Ризобек Пятница, 2025-06-20, 03.04.08
Приветствую Вас Гость | RSS
Главная | | Регистрация | Вход
Меню сайта
    Статистика

    Онлайн всего: 1
    Гостей: 1
    Пользователей: 0
    Форма входа
    Главная » 2007 » Июнь » 14 » «ИНСОНПАРВАРЛИК»: ТЎРАЕВА ХУКУМАТГА МИННАТДОРЧИЛИК БИЛДИРАДИ
    12.28.55
    «ИНСОНПАРВАРЛИК»: ТЎРАЕВА ХУКУМАТГА МИННАТДОРЧИЛИК БИЛДИРАДИ
    Гулбахор Тўраева, Андижонлик хуқуқ ҳимоячиси, кеча озодликка чиқарилишидан олдин ҳамма гуноҳлари учун тавба тазарру қилишга, бир қатор ҳуқуқ ҳимоячилари ва журналистларни бадном қилиб, ҳукуматга миннатдорчилигини билдиришга мажбур қилинди. Акс ҳолда, “ўзбек инсонпарварлиги”дан умид қилмаса ҳам бўлади.
    Олти ойлик ҳибсдан кейин, икки бора маҳкамага тортилиб 6 йилга озодликдан маҳрум этилган ва 648 минг сўм миқдорда жаримага тортилган Гулбахор Тўраева, кеча яна уйига, ўз фарзандлари бағрига қайтишга муваффақ бўлди.

    12 июнда Тўраева ишини кўриб чиққан Андижон вилоят суди аппеляцион комиссияси унинг кечирим сўрагани, оилавий аҳволини ҳисобга олиб олти йиллик жазони уч йиллик шартли жазога алмаштирди ва 648 000 сўм ($514) жаримани тўлаш мажбуриятини юклаб қарор чиқарди.

    Ўзбекистоннинг расмий матбуоти Тўраеванинг озод этилишини, Ўзбекистон ҳукумати томонидан кўрсатилган марҳамат ва инсонпарварлик кўриниши сифатида тақдим этмоқда. Бунинг учун унинг судда тўрт нафар болалари ва қари отасини соғинганини айтиб йиғлаганларини келтиришмоқда.

    Гулбахор Тўраеванинг чиқишлари тафсилотларини берган ТИВ қошидаги «Жахон» ахборот агентлигига кўра, уни ҳибсга олганлари, тергов ҳибсхонасида кечирган кунлари ва судлангани учун у Ўзбекистон ҳуқуқ тартибот идораларига миннатдорчилигини билдирган.

    «Мени ўз вақтида тўхатиб қолганлари учун миннатдор эканлигимни билдираман. Акс ҳолда яна ҳам жиддийроқ жиноятлар содир қилган бўлар эдим», - деди Тўраева судда, дея хабар беради «Жахон».

    Давлатга қарши фаолият олиб боргани учун айбланган Тўраева, ўз айбига иқрор бўла туриб, шунингдек, ваъда қилинган пулларга учгани, енгил йўл билан оиласи фаровонлигини таъминлашни ўйлаганини айтади.

    Шунингдек у, фурсатдан фойдаланиб, «Галима Бухарбоева, немис журналисти Маркус Бенсманн, Нигора Хидоятова ва бошқалар ўз бўхтонлари билан Ўзбекистоннинг номини қора қилишга уриниб келишаётгани, уни негатив ҳолатда тасвирлаш эвазига ифлос йўл билан пул ишлашаётгани» ҳақида расмий баёнот беришини билдиради.

    Тўраева «Жахон» учун берган баёнотида: «Ҳусусан Нигора Хидоятова («Озод деҳқонлар» лидери) Андижон воқеалари пайтида 500 ўликни кўрганим ҳақидаги ёлғон ва бўхтондан иборат мақолани менинг номимдан овозлантириш эвазига катта пул беришини ваъда қилган. Аммо охир оқибатда, у менга бу пулни тўламаган ҳам. Мен бундай одамлар билан муносабатда бўлаётганларни, бу йўл яхшиликка олиб бормаслигидан огоҳлантирмоқчиман. Улар арзон сенсация учун ҳар қандай тубанликка боришга тайёр аҳлоқсиз одамлардир», - дейди.

    Тошкентлик ҳуқуқ ҳимоячиси Сурат Икромовга кўра, Тўраеванинг озод этилиши Ўзбекистондаги Германия элчихонаси саъй ҳаракатлари натижаси ўлароқ мумкин бўлган, унинг вакили ҳатто кечаги аппеляция комиссияси кенгашида иштирок этган.

    «Германия ва Ўзбекистон ўртасида бир неча ойдан буён Евроиттифоқ санкциялари юзасидан савдо давом этмоқда, - дейди Икрамов, - ва Гулбахор Тўраева каби сиёсий махбуснинг озод этилиши, бу Ўзбекистон билан ЕИ ўртасида давом этаётган сиёсий ўйин ёки савдонинг бир қисмидир».

    Тўраева келтирган тавба тазарру, Икромовнинг фикрига кўра, ҳеч бир янги ҳолат эмас, ҳукумат айрим сиёсий махбусларни ўзи учун қулай бўлган шаклда озод этишни маъқул кўради. Улар, бегуноҳ одамларни ҳибсга олганларини айта олишмайди, кейинчалик сиёсий манфаат йўлида уларни озод қилишлари мумкин. Ва айни шу нуқтаи назардан «инсонпарварликнинг яна бир кўриниши» каби талқин ва бечора аёлнинг тазарру нутқи келиб чиқади.

    Сурат Икромовнинг фикрига кўра, бу каби озодлик – биринчи навбатда озодликка эришган шахс учун яхши бир ҳолатдир, аммо бу, сиёсий сабабларга кўра оммавий жазолар давом этаётган мамлакатдаги оғир вазиятни ўзгартира олмайди.

    «Хизб-ут-Тахрир» диний ташкилотига аъзолиги учун маҳкамага тортилаётган аёллар сони кўпаймоқда, айни пайтда, улар ҳам мутлақо айбсиз», - дейди Икромов. «Бу аёлларнинг эрлари, оталари, ака укалари қамоқда, уларнинг болалари ҳақида ким ўйлайди?» - дейди ҳуқуқ ҳимоячиси.

    Гулбаҳор Тўраеванинг тўрт нафар фарзанди оналарини қайтариб олишди. Бироқ на ЕИ, на Германия элчихонаси томонидан озодлиги талаб этилмаётган, эътибордан четда қолаётган оналарнинг болалари нима бўлади? Навбатдаги «инсонпарварлик» уларга қачон етиб келади?

    Manba:Uznews.net

    Жойлади: Маъмур
    Всего комментариев: 0
    Добавлять комментарии могут только зарегистрированные пользователи.
    [ Регистрация | Вход ]
    Copyright MyCorp © 2025
    Сайт управляется системой uCoz