Ризобек Воскресенье, 2024-05-19, 08.07.49
Приветствую Вас Гость | RSS
Главная | | Регистрация | Вход
Меню сайта
    Статистика

    Онлайн всего: 1
    Гостей: 1
    Пользователей: 0
    Форма входа

    Главная » 2008 » Апрель » 11 » Бугун ҳам долзарб мавзу
    16.41.02
    Бугун ҳам долзарб мавзу
    Жаҳонгир МАМАТОВ: Ўзгармаган дунё

    ДИКТАТУРАНИНГ ТОМОША САҲНАСИ

    Кейинги пайтда танқидларимиз пастдан туриб миноранинг теппасига ёки шамолга қарши тупуришга ўхшаб қолаяпти. Масаланинг моҳиятига кириб бормаяпмиз. Масалан, президент Олий мажлисда депутатларга инсон ҳақлари поймоли ҳақида гапиринг, дер экан, уларнинг лом-мим дейишмаганини бир неча ойдан буён танқид қилиб юрибмиз. Аслида нима учун гапиришмаганини моҳиятини эса очмаяпмиз.

    Маълумки, 70 йил ҳокимият советлар, яъни шўролар қўлида эканлигига ишонтиришди. Ҳақиқатда эса, ҳамма нарса компартиянинг ҳукмида, шўролар бўлса унинг саҳнага тақиб чиқадиган юзи, яъни маскаси эди. Совет Иттифоқи парчалангандан кейин бу юз йиртилди. Табиийки, Ўзбекистондан бошқа жойларда. Ўзбекистонда эса бу юз қайта таъмирланди. Хафиф ва хушбичим ҳолга келтирилди. Чунки тажрибаларга ўрганган зеҳният янгини қабул қилишдан кўра илгаригисини қўллашни афзал билди. Тўғрироғи, шўролар панасида қилич кўтариб туришнинг сафосидан кеча олмади. Бундай ҳолда, хавф туғилса, қурбон бўладиган бор. Қолаверса, ҳар ишни шўроларга ағдариб, панада мусича-ю бегуноҳ бўлиб ўтиришга нима етсин?

    Ўзбекистон мустақил бўлгандан кейин парламент бир қатор демократик қонунлар қабул қилди. Айниқса, Ўзбекистонниинг янги конституциясига жуда кўп ўлкалар ҳавас қилса бўлади. Шўролар ҳокимиятининг афзаллиги шунда, қоғозда ҳамма нарса бор, амалда эса тескариси. Совет иттифоқининг 70-йиллик тарихи бунга далил.

    Умумий гаплардан чекиниб, аниқ мисолларга ўтайлик. Янги конституциянинг 11 ва 24-чи моддалари асосида бугунги Ўзбекистон Олий мажлиси учун сайлов ўтказилди. Сайловга коммунистик партия - ўзгарган номи билан Халқ демократик партияси, Ватан тараққиёти партияси, Қорақалпоғистон республикаси Олий кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар шўролар кенгаши ўз номзодларини кўрсатди. Кўринишидан жуда демократияга уйғун.

    Дарҳақиқат, ҳар бир сайлов округидан уч нафардан номзод кўрсатилди. Илгари Совет Иттифоқи даврида компартиянинг ташкилий кадрлар бўлими номзодлар рўйхатини ҳозирлар, пленум ва бюро уни тасдиқларди. Олдиндан бир қолип тайёрланиб, унга мос тушадиган одам қидириларди. Ёши, миллати, дини, партиявийлиги, касби олдиндан фоизма- фоиз белгилаб қўйиларди.

    Миллатвакилларнинг сони мажлисдаги ўриндиқлар сонига қараб аниқланарди. Москва Кремль съездлар саройида беш минг ўриндиқ бўлгани учун СССР Олий кенгаши депутатлари беш минг киши эди. Ўзбекистонда эса беш юз. Янги конституцияга биноан 150 нафар депутат сайланиши белгиланди. Вилоят ва туман ҳокимлари Президентга мактуб ёздилар: «Биз ўзимиз бошида турмасак, ҳозирги мураккаб даврда ҳар кимга ишониш қийин». Шундан кейин рақам 250 қилиб ўзгартирилди, яъни чўпонларга эҳтиёж борлиги Президентни ҳам иккилантирмади.

    Хуллас, номзодлар кўрсатилди. Четдан қараган одам Ўзбекистон демократия томон жиддий одимлар отмокда, деб ўйларди. Илгариги ўйинлардан хабардор бўлганлар сал бош қотирсалар шўроларнинг ҳақиқий юзини кўрардилар. Ҳокимларнинг номзоди кўрсатилган округларда иккинчи ва учинчи кишиларни ҳатто маҳалласида номи чиқмаганлар ташкил қиларди.

