Ризобек Воскресенье, 2024-05-19, 11.05.29
Приветствую Вас Гость | RSS
Главная | | Регистрация | Вход
Меню сайта
    Статистика

    Онлайн всего: 1
    Гостей: 1
    Пользователей: 0
    Форма входа

    Главная » 2008 » Июль » 15 » "ТУРОНЗАМИН"да
    20.16.33
    "ТУРОНЗАМИН"да
    Қорасувнинг қора куни

    Анварбек
    “Ҳикматиллонинг ҳикоялари” туркумидан

    Асли Сурхон воҳасидан бўлган дўстим Ҳикматилло билан анчагина қадрдонмиз. У менга қочқинга юз тутишининг сабаблари ва она ватанини қандай қилиб тарк этгани ҳақида гапириб берар экан, Фарғона водийсининг айрим шаҳарлари ва Қорасув шаҳрида кўрган, ўзи гувоҳи бўлган воқеаларни ҳадик билан ҳикоя қилиб беради:

    -Мен ўз ватанимни тарк этар эканман, талайгина сабабларга кўра Қозоғистонга Қирғизистон орқали ўтишни афзал билдим. Термиз -Тошкент йўналишида учаётган Nexia да ўтириб хаёл сурар эканман, тинимсиз равишда қандай қилиб, Қирғизистонга ўтиб олиш ҳақида ўйлар эдим. Доимий равишда юртимизнинг жанубий сарҳадларида истқомат қилганлигимни ва Тошкентга вақти-вақти билан келиб турганимни хисобга оладиган бўлсак, мен жанубий минтақалар ва Тошкентдан ўзга ҳудудлар йўлини яхши билмас эдим.

    Билганим шундан иборат эдиким, Ўзбекистондан Қирғизистонга Қорасув шаҳри орқали ўтиб олиш мумкин. Тўғри, кимлардандир ўзбек диёридан қирғизлар юртига айланма йўллар орқали ўтиш мумкинлигини, айрим ҳолатларда бу айланма йўллар кичикроқ ариқ устидан ҳатлаб ўтиш билан якунланиши ҳақида эшитган эдим.

    Лекин менга ҳар бир сония қадрли ва ҳал қилувчи аҳамиятга эга эканлиги учун айланма йўл ахтариб вақт ўтказишга имкон тополмас эдим. Таксист, тўғрироғи ҳайдовчи мен ва мен билан келаётган йўловчиларни пойтахтга етказиши билан тездагина йўл пулини унинг қўлига тутқаздимда, зир югуриб Андижон кетадиган таксичилар майдончасини изладим ва топиб ҳақиқий ўзбекчасига савдолашиб йўл кирани келишиб олдимда, Андижон томон йўлга тушдим. Уриниб қилган “Tico” Андижонга кириб келганида анчагина кеч бўлиб, қош-қорая бошлаган эди. Тушунарлики, ҳозирнинг ўзидаёқ Қорасувга кетиш имконсиз. Андижонда бир кеча тунашдан ўзга йўл йўқ. Ҳар бир чорраҳада “погонлик” ва ҳарбийлар бўлган шаҳар четидаги меҳмонхонга етиб келдим ва тонгга қадар тикан устида ётгандек бўлдим.

    Дам олгандек эмас, ботмон-ботмон юк туширган мардикордек чарчаб тонгни қаршилаб олар эканман, фикру-зикримни тезроқ Қорасув орқали Ўзбекистонни тарк этиш қарори эгаллаб олган эди. Сўраб суриштириб Андижон шаҳри автобекатида автобусга миниб Қорасув томон йўлга тушдим. Ўзим аллақачон Қамчиқ довонинг бу тарафига ўтиб олган бўлсамда, Қамчиқ довонинг нарига тарафида содир бўлган воқеаларни, ўзимга нисбатан бўлган тайзиқларни эслаб, анчагина таҳлил қилиб Қорасувга келиб қолганимни билмай қолдим.

    Бирин-кетин автобусдан тушаётган ватандошларимга ва умримда биринчи бора қадам ранжида қилганим, ватанимнинг энг шарқий шаҳарларидан бирига диққат билан назар ташлаган ҳолда автобусдан тушдим. Тўғри, бу ерда мени ҳайратлантирадиган ҳолатнинг ўзи йўқ эди. Одатдагидек оддий фуқароларидан яшил форма кийиб олган “погонлик”лари кўпроқ бўлган Ўзбекистон шаҳарларидан бири. Лекин мен бир нарсага тушунмадим. Автобусдан мен билан бирга тушган барча ватандошларим бир-бирлари билан гаплашмаган ҳолда, бир томонга, менга номаълум бўлган томонган кета бошлашди. Кўринишидан 1991-йил таваллуд топганга ўхшайдиган, барча қатори мен билан автобусдан тушиб оламон орасида жим кетаётган ўсмирни тўхтатиб сўрадим:

    -Ука, постга қандай борсам бўлади?

    У менга бир муддат тикилиб қолдида сўради:

    -Товарга кетияпсизми ёки ишга?

    Негадир мени савдогарга ўхшатган ўсмирни алдашга мажбур бўлдим:

    -Мани Қорасувда қариндошларим бор, бир-икки кунга меҳмондорчиликка кетияпман. Ўсмир савол беришни яхши кўрар экан:

    -Қаердансиз? Ман,-деб гапирияпсиз. Шевангиз Тошкентникига ўхшар экан-у лекин биниб турибди Тошкентлик эмассиз.

    -Ука, ман Жиззахликман. Ҳа,-деб саволларга кўмиб ташламагин. Мен постга қандай бориш ҳақида сўрадим. Нечанчи йилсан ўзи?

    Ўсмир хиёл кулимсиради:

    -Ўзингиз ҳам саволларни қалаштириб ташладингиз. Мана шу кетаётганларнинг ҳаммаси чегара постига кетмоқа.Мен 83-йилман.

    Ҳайрон қолдимки, мен билан бирга автобусда келган андижонлик ватандошларимнинг барчаси ҳар куни тирикчилик илинжида Қирғизистонга ўтишар экан. Ҳайратимга ҳайрат қўшгани - ҳаёт қийинчиликлари-ю турмуш ташвишларида эзилганлиги чеҳрасидан, гапларидан сезилиб турган 1983-йил туғилган йигит 91-йил таваллуд топган ўсмирга ўхшар экан. Мен ҳам сукут сақлаган ҳолда жимгина одимлаётган ватандошларимга қўшилиб анчагина юрдим. Бир оз юрганимиздан кейин қатор тизилиб навбатда турган ҳалойиққа дуч келдик. Ёнимда ўсмирга ўхшаб турган йигит менга маслаҳатлар бера бошлади:

    -Етиб келдик. Паспортизга эҳтиёт бўлинг. Имкони борича паспортиззи кўрