Ризобек Воскресенье, 2024-05-19, 10.33.31
Приветствую Вас Гость | RSS
Главная | | Регистрация | Вход
Меню сайта
    Статистика

    Онлайн всего: 1
    Гостей: 1
    Пользователей: 0
    Форма входа

    Главная » 2008 » Май » 6 » Йилларим ва йўлларим
    10.34.11
    Йилларим ва йўлларим
    10.Дўппидак дунё

    Яқинда устоз адиблардан бири билан узоқ-яқиндаги таниш-билишлар ҳақида суҳбатлаша туриб:"...ҳа, дунё кичиккина..." деган сўзларини эшитгач ўйга толиб қолдим.

    Ҳақиқатан аввал ҳам дўппидек дунё дейилган гапни эшитгандим.Маъно-мазмунига эса унчалик эътибор қилмаганман ўша кезларда.

    Масалан, болалигимиз ўтган қишлоқда чўмилганимиз кичиккина ариқ бизга ўшанда уммондай туюлган.Ўша ариқ бўйида учиб юриб ўт-ўланларга қўнадиган ниначи эса мўъжизадай кўринган ва биз унга ҳайрат билан боққанмиз.Ҳар гал қўй-қўзи ёҳуд мол боққани далага чиққач қайсидир бир тепалик ортида яна майдон борлиги ёки жарлик борлиги, аввал эътибор бермаганимиз илк бир кўриб турган гиёҳимиз ҳам биз учун кашфиёт бўлган.

    Аслидачи? Аслида дунё биздан олдин ҳам бўлган ва биздан кейин ҳам бўлади.Аммо у ҳамма вақт ўзининг очилмаган янги-янги сир-синоатлари билан янги авлодларни ҳайратга солавериши шубҳасиз.

    Сўз бошлаганда дунёнинг кичиклиги ҳақида айтдим.Айниқса бугун у шундайга ўхшаб туюляпти.Чунки устоз билан суҳбатдан сўнг эътибор қила бошладим.Анча йиллардан буён тутадиган кундалик дафтарим бор.Унда ҳамма эски-янги таниш-билишларнинг манзиллари, телефонлари ёзилган.Уни гоҳо варақлаб ўтириб, энг қадрдон бўлганларига телефон қиламан.Баъзан, "йўқ, у киши кўчиб кетган, ёки бўлмаса, кечирасиз телефон рақами теришда адашдингиз" деган жавоб ҳам бўлади.

    Яқинда интернетда бир ажойиб анъанавий излаш усулини кўриб қолдим.Унда сиз мактабдошингиз ёки талаба тенгдошларингизни топишни истайсизми, деган савол қўйилган экан.Мен шу усулли излаш тизимига рўйхатдан ўтиб кирдимда, нечанчи йил мактабни, нечанчи йил олийгоҳни тугатганимни , хуллас ўзим ҳақимдаги маълумотларни битиб қидирувга қўйдим.

    Биласизми, чакки иш қилмаган эканман.Синфдошларимку ҳаммаси Ўзбекистонда, манзиллари аниқ.Лекин олийгоҳда бирга ўқиганлар ва ўқитувчилардан кўпчилиги дунёнинг турли бурчакларига тарқалиб кетишган экан.

    Бири АҚШда бўлса, бошқа бири Болтиқбўйида.Э, нимасини айтасиз, хурсандчилигимнинг чеки йўқ.Мактублар, телефон қўнғироқлари, турли тадбиру байрам, тантаналар билан қутловлар, янгилигу ахборотларгача алмашиниб турибмиз ҳозир.

    Улар орасида академиклардан тортиб, актеру, давлат арбобларигача бор.Танишларимдан бири Сергей Тисленко бўларди.У 1990 йилларда "Наманганская Правда" газетида бош муҳаррир бўлган, кейинчалик Ўрисияга кўчиб кетган эди.Маълум бўлишича у Давлат Думасида экан.У яна Московда нашр этиладиган ҳукуматнинг "Президент - Парламент - Правительство" ойномаси муҳаррири ҳам экан.

    Олийгоҳда Белла Ильинична Токарская деган доцент муаллимамиз бўларди.У Исроилда ғоят катта хусусий ноширлик Компанияси Президенти экан.

    Литвада эса бир курсдошим Президент девонида масъул хизматда...

    Хуллас дунёнинг қай бурчагига қараманг кимдир бир таниш бор.Яқинда бир курсдошимдан мактуб олгандим.Унинг мазмунига кўра Қаршилик курсдошим ҳозирда Олмонияда мендан унча олис бўлмаган шаҳарда яшаётгани хабарини берганди.Шанба-якшанба дам олиш кунлари учрашдик.

    Хуллас айтмоқчиманки устоз ҳақ гапни ёдга олдилар.Дунё дўпидаккина...Шу гапни яна бир бор кўнгилдан ўтказа туриб, ўзбекнинг чорқирра дўпписи ёдга тушди.Синчиклаб назар ташлангга, дунёни англашчун дўппига қанча сир-синоату, мўъжиза-ю зукколик белгилари ҳамда рамзлари жо этилган.
    Бу албатта бошқа мавзу. Дўппи ҳақда кўп айтилган.Аммо насиб этса дунё ва дўппи ҳақда яна гаплашармиз.

    Ризо Обид
    Жойлади: Маъмур
    Всего комментариев: 0
    Добавлять комментарии могут только зарегистрированные пользователи.
    [ Регистрация | Вход ]
    Copyright MyCorp © 2024
    Сайт управляется системой uCoz