Ризобек Воскресенье, 2024-05-19, 01.38.19
Приветствую Вас Гость | RSS
Главная | | Регистрация | Вход
Меню сайта
    Статистика

    Онлайн всего: 1
    Гостей: 1
    Пользователей: 0
    Форма входа

    Главная » 2008 » Март » 25 » Ҳикоя
    11.08.06
    Ҳикоя
    Бесамар...

    Бир куни шаҳар боғи оралаб сайр қиларканман, йўл ёқасидаги ўриндиқда ётган сарғайган дафтарга кўзим тушди. Атрофда ҳеч ким йўқ. Бориб қўлимга олдим. Очиб ўқимоқчи эдиму, беихтиёр кўзим “кундалик” деган ёзувга тушди. “Дафтарга инсон кундалик ишлари билан бирга кўнглининг сирларини ёзган бўлиши мумкин-у, бировнинг сирини билишга эса ҳаққим йўқ, бу гуноҳ” деган андиша билан дафтарни ёпдим. Дафтарни жойига қўймоқчи бўлиб чоғландиму, ёға бошлаган ёмғирни кўриб фикримдан қайтдим. Хўл бўлиб қолмасин, деб ичимга яшириб, ортимга қайтдим. Шундан сўнг бир неча бор дафтар эгасини қидирдим. Бесамар...

    Эгаси каби ичидаги ёзувлари ҳам сирлилигича қолган дафтар ҳамон менинг қадрли нарсаларим қаторида турарди. Бир куни уларни тартибга солаётиб, яна унга кўзим тушди. Шунда “Балки дафтар эгасининг ҳеч бўлмаса исми ёзилгандир?!”, деган фикр туғилди-ю, уни очишга чоғландим. Лекин афсус, дафтар ичидаги ёзувларни ўқиб, кўз ёшларимни артаётганимда ҳам унинг эгаси номаълумлигича қолди. Ундаги ҳар бир фикрга дилдан қўшилдим. Бу фикрлар яна кимгадир фойда берар, деган умидда уни сизларга ҳикоя қилмоқчиман. Балки дафтар соҳиби ҳам сизларни орангиздадир...

    “Ёмғир ёғаяпти... Мен жуда хурсандман. Ҳеч қачон ёмғир ёққанида бунчалик хурсанд бўлмагандим”... Бу гапларни йўлда келгунча бир неча бор такрорладим. Бир бошдан ёза қолай...

    Бир неча кундан бери нотинчлик. Ҳамманинг дили алғов- далғовлардан безор. Кўзларда қўрқув. Ҳар тонгда танимаган инсонга ҳам меҳр билан боқувчи кўзлар энди ҳатто яқинларига ҳам ишончсизлик билан боқмоқда. Бу қарашлардан зада бўлиб кетдим. Шунда ётиш олдидан Аллоҳ таолога тўс-тўполонлар тезроқ тугашини сўраб чин дилдан илтижо қилдим. Дуоим ижобатининг белгиси сифатида ёмғир ёғишини ўтиниб сўрадим. Гўё ёмғир ёғиб, ер юзидаги барча ғуборларни ювиб кетадигандек...

    Эрталаб эса тўс-тўполондан уйғониб кетдим. Шошиб устимга кийимимни илдиму ташқарига отилдим. Ташқарида икки танишим бир-бири билан ёқа бўғишарди. Уларни ажратувчилар ҳам бисёр. Лекин афтидан жанжал ҳали бери тугамайдигандек эди. Зада юрагим баттар сиқилиб хонамга кириб, ичкаридан қулфладим. Жанжал сабаби шунчалик оддий эдики, ҳам кулгинг ҳам йиғлагинг келади. Талабалар уйидаги одатий ҳолат. Кир ювишга тоғора талашиб жанжалашишарди. Беш кунлик дунёнинг ишлари учун бир мўминнинг кўнглини синдирасан. Ахир бир кун бу дунёдан кетмоғинг, Аллоҳ ҳузурида ҳар бир қилган амалингга ҳисоб беришинг тайин-ку. Шундай фикрлар домида ўтирар эканман, чақмоқдек бир сўз хаёлларимни тўзғатиб юборди: “Эй, ол шу тоғорани, Худога солдим сени!!!” Иккинчиси: “Солсанг солавер, аҳмоқ...” Эшик қаттиқ тарақлади.

    “Ахир у сени Худога солди. Бор ортидан. Қайтариб олсин гапини. Уни рози қилмагунингча Аллоҳ ҳам сени кечирмайди, борсангчи!”

    Бу гапларни минг марта ичимда такрорладим. Овозим даҳшатдан чиқмасди. Ниҳоят ўрнимдан туришга куч топдим, эшикни очиб, унга дилимдагини айтдим.

    “Ялинаманми, энди ортидан, менга барибир”. Унга гапирмасам ҳам, розилигини олмасам ҳам куним ўтади”, — деди.

    Иккинчи танишим эса бамайлихотир: “Мусулмон биродари билан аразлашган кишининг намозлари зое, солиҳ амаллари ботил ахир...”,— деди-да индамай хонасининг эшигини ёпди. Шунда гапларимни елга совурганимни англадим. Юрагим тез ура бошлади. Одамларга нима бўлаяпти ўзи!? Меҳр-мурувватли халқ эдик-ку биз!? Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламдан эшитган ҳар бир хабарни кўзига тутиё қилиб, амал қилишга киришган уммати Муҳаммад эдик-ку!? Энди-чи, энди!? Босган қадамимиз хато, айтган гапимиз ғийбат, суҳбатимиз жанжал... ўзимиз билиб-билмай қанча гуноҳлар остида қолдик экан. Ҳар бир ҳодисага ибрат кўзи билан боқардик.

    Бир кунда нечта инсоннинг кўнглига чанг солаяпмиз? Унинг жавобини қандай берамиз? Ҳар бирининг қарғишини кўтаришга бу елкалар дош бера олармикан?!

    Бундай фикрлардан қутулиш учун талабалар уйини тарк этдим. Шаҳардаги яқинларимни зиёрат қилдим. Ортга қайтаётганимда ёмғир қуя бошлади. Бир онда усти-бошим шалаббо бўлди. Гўё дилимдаги эрталабки ғуборлар ювилгандек эди. Руҳимда ўзгача бир енгилликни ҳис қилардим. Чунки, бу дуоим ижобатининг белгиси, дилим дардининг давоси эди. Ёмғир сувлари нафақат мени балки барча инсонлар қалбидаги ғуборларни поклайдигандек эди.

    Томчилар бутун шаҳримнинг ғуборларини юва бошлади. Мен хурсанд эдим. Ҳеч қачон ёмғир ёққанида бунчалар хурсанд бўлмагандим. Ҳеч қачон... Мен ёмғирни, сувни, инсонларни, ҳамма ҳаммасини яхши кўраман. Ҳаммани...”

    Нигора МАМАСАИДОВА
    Жойлади: Маъмур
    Всего комментариев: 0
    Добавлять комментарии могут только зарегистрированные пользователи.
    [ Регистрация | Вход ]
    Copyright MyCorp © 2024
    Сайт управляется системой uCoz