Жалолиддин, Тошкент, “Туронзамин” учун Оқсаройга яқин манбалар Каримов Санк Петербургда Россия раҳбари Путин билан гаплашиб, яна ўзининг тахтда қолиши ҳақида “сигнал” бергани ва бу “рус императори” томонидан қўллаб-қувватлагани ҳақида гапира бошлашди. Юртбоши 23 июндан бошлаб сайловга тайёргарликни ҳам расман бошлаб юборишни айтганини ҳам билдирмоқдалар. “Сайлов олдидан ҳеч кимнинг бурни қонамасин, айниқса аёллар ва зиёлиларга эътибор қилинглар” деган эмиш у. Топшириқларидан биринчиси “дарҳол қамоқлардаги бегуноҳ аёлларни ва бегуноҳ зиёлиларни бўшатиш” бўлган экан. Ҳали Тошкентга қайтмай туриб унинг буйруғи Бош прокурор, Олий Суд раиси ва Адлия вазирига етказилган. Улар дарҳол ишга киришиб қамоқдагилардан баъзиларини озод қилишга киришганлар. Каримов “ўзини мухолифат деб юрганларга сайловда йўл йўқ, четдан туриб гап сотмасин, ватан керак бўлса келсин” деганини ҳам айтишмоқда. У исломий кучлар ҳақида ҳам гапириб, “мустақиллик байрамигача диний радикалларнинг ўпкасини узиб қўйларинг” дебди. Ўпка узиш қандай бўлишини яқин орада кўрамиз. Чунки мустақиллик байрамига ҳам саноқли кунлар қолди.