Абдул Ҳамид, Қарши, “Туронзамин” шарҳловчиси Россиянинг машҳур сатирик ёзувчиси, яна ҳам аниқроғи публицист ёзувчиси Михаил Задорновнинг Американинг айрим штатларида мавжуд таъқиқлар ва ёки аксинча, жорий этилган қоидалар юзасидан ичак узди хангомалари назаримда ҳаммага таниш. Аслида Задорнов тилга олган ана шу ғайриоддий таъқиқлар бирор америкалик учун қандайдир муаммо ёки жиддий ташвиш туғдирмайди, шунчаки вақтида шу қоидаларга эҳтиёж сезилгани боис улар бор, холос. Аммо Америкадан фарқли шундай мамлакатлар борки, у ерда мумкин бўлган нарсанинг ўзи минглаб одамлар учун ҳам муаммо, ҳам жиддий ташвиш туғдириб келмоқда. Афсуски, Ўзбекистон ана шундай давлатлардан бири ҳисобланади. Бугун мана шу мулоқотимиз давомида тилга олмоқчи бўлганим ана шу “мумкин”лар аслида жуда кўпчилик ўзбекистонликлар учун кундалик юмушлари пайтида дуч келаверганлари сабаб яхши таниш бўлиб қолган. Фақат биз уларга тамоман кўникиб улгурганимиз учун аҳамият бермаймиз, холос. Аслида эса, ишонинг, аҳамият бериш керак. Ниманидир ўзгартириш учун эмас, афсуски на сизда, на менда бундай имконият бор. Шунчаки, билиб қўйиш керак, асқотиб қолиши мумкинда… Намуналаримизни энг теппадан бошласак ва секин тартиб билан пастга тушаверсак, маъқулми? Унда бошладик, бисмиллаҳ… Президентга нима “мумкин”? Аслида гап тагидаги маънони англамаган инсон, президентга нима мумкин деган саволга жавоб топиш учун шартта шўрлик Конституцияни варақлашга тушиши мумкин. Тўғри, Ўзбекистонда бундай соддалар деярли қолмади, аммо ҳар қалай учраб қолиши мумкинда. Ҳай майли, демак президентимизга “мумкин” бўлган қандай ёзилмаган имкониятлар мавжуд? Энг аввало президентга, унинг ёнида тунни кунга улагувчилар учун яхши таниш бўлгани, сўкиниш мумкин. Бирор енгилроқ, аммо тегса яхшигина шикаст етказиши мумкин бўлган буюмларни улоқтириш мумкин, кимгадир фойдаси бор ёки йўқлигини ўйламасдан қарорлар чиқариш ва биринчи бўлиб шу қарорларга амал қилмаслик мумкин, ҳамма учун, ҳамма нарсани чеклаш мумкин. Аввал бир сўз айтиб, сўнгра ундан шартта қайтиш мумкин, Конституцияни менсимаслик мумкин, белгиланган муддатни тан олмаслик мумкин, кимдир бу борада эътироз билдирса овозини ўчириб қўйиш мумкин, бутун бошли халқни ҳақоратлаш мумкин (масалан “ҳамманг менинг фарзандимсан” деб)… Э-э, санасангиз адоғига етмайсиз, мумкиндан кўра мумкинмасни топиш осонроқ. Аммо бу масала бугунги мавзуга даҳлдор бўлмагани боис, унга тўхтала олмаймиз… Яъни, жанобимизга ҳамма нарса мумкин… Энг даҳшати, ул кишига ПРЕЗИДЕНТ бўлиш МУМКИН!!! Бош вазирга нима “мумкин”? Бош вазирга мумкин бўлган нарсалар ҳам анчагина. Кўпчилик буни билмас, аммо Бош вазиримизга президентнинг гапларини илиб қўйиш мумкин, мамлакатнинг ҳеч қайси қонунларида назарда тутилмаган масалаларни бажартириш мумкин, худди президент каби сўкиниш, одамларни уриш, яхшилаб уриш, жуда ҳам яхшилаб уриш