Ризобек Суббота, 2025-06-21, 09.29.22
Приветствую Вас Гость | RSS
Главная | | Регистрация | Вход
Меню сайта
    Статистика

    Онлайн всего: 1
    Гостей: 1
    Пользователей: 0
    Форма входа
    Главная » 2007 » Июнь » 12 » Жасоратингиз сўнмасин!
    21.44.34
    Жасоратингиз сўнмасин!
    Жасоратингиз сўнмасин!
    Ёшларнинг вакили Ғайрат Мирзонинг саволларига таниқли адиб Ризо ОБИДнинг жавоблари

    -Ризо Обид жаноблари. Мен сизни ҳар кунлик воқеаларга муносабатларингиз, шеърларингиз ва бошқа асарларингиз орқали танидим. Менинг назаримда сиз бугунги ўзбек журналистикасида энг етакчи журналистлардан бирисиз. Шунинг учун биз ёшлар сиз ҳақингизда кўпроқ билишни истаймиз. Ижод йўлингиз ҳақида бироз гапириб бероласизми?
    -Аввало эътиборингиз учун раҳмат. Ижод йўлим ҳақида узундан-узоқ ҳикоя қилишим мумкин. Лекин бу ҳақда гапириб, ўқувчиларнинг қимматли вақтларини олгим йўқ эди. Модомики бу савол ўртага чиқар экан, мухтасар жавоб айтай.
    10 ёшимдан буён шеърий машқларим ҳамда бошқа жанрларда ёзганларим турли нашрларда эълон қилиб келинмоқда. Ўзбекистон мустақиллигидан кейинги давр бундан мустасно. Чунки бу даврда мухолифатда, “Бирлик”да бўлганман.
    1990 йиллар бошида “Бирлик”нинг “Истиқлол” деган газетасида ишлаганман. Унгача “Муштум”нинг Наманган вилоятидаги мухбири бўлганимда Бош прокурорнинг ўта муҳим ишлар бўйича ўринбосари Борис Свидерский “Ҳақиқат йўли узун…” деб ёзган фелъетоним учун 15 бетли “Куда ведет дорога Ризо Обидов” номли раддия ёзиб ва мени қамаш талаби билан чиққан. Ўшанда мен Тошкентда эмасдим. Бу ҳақда менга қўнғироқ қилиб айтишганди. Ҳушёр бўл, деб. Мен бирмунча муддат яшириниб юрганман. Кейин “Муштум” ҳам тазйиқларга йўлиқди. Кейин Қулман Очил, ҳозир ҳам бор, “Оила ва жамият” газетини ташкил қилганда “Муштум”даги бир нечта ёшлар шу газетага ишга ўтганмиз. Лекин у жойда ҳам менинг танқидларим туфайли газета ёпиладиган бўлганда Қулман Очилнинг илтимоси билан ўз аризамга кўра ишдан кетганман. Мен ҳамкасбларга раҳм қилганман, ишсиз қолишмасин, деб, сўнг “Бирлик”нинг “Истиқлол” газетини чиқарганман.
    Умуман ижод йўли машаққатли, айни чоғда шарафли. Шу боис унинг йўлида тортган заҳматлардан нолимайман. Ҳақ йўлда ижод қилишда давом этаман, бу эса менга ҳар дамда куч-қувват бағишлайди.

    -Бир пайтлар ўқиган эдим. Ўзбекфилмнинг биринчи директори жуда талантли одам экан. У ҳеч кимни аямас ва кўнглидагини очиқ айтар экан. Унга қарши айб тополмагач, сен фалончининг хотини билан юргансан деб айб қўйиб, партиядан ўчириб, ишдан ҳайдашган экан. Сиз ҳақингизда ҳам ёзганлар сиз кўтариб чиқаётган муҳим масалаларни четга суриб қўйиб, гапни мана шунақа шахсий томонларга буришларини қандай изоҳлайсиз?
    -Эҳтимол уларга шу керакдур? Мен ўзимни ҳар томонлама мукаммал демайман. Менинг ҳам камчиликларим бор ва фақат парвардигор беайбдир. Лекин мени бугун ҳақорат қилган шахслар кеча мақтаб ҳам юришганди. Эртага бир кун яна мақтаб қолишлари ҳеч гап эмас. Шунинг учун мен уларнинг гапларига парво қилмайман.
    Аслида Худонинг номини ўртага қўйиб кўп гапирадиган бундай кимсалар, ўзгалар тўшагига зимдан мўралаш ҳам гуноҳлигини билиб туриб шундай тоза бўлмаган “юмуш” билан машғул бўладилар. Менимча сиёсатга кирганлар шахсий ҳаётни ковлаштириб бир нарса юта олмасликларини англамоқлари лозим.

    -Яқинда таниқли инсон ҳуқуқлари фаоли Толиб Ёқубов сизни журналистика этикасини бузганликда айблади. Мен АҚШда яшаганим учунми бу менга кулгили туюлди. Чунки бу ерда ҳамма журналистлар информацияни шахсий суҳбатлар давомида оладилар. Давлат сирини ёритган журналист эмас давлат сирини ошкор қилган одам айбдор деган бир қоида бор ва бу шахсларга ҳам тааллуқлидир. У кўчадаги одам билан эмас, журналист билан гаплашмоқда ва гапирган гапини билиши керак, шундай эмасми?
    -Ҳа, Ғайратжон-а, 40 йилдан буён шу соҳада юриб, ҳали бирор бир айби очилган қаҳрамоним хурсанд бўлмади.
    Энди журналистика этикаси ҳақида гапиришдан аввал шу соҳани яхши билиш керак.Толиб аканинг розилигини ёзма равишда олганман. Мана ўқиб кўринг.

    09.06.2007 16:04:51] Rizobek говорит: Tolib aka.MHH haqida fikrlaringiz asosida bir maqola tayyorlayapman .Mabodo yana savollar tugilsa murojaat qilaman.
    [09.06.2007 17:51:53] Talib Yakubov говорит: Ризобек, доимо билганларим билан уртоклашишга тайёрман.

    Толиб ака эса ҳали мақолани ўқиб кўрмай, аллакимдан эшитиб, мен билан алоқага чиқиб: “Кимни МХХ дедим, ким МХХ экан, узоққа бормайсан…”, сингари дағдағалар қилдилар.
    Бундай дағдағаларни Каримов ҳукумати хизматчиларидан ҳам кўп эшитганман. Эҳтимол Толиб ака МХХдаги жиянини назарда тутиб қўрқитаётгандир. Лекин мен Ўзбекистоннинг чинакам озодлиги учун йўлимда давом этаман.
    Мақолага раддияга ўхшаш жавоб бошқа бир сайтда эълон қилинганини эшитдим. Қаранг, Толиб Ёқубов журналистика этикасини, ўзи нон еб юрган соҳани яхши биладилару биз билмаймиз экан. Ахир инсон ҳуқуқлари ҳимоячилигига даъвогар киши ўз раддиясини ёки жавобини у ҳақда ёзган ОАВга йўлламайдими? Йўллаганда биз чоп этардик ва мунозарамиз маданиятли равишда битган бўларди.

    -Мен аслида сизнинг бу суҳбатингиз ўзбек журналистикаси учун фавқулодда муҳим деб биламан. Сиз шу суҳбат жараёнида жуда муҳим янгилкларни кашф этгансиз. Бироқ ҳар қандай одамнинг яқини МХХда ишлаши мумкин. Лекин ўнлаб сафдошларини МХХ билан ҳамкорликда айблаётган одамнинг қариндоши ҳам МХХда ишлаши очилиб қолгани катта воқеадир. Чет элда қариндош у қадар таъсир кучига эга эмас. Аммо Ўзбекистонда қариндош жуда кучли таъсир кучига эга. Ўзингни қариндошинг ҳамкорлик қилишдан ҳам ўтиб МХХда ишласаю сен бошқаларани айбласанг. Бу қизиқ эмасми? Шунга сиз нима дейсиз?
    -Ҳа, саволингиз жуда ўринли. Толиб Ёқубов неча йилларки кўпчилик ўзи билан ишлаганларни ҳам МХХга ҳамкорликда айблайди ёки ўша соҳада қариндош-уруғи, ҳамтовоқлари борлигини иддао қилиб келади.У билан охирги суҳбатимизда ҳам шу гапларни айтди. Лекин бунга кишида маънавий ҳақ бўлиши керак. Яқин қариндошингиз МХХда ишласаю сиз бошқаларни МХХчи деб айлашга балки шахслар мустақил бўлган бирор чет элда мумкиндир, аммо қариндошлик ҳали ҳам биринчи ўринда турадиган бизнинг жамиятда бу ахлоқсизликдир. Чунки минглаб мухолифатчиларнинг қариндошлари фақат қариндош бўлганлари учун жазоланганлар ва жазоланмоқдалар. Шунинг учун бу борада бир гап айтишдан олдин минг марта ўйлаб кўриш керак. Бу фақат Толиб Ёқубов учун эмас, яқин қариндошлари МХХда ишлаган ёки ишлаётган бошқа “мухолифатчи”лар учун ҳам тааллуқли.
    -Нима учун жамиятга ҳеч қандай нафи етмаган баъзи одамларни мақтаб турсангиз сизни яхши дейишади ва танқид қилдингизми, сизга ҳужум бошланади?
    -Менимча мақтасанг тасанно деб танқид қилсанг чидамайдиганларда худбинлик, шуҳратпарастлик иллатлари бўлса керак. Бундайларни аввал озгина мақтаб, кейин танқид қилинг-а дарров ажратиб оласиз. Мана бунга узоққа бормайлик, яна ҳурматли Толиб Ёқубов мисол. У кишини озгина мақтаб ўз саҳифамда шу йилнинг 20 февралида мақола ёзгандим. У пайт мендан яхши одам йўқ эди. Мана энди озгина сирларини очиб юбориман мени ҳатто ҳақорат ҳам қилиб юрибдилар. Бу энди энг катта демократларимиздан бири. Кеча чиққанлардан нима кутиш мумкин!

