кўрмаганини-чи! Ким экан бу ёш гўзал?” Прокурор ёрдамчиси ўйловни тўхтатиб, олдидаги оқ қоғозга «Бу аёлнинг кимлиги аниқлансин!!!” деб ёзди-ю, ишга киришди. Аввал ГАИга сим қоқди, тез орада Баҳром ва нотаниш аёл миниб келган машина эгасига тегишли барча маълумотларни тўплади. Аёлнинг суратини ҳам топтирди. Навбатдаги топшириқ аниқ бўлди: ”Умида Тошкентда бўлганми? Унга тегишли машина Тошкент-Олмалиқ йўналишидаги бирор постда қайд этилганми?” Прокурор ёрдамчиси тўғри йўлдан бораётганлигини ички бир сезги билан идрок этарди. Ниҳоят, зарур маълумотлар тўпланди. Гапнинг очиғи, бундай бўлишини унинг ўзи ҳам кутмаган эди. Прокурор ҳузурида навбатдаги йиғилишда тўпланган маълумотларни баён қилди: -Умида Р., 20 ёшда, бир йил олдин Фарғонадан кўчиб келган. Онаси билан яшайди. Водийлик ҳамкасблар берган маълумотларга кўра, мактабни тугатиб, Тошкентга борган, ўқишга киролмай қайтган… Тошкент шаҳри ва вилояти оралиғидаги ГАИ постларидан иккитасида айнан унга тегишли машина бундан беш кун аввал ҳужжат текшириш учун тўхтатилганлигини ходимлар тасдиқлашди. -Жуда соз, - деди прокурор, - билишимча, йўналишни тўғри олаётгандекмиз. Навбатдаги режа қандай? -Умиданинг суратини марҳумнмнг яқинларига кўрсатиш керак. Шундан кейин буёғи аниқ бўлади. -Тўғри фикр,-қувватлади прокурор,- Тошкентга кимни юборамиз, терговчиними? -Рухсат берсангиз, ўзим бориб келсам,- илтимос қилди ёрдамчи. Тушликка яқин холанинг уйига келди. Аёл синглисининг уйида эди, ўша ёққа борди. Ҳассакашлар билан сўрашиб, кейин холага учради. Безовта қилгани учун узр айтиб, холироқ ерга ўтишгач, мақсадга кўчди: -Хола, ўша кунги эркак ва аёл ёдингиздадир, уларни фақат орқа томондан кўрганлигингизни айтгандингиз. Мана бу суратга қаранг-чи! Прокурор ёрдамчиси шундай деб, Умиданинг суратини узатди. Хола ўйлаб ҳам ўтирмади. -Бу Умида, 2-3 йил олдин менинг уйимда ижарага туриб, ўқишга киролмай, қайтиб кетганди,-деди суратдан кўзини узмай. -Жиянингиз ҳам танирмиди буни? -Нега танимасин, синглисидек кўриб, “сен”сираб гапирарди. -Айтинг-чи, улар орасида бирор нохуш воқеа, масалан, жанжалга ўхшаш ҳодиса бўлмаганми? Хола анча ўйланиб қолди, кейин Умиданинг қандайдир оқ машинада ёш йигит билан кетгани-ю, кеч келганлиги учун Аброр уни койиганлигини сўзлаб берди. Прокурор ёрдамчиси қайтишда йўл бўйи ўйлаб келди: “Холанинг айтиб берган воқеаси Умиданинг қотилликка қўл уришига сабаб бўла олмайди. Лекин Олмалиқда марҳумни таниган якка-ю ягона одам ҳозирча Умида! Гумондор шахс дейиш мумкин!” Ишхонага келибоқ, тўғри прокурор ҳузурига кирди. Қисқа маълумотни эшитган прокурор қўшимча қилди: -Умида Р. Ўқишга кира олмай, қишлоғига қайтган, кейин тўйи бўлган. Бокира чиқмагач, шармандаларча ҳайдалган, отаси ўзини-ўзи осиб қўйган. Энди бор маълумотлардан хулоса чиқаринг ва аёлни чақиртиринг. Марҳумнинг суратини кўрсатинг, бу ёғини кейин маслаҳатлашамиз. Ҳа, айтгандек, бирор сабаб топиб, Баҳромни ҳибсга олдиринг. Лекин ҳибсга олиш чоғида аёл бўлмаслиги керак. Баҳромнинг қамаб қўйилганини шу ерга келиб билсин, бироқ сабаби мавҳум қолсин, тушунарлими? Прокурор ёрдамчиси ҳаммасини, яъни қандай йўл тутиш кераклигини нафақат тушунди, балки ҳисоблаб чиқди ҳам. Фақат бир нарсани ҳисобга олмаган эди... Умида шафқатсизларча қасос олди. Аммо бу ишидан заррача афсусланмади. Аксинча, енгил тортиб, юраги яйради. (давоми бор...) * * * Дилмурод САЙЙИД
|