мумкин, телва-тескари қарорлар чиқариш мумкин (одатда бундай қарорлар оғзаки характерга эга бўлади)… Хуллас бу зотга ҳам кўп нарсалар мумкин. Ҳатто мумкин бўлмаган (қонун бўйича) нарсаларни мумкин қилиш ҳам мумкин. Энг ажабланарлиси, бу зотга ҳам Бош вазир бўлиш МУМКИН!!! Вазирларга нима “мумкин”? Вазирларга ҳар қандай масалани эътиборсиз қолдириш мумкин, одамлар манфаатига мутлақо зид келувчи тартиблар ишлаб чиқиш мумкин, бироз муддат ўша тартиблардан фойдаланиб олгач, бемалол уларни бекор қилиб юбориш мумкин. Конституцияда белгиланган ҳар қандай асосий қоидани (ўша вазирликларга тегишлиларини, албатта) қонун ости ақтлари аталмиш ноқонуний йўриқномалар билан бемалол четлаб ўтиш мумкин, бор нарсага кўзни юмиб, йўқ нарсалар ҳақда баёнотлар тарқатиш мумкин, халқдан а-а-а-анча узоқда бўла туриб унинг номидан хулосалар чиқариш мумкин, истаган сармоядордан аввало шахсий манфаат борасидаги келишувга имзо талаб қилиш мумкин, яъни шахсий манфаатни халқ манфаатидан устун қўйиш мумкин, ва энг даҳшати, яқинда бир ишончли манбадан эшитиб қолдим, қонунан таъқиқлаб қўйилган жинсий яқинлик ҳам эҳҳе ниҳоятда мумкин экан… просто эшитиб анқайиб қолдим… Судьяларга нима “мумкин”? Умуман олганда билишимча, судьяларимизга ҳам кўп нарсалар мумкин. Масалан ишни бафуржа ўрганмаслик мумкин, қонунларни ёддан билмаслик мумкин, кимдир айбланиб судга тортилдими тамом, шубҳасиз айбдор деб билиш мумкин, айбдор деб билганлари ҳолда орқаваротдан айбдорнинг яқинлари билан бироз савдо қилиб кўриш мумкин, кўраётган ишини аввал танишиб чиқмасданоқ маҳкамани бошлаб юбориш, уни эътиборсиз тарзда олиб бориш ва ниҳоят шартта ҳукм чиқариб юбориш мумкин, суд пайтида тирноқ тозалаб, тиш кавлаб, қулоқ қашиб, сомса еб, нос чекиб, бурун кавлаб, олдига қўйилган қоғозга қариндошларидан кимнингдир сувратини чизиб ўтириш мумкин. Энг даҳшати эса, маҳкамани бошламай туриб якуний ҳукм чиқариб юбориш, судланувчи иштирокисиз ҳам маҳкама ўтказавериш, уйидан суд залига келмаган ҳолда, телефон орқали ҳам маҳкама ўтказиб қўяқолиш ва ниҳоят жиддий ишларни ҳам бир соат ичида кўриб чиқиш мумкин… Даҳшатдан ҳам даҳшати, шундай бўлишига қарамай узоқ йиллар судья бўлиб қолиш МУМКИН!!! Прокурорларга нима “мумкин”? О-о, бу касб эгаларига ҳам деярли ҳамма нарса мумкин. Мумкинлик масаласида бу касб эгалари на вазирлардан, ҳатто Бош вазирдан, борингки президентдан қолишмайди. Бўрттириш эмас бу, ишонинг, чиндан шундай. Масалан, прокурорларга ҳатто судгача айбланувчи масаласида ҳукм чиқариб қўйиш мумкин, ҳар бир вазирлик, судьялар, ва ҳоказоларнинг ноқонуний ҳаракатларини қонунийлаштириб бериш мумкин, судда босим ўтказиш мумкин, истаган ошхонасида текинга овқатланиш мумкин, қонунан ман қилинган ишратхоналардан фойда олиш мумкин, хуллас кўп нарса мумкин… Энг алам қилгани мутлақо фойдасиз бўлишларига қарамай прокурор бўлишлари МУМКИН!!! Милиция ходимларига нима “мумкин”? Ортиқча гап сўзсиз шартта санашга кришсам, ҳеч бир асоссиз ҳибсга олиш, ушлаб туриш, нафсониятингизга тегиш, ўлдириб юбориш, номусингизга тегиш, чўнтагингиздагини тортиб олиш, тинтув ўтказиш, томорқангизни буздириш, ошхоналарда текинга овқатланиш, бозорларда савдогарлардан ҳақ олиш, фоҳишалар савдосини олиб бориш (халқона айтганда қўшмачилик қилиш) ва айни жараён бошланар пайт бостириб кириб “шантаж” қилиш, одамлар савдоси билан шуғулланиш, мардикор ишлатиш, бошпанасиз қолган аёллар, ёш қизлар, мутлақо гўдаклардан жинсий эҳтиёжини қондириш учун фойдаланиш, фуқароларнинг ҳуқуқларини менсимаслик ва ҳоказо ҳаракатларни содир этиш 250 фойиз мумкин. Мумкин эмас дегувчилар учраса, шартта овозини ўчириб қўйиш ҳам мумкин. Тақдирнинг шумлигини қарангки, мана шу келтириб ўтганларим ҳамма нарсаларни бемалол бажара туриб МИЛИЦИЯ ходими бўлиб қолишлари ҳам бемалол МУМКИН!!! Солиқчиларга нима “мумкин”? Солиқ идораси ходимларига ҳам кўп нарсалар мумкин, айниқса сўнгги пайтлари ана шу “мумкин”нинг чегараси кўринмай қолди. Ҳатто кўчаларда тиланчилик қилувчилардан ҳам бугун солиқ мидораси ходими бемалол солиқ талаб қилиши мумкин. Хўш санашни бошладигми? Бугун Ўзбекистонда баклажка (ҳўв опамизга тегишли ичимликлар қуйилиб сотиладиган пластмасса идиш) териб юрувчилар, бутилка йиғиб юрувчилар, аҳлатхоналардан кортон қоғозлар, эски латта-путталар йиғиб қаерларгадир топширувчилар кўпайган, солиқ идоралари ходимлари уларнинг ҳеч бирини қаровсиз қолдирмаяпти, зеро эмишки ана шу усулда ҳам халқ орасида “янги” бойлар пайдо бўла бошлаган. Ўзга юртда мардикорчилик қилиб пул жўнатаётганларнинг ўша пулидан ҳам солиқ олиняпти. Бундан ташқари солиқчига ўз даромади ҳақида ҳисобот бермаслик, катталарнинг, ка-а-а-тта фарзандларини солиққа тортмаслик, сигирингиз тўсатдан болалаб қўйса ҳам солиқ сўраб боришлик мумкин. Бугун ҳатто чет элга чиқиб кетган қариндошингиз учун сиздан солиқ талаб қилиши ҳам мумкин… Шифокорларга нима “мумкин”? Пул узатмагунингизча туғиш арафасидаги аёлингизга эътибор бермаслик, болалар ўлими масаласини яширишлик, Андижонда бўлгани каби шартта беморга аллақандай вирус ва ҳатто чақалоқларга ВИЧ инфекцияларини юқтириб қўйиш, дастлабки текширувсиз шартта операция қилиб юбориш, адашган бўлса жавобгарликка тортилмаслик, шифохонадаги ҳар бир жиҳоз, ускуна, тиббий мослама, дори-дармон ва ҳатто қон босимингиз ҳақида аниқроқ маълумот бериш учун пул талаб қилиш, эшиги тагида касаллар терилиб турганига қарамай тушликка чиқиб кетиш, гигиена деган масалани илиб қўйиш, касални обдон сарсон қилиш ва ҳоказолар мумкин. Бугун шифокорларга ҳатто махсус уюштирилган ҳужумдан сўнг оғир ҳолда шифохонага келтирилган беморни талабларга биноан нотўғри ташхис билан шифохонадан қувиб чиқариш, соппа-соғ инсонни руҳий хаста деб хулоса чиқариш ва ана шу хулосага биноан