    -Сиз ёзган эдингизки, агар С. Мадаминов ёки А. Пўлатов президентликка даъвогар бўлмасалар улар ҳақида гапирмайман деб. Бу одамларни ва уларнинг атрофидагиларни мен ҳам тушуна олмайман. Улар президентликка даъвогарлар қолиб даъвогар эмасларни “фош қилиш” билан овора. Бу бизнинг Ғарбга чиқиб ҳам демократияни ўргана олмаганимиздан келиб чиқадими ёки демократия бизга тўғри келмайдими?
    -Чиндан ҳам Абдураҳим Пўлатов ва Салай Мадаминовлар Президент бўламан дейишмаганда улардан бирининг илм соҳасидаги ихтироларидан баҳраманд бўлиб, иккинчисининг шеърларидан аҳён-аҳёнда хаёл суриб қўярмидим. Модомики тахтга даъвогар эканлар кўрсатишсин лидерликларини? Уларни танқид қилмай кимни қилай? Нега айримлар Президентлика даъвогармасларга “ташланишади” ёки “фош қилиш”га уринишади? Бу саволингизнинг жавобини топиш жуда осон. Чунки президентликка даъвогарлардан кўра даъвогармасларнинг имкониятлари ва қўлловчилари кўп. Даъвогарлар мақсадларига эриша олмасликларини ҳам биладилар, лекин юқорида айтганимдай диктаторлик касали бу, бошқалар олдинга ўтиб кетмаслиги учун жанжал уюштириб юрадилар. Бу усулнинг илдизи қаердан келишини бугун ҳеч кимга сир бўлмай қолди.

    -Танқид ва иғвони қандай ажратиш керак?
    Иғво билан танқидни ажратиб олиш ҳам осон. Тўғри, баъзан ҳақиқат кавушини ўнглагунча ёлғон, иғво етти маҳаллани айланиб чиқиши мумкин. Аммо барибир анови иғвохонага айланган сайтдаги (қаранг, отини айтмасам ҳам тушундингиз) каби ўзини ўзи фош қилиб қўяверади.
    Айрим нопок кимсаларни сув юзасига чиқариш ғоят мушкул. Афсуски айрим ҳолларда бундайлар узоқ вақт соф кишиларга лой чаплаб юришга эришадилар. Лекин ҳеч тушкунликка тушмай, бундай нусхаларга қарши сиз каби ёшлар қатъият билан курашишдан чўчимасликлари керак.

    -Бугун юз бераётган воқеалардан келиб чиқиб биз ёшларга қандай маслаҳат берган бўлардингиз?
    Ёшларга нима айтай (нима мен чолманми-ҳазил)? Сиз ёшларга жонажон Ўзбекистонимизнинг чинакам озодлигини кўриш насиб этсин. Ва бу йўлда-демократик курашда жасоратингиз сўнмасин. Ҳақиқат йўлидан сира оғишманг. Ҳаммангизга омад.

    Ғайрат Мирзо Демократик Ўзбекистон Конгресси бошқарув ҳайъатининг аъзосидир.

    У суратда ўнгдан учинчи.

    Манба:"ТУРОНЗАМИН"

    Жойлади: Маъмур
    Всего комментариев: 0
    Добавлять комментарии могут только зарегистрированные пользователи.
    [ Регистрация | Вход ]
    Copyright MyCorp © 2025
    Сайт управляется системой uCoz