Ўзбекистон энг авторитар тузумлардан бири бўлиб қолмоқда, дейилади ҳисоботда. Вашингтонда жойлашган Демократия ва Сўз Эркинлигини Ривожлантириш маркази Фридом Хауснинг айтишича, Марказий Осиё мамлакатлари, ҳусусан Ўзбекистонда, демократиядан янада узоқлашиш жараёни кузатилган. Фридом Ҳауснинг йиллик ҳисоботида айтилишича, Ўзбекистон демократик меъёрлардан ҳар қачонгидан ҳам яққолроқ узоқлашган. Ташкилотга кўра, Ўзбекистон собиқ Совет республикалари ичида энг авторитар давлатлардан бири бўлиб қолаётир. Би-би-си ҳисобот муаллифи Брюс Панниерга боғланиб, дастлаб ундан Ўзбекистоннинг кескин танқид остига олинишига қандай омиллар етаклади деб сўради. Панниер: 2006 йил давомида Ўзбекистонда юз берган ҳодисаларни кўриб чиқарканман, мен Ўзбекистон ҳукумати тўғридан тўғри бўлмаса ҳамки, маҳкама ва соғлиқ тизимлари орқали ғарбий нодавлат ташкилотларини беркитиш ёда уларни сиқиб чиқариш учун барча чораларни ишга солганига ишонч ҳосил этдим. Бу ташкилотлар Ўзбекистонда демократик институтларни ривожлантириш, оддий сўз ва йиғилиш эркинликларини таъминлашга ёрдам бериш учун фаолият юритишаётганди. Умуман олганда эса, ғарбни бошдан оёқ танқид қилиш Андижон воқеаларидан кўп ўтмай бошлатиб юборилганди. Аммо, бир нарсани айтиб ўтиш керак, 2006 йил охирига келиб, Ўзбекистонда нималар бўлаётганини тўлиқ англашнинг имкони бўлмай қолди. Ўзбекистон ҳукумати ҳар қандай танқидни инкор этишга тушди. Ўтмишда расмий Тошкент номига бўлса ҳам камчиликларга эътибор қаратаётганини кўрсатишга ҳаракат қиларди. Улар ҳатто баъзи хатоларни ҳам эътироф этишганди. Аммо, 2006 йилда буларнинг мутлақо акси рўй берди. Сиёсий ва диний мухолифат бўғиб ташланди, мустақил инсон ҳуқуқлари фаолларини таъқиб этиш янада кучайди, қатор журналистлар қамоқхоналарга ташланди ва ҳоказо. Буларнинг бари Ўзбекистонда демократик вазият мустақиллик йилларида энг оғир аҳволга тушиб колди деб ҳулоса қилишимга сабаб бўлди. Би-би-си: Аммо, куни кеча андижонлик инсон ҳуқуқлари фаоли Гулбаҳор Тўраева қамоқхонадан озод этилди, аввалроқ эса мустақил журналист Умида Ниёзовани қамоқдан чиқаришганди. Тошкент расмийлари Оврўпо Иттифоқидаги ҳамкасблари билан қайтадан музокараларни бошлашди. Буларнинг бари ижобий қадамлар эмасми? Панниер: Гулбаҳор Тўраева ва Умида Ниёзоваларга боғлиқ воқеалар яқиндагина, 2007 йилда, юз берди. Ўзбекистон ҳукумати Оврўпо Иттифоқи вакиллари билан ҳам мулоқотларни қайтадан бошлади. Булар албатта ижобий аломатлар. Афтидан Ўзбекистон ҳукумати ғарбни буткул эътиборга олмаслик билан иш битмаслигини тушуниб етган. Лекин бошқа томондан Тўраева ва Ниёзова ишларида Ўзбекистон ҳукумати уларни оқлагани йўқ, аксинча улар ўз айбларига иқрор бўлишганликлари учун озод этилганликларини алоҳида таъкидлаётир. Демак, бир томондан, ҳа, ижобий қадамларни кўриш мумкин, аммо иккинчи ёндан, Ўзбекистон ҳукумати ўзининг барибир ҳам ҳақ эканлигини таъкидлашда давом этаётир. Би-би-си: Сизнингча, Ўзбекистон ҳукумати ўйин қилмоқдами ёки ҳақиқатдан ҳам ғарбга нисбатан муносабат ўзгара бошлаганми? Панниер: Мен ўйлашимча, улар амалда ғарб билан муносабатларини илиқлаштира бошлашди дейишга ҳақлисиз. Бир пайтлар Россия билан Ўзбекистон алоқалари яхшиланаётгани аломатлари кўрилганди. Жаноб Путин Марказий Осиёга, жумладан Ўзбекистонга миллиардлаб доллар сармоя киритиш ҳақида гапирганди. Аммо, яқинда Россиянинг Қозоғистон ва Туркманистон билан йирик газ шартномаларини тузиши ва Ўзбекистонни бу битимдан четда қолдириши, Тошкентдаги мулозимларни умид кўзларини биргина Россияга тикиб ўтириш нотўғри экан деган хулоса қилишларига сабаб бўлган бўлиши ҳам мумкин. Манба:Би-Би-Си
|