даволаш мумкин. Оммавий ахборот воситаларига нима “мумкин”? Ҳайрон бўлманг, ўзбекистон ОАВларига ҳам мумкин бўлган нарсалар жуда кўп. Биз одатда улар учун мумкин бўлмаган нарсалар ҳақида гапирамизу, аммо ана шу мумкин бўлган ҳолатларни унутиб қолдирамиз. Вахоланки бундай ҳолатлар ҳам анчагина. Масалан ўзбек ОАВсига мамлакат ичидаги асл вазиятни ёритмаслик мумкин, нашрлардаги холислик масаласига эътибор қаратмаслик мумкин, янги хожатхона очилиши муносабати билан тайёрланган мақолага ҳам президент сўзларини илова қилиш мумкин, у ёки бу давлатда ўтган бирор муҳим учрашув юзасидан бўрттирилган маълумот тарқатиш мумкин, истаган соҳага бурун тиқиши мумкин, энг муҳими бу “мумкин” катталарнинг “мумкини” билан кесишиб қолмаса бўлгани. Ҳукумат томонидан эътироз билдирилмайдиган истаган мавзуни ёритиши мумкин, истаган инсоннинг энг ички кийими ҳақида эсселар эълон қилиши мумкин, бўлмаган нарсани бўлди дейиши мумкин, хуллас обдон бошингизни оғритиб, қайтиб ўша ОАВни варақламайдиган, кўрмайдиган, эшитмайдиган қилиши ҳам МУМКИН!!! Журналистларга нима “мумкин”? Ўзбекистон журналистларига мумкин бўлган энг муҳим нарса, бу ўша журналист бўлишлик. Бу мамлакатда етмишни қоралаб қўйган инсон ҳам бемалол бирор газетага энг катта журналист бўлиб келиши, ошпазлик курсларини битиргач, айтайлик “Халқ сўзи” газетасида етакчи мухбир бўлиши, журналистлик гувоҳномаси билан бирор ташкилот, муассаса, фермерлик хўжалиги, ишлаб чиқариш корхонаси, хусусий уюшмалар ва ҳоказоларда тафтиш ўтказиш пўписаси билан нимадир ундириши мумкин. Умуман Ўзбекистонда журналист учун ёзиш, тасвирга олиш, намойиш этиш, эшиттириш ва шу каби профессионал амалиётдан ташқари истаган иши билан шуғулланиш мумкин. Ҳокимларга нима “мумкин”? Ҳокимларга ҳам худди Бош вазир ва президентдек истаган нарса мумкин, фақат ўзлари ҳокимлик қилаётган ҳудуд чегарасидан чиқиб кетмаса бас. Бордию чиқиб кетса, шу пайтгача қулаган жамики ҳокимлар сингари ўйиндан чиқиб қолиши мумкин. Агар чегарадан чиқмаса, у ҳолда истаганича ҳокимлик қилиши мумкин, истаган ишини қилиши мумкин, тортиб олиши, қувиб чиқариши, кўчиртириб юбориши, буздириши, таҳдид қилиши, уриши, истаган хонадон аҳлини хонавайрон қилиши мумкин. Хоҳласа ўзини ўз бошқараётгани ҳудудда “президент”, “амир”, “хон”, деб аташи ҳам мумкин. Катталарнинг арзандаларига нима “мумкин”! Бу абзацга фақат битта нарса ёзилади у ҳам бўлса МУМКИН!!! Оддий халққа нима “мумкин”? Ҳеч нарсага эришмаслик, ҳеч нарсага интилмаслик, ҳеч нарсалик бўлмаслик, ҳеч нарса гапирмаслик, ҳеч нарса киймаслик, ҳеч нарса қилмаслик, ҳеч нарса ҳақида ўйламаслик, фикрламаслик, умид қилмаслик, орзу қилмаслик, туш кўрмаслик, кўрмаслик, эшитмаслик, гапирмаслик ва ниҳоят мастлик мумкин! Сайт ўқувчиларидан истаганига эса, мен унутиб қолдирган бошқа қўшимчаларни киритиб, мавзуни давом эттириш МУМКИН, шунисига ҳам ШУКУР!
|