Мирзоулуғ Темиров Тўлқин Қараевга! Ассалому алайкум Тўлқин ака. Менинг “Тилидан тутилган тўти” деган мақоламга жавоб ёзибсизу ундаги асосий гапларни худди кўрмагандек ўтиб кетибсиз. Мен ёки бошқалар сиз даво қилаётган каби Пўлкан оиласини МХХ билан ҳамкорликда айблаганимиз йўқ. Сиз яна бир марта ўқиб олишингиз учун такрор мисол келтираман. Мана Саодат Пўлканованинг ўзи айтиб қўйган гапи. “Шу сабабли у ўз кучи билан, ҳеч кимнинг ёрдамисиз Ўзбекистон Миллий Хавфсизлик Институтига ўқишга кирди. Беш йиллик ўқишдан сўнг у тақдир тақозаси билан отам заҳарланган жойга, Сирдарё вилояти, Гулистон шаҳрига ишга юборилди. Лекин Амирқул Пўлкан қотилини топишга улгурмади, орадан кўп вақт ўтмай у 2006 йилнинг кузида ўз вазифасидан озод этилди.” (СП). “Сен шу ватан ва шу халқ учун имкониятинг қадар сидқидилдан хизмат қилдинг, лекин хизматларинг муносиб қадрланмади” (СП). Мен шу гапга жавобан қадрсиз бўлиб қолганингиз йўқ деган иддаони айтдим. Мана Исёнкорда ёзиб турибди Самарқандда тўртта Пўлканга ҳайкал қўйилган деб. КГБ ўзига қарши курашганларга ҳайкал қўйса унда КГБ демократ ташкилотдир демоқчимисиз? Сиз асосий масала қолиб мен ёзган икки рақам атрофида гапирибсиз. Лекин рад этмаяпсиз. Компютер олинганми олинган экан. Пулини ҳам тўғри ёзибманми тўғри ёзибман. Битта уйда турардингизлар, балки унинг эмас сизнинг номингизга расмийлаштирилган бўлиши мумкин. Шу жойида хато мендан ўтибди. Франциядан олинган пул ҳам бор масала экан. У пулни қайси мақсадларда ишлатгани ҳам Саодат опангизни ва сизни виждонингизга ҳавола. Лекин мени қизиқтиргани сиз ҳам доим ёнида ва уйидан чиқмаган ҳолда нега унинг қайнукаси Мақсуд( уни бизга Нуриддин деб таништирганди) МХХда ишлашини ҳатто бизга ҳам айтмадингиз. Ахир Толиб аканинг Қашқадарёдаги вакили эдингиз ва Юсуф Расулов ҳар куни Толиб аканинг уйига келарди. Нега бизни ташкилотимиз энг кўп қувғинга учрагани мени бугун уйлантирб қўймоқда. Тўлқин ака мени ноъмалум шахс деб атабсиз. Юсуф Расулов учун номаълум бўлиб қолишни истайман. Ҳуснидидин Қутбиддонов ва Маматовнинг қариндошлари дейилган одамлар каби нишонга қўйилишим мумкин. Ҳали қариндошларим ватанда. Сизга ўзимни танитай. Бир куни Ўзбекистондан ҳукуматдаги қанақадир одам билан телефонда гаплашаётган эдингиз. Гапингиздан у томондагилар жиддий идорадан эканлигини билиб қолдим. Кейин сизга “Ҳа ака ҳалиям ўшалар билан биргамисиз” дедим. “Озгина ишим қолган, шуни битирай, кейин уларнинг юзига тупураман” деган эдингиз. Мен ўшанда сизни самимий тушунгандим. Сиздан илтимосим, мен ёзган мақолага жавоб берганда умумлаштириб ҳаммани ҳақорат қилманг. Сизни Абдураҳим Пўлатов Қоратўлқин деб ёзганда мен унга хат ёзиб сизни ҳимоя қилгандим. Аммо яқинда фақат Муҳаммад Солиҳ бутун Ўзбек мухолифатининг лидери деб хат тарқатганингиздан кейин сиздан ихлосим қайтди. Чунки сиз ҳам мухолифатни пароканда қилиш тарафдори, оловга керосин сепувчи деб тушундим.