    Айниқса, рус тилида гаплашадиганларни парламентга ўтказиш учун фавқулодда жонбозлик кўрсатилди. Ўзбеклар миллий туйғуларга берилиб бошқанинг ўрнига ўз миллатдошини сайлаб қўймасин деб, бир қатор округларда фақат рус тилида гаплашадиганлар номзоди кўрсатилди. Масалан, 21-чи Мевазор сайлов округида вилоят кенгаши Михаил Омельницкийни, Ватан тараққиёти - Эрнест Ризаевни, ХДП эса Виталий Поваровскийни номзод қилиб кўрсатди. Балки бу тасодифдир. Ахир уч ташкилот ҳам бир округдан бошқа миллат вакилини кўрсатиши мумкинми? Тасодиф эмас, мумкин. 77-чи Кармана округида Владимир Иванов ва Людмила Юрикова номзодлари кўрсатилди. 80-чи Зарафшон округидан эса Александр Клеменко ва Николай Кучерский. 114-чи Қорадарё округидан Александр Ким ва Илья Тен. Балки бу ерда фақат корейслар яшайди деб ўйларсиз, аммо бу округда шу икки корейсдан бошқасини тополмайсиз. Чунки Самарқанд вилоятининг Каттақўрғон тумани маркази ҳисобланган Қорадарёда асосан ўзбеклар яшайдилар. Хуллас, бундай мисоллар жуда кўп. Яъни халққа сайлов ҳаққи танилмади. У рўйхатда кўрсатилган одамлардан бирига мажбуран овоз берди. Э, белгиландими, таъминланиши керак! Бу комрежим талаби.

    Худди шу «демократик» йўл касби, ёши масаласига ҳам қўлланилди. Артист ўтиши керакми, номзодлар артистлар эди, қозоқ ўтиши керакми, номзодлар қозоқ эди. Шоир ё ёзувчи ўтиши керакми, номзодлар ижодкорлар. Энг қизиғи, сайловлар илгариги каби бир кунда тугамади. Демократия ўйини давом этди. Аммо, уч турдан кейин ҳам халтадан белгиланган нарса чикди. Масалан, Қашкадарёдан ўн уч вилоят кенгаши номзоди, беш ХДП ва бир Ватан тараққиёти номзоди ўтди. Самарқанддан эса, ўн етти вилоят кенгаши, етти -ХДП ва бир Ватан тараққиёти номзоди сайланди. Бошқа вилоятларда ҳам кўрсатгич айни. Яъни вилоят кенгаши депутатлари 68 фоизни, бундай ҳисоб-китоблардан хабардор ва қандай қилиб депутат бўлиб қолганини ҳам билади.

    Илгариги парламентда ҳукумат йўлига юрмаган депутатларни қандай қилиб жиловлаш муаммога айланганди. Марказ вилоятларга босим ўтказарди, вилоятларнинг қўлида эса жилов йўқ эди. Демак бу сафар кўпчилик депутатлар партиялардан сайлансалар икки-уч отаси бўлган болага ўхшаб қолардилар. Оталардан бири ҳукуматдан норози бўлса, қозон қайнаб кетарди. Шу боис қарийб 70 фоиз ўрин вилоятларга берилди. Жилов бир кишининг қўлида, яъни вилоят кенгаши раисининг. Бирорта миллатвакили бош кўтарса, вилоят ҳокими жавоб берарди. Унинг дарҳол вилоят кенгашини йиғиб, ўз депутатини чақириб олиш ҳуқуқи бор. Бу билан халқнинг ҳузурига бориб, чақириб олиш кампаниясини ўтказиш ўйинидан ҳам қутулишди.

    Вилоят кенгаши раиси-чи? У ҳукуматга ишонмай қолса-чи? Маълумки, у ҳукумат учун куч эмас, чунки у вилоят ҳокими бўлгани учун кенгашга раис. Ҳокимни эса президент танлайди ва ишдан олади. Партияларда кутилмаганда норозилик туғилиши мумкин. Лекин вилоят кенгаши ўзгармас, бир кишининг қўлида. Унга эса «Депутатинг учун жавоб берасан» деган юк юкланган.

    Хуллас, бугунги Олий мажлис депутатларнинг қўрқуви ана шундай илдизга таянади. Шу сабабдан уларни танқид қилиш бефойда. Қолаверса, уларга ишониб этиксиз қолиш ҳеч гап эмас. Биз танқид қилар эканмиз, сўзимизнинг кучини унинг моҳиятига йўналтирмасак, халқимизни чалғитиб қўямиз. Зотан, бугунга қадар ким айбдору ким қурбонлигини ажратиб ололганимиз йўқ.

    АЛ-ҚИССА: «Халқ - кучдир!» Агар қўзғалса. Мен қўзғалдим, Сен эса қўзғалишни истамадинг. Демак, на у ёқлик, на бу ёқлик, на куч ва на-да кучсиз… Муаллақлик!!! Бу дард давосини топган кунинг кучга айланасан!

    30 июль 1997 йил, “Озодлик” радиоси.
    (”Ўзлигим” китобидан. ЖАҲОННОМА)


    Жойлади: Маъмур
    Всего комментариев: 0
    Добавлять комментарии могут только зарегистрированные пользователи.
    [ Регистрация | Вход ]
    Copyright MyCorp © 2024
    Сайт управляется системой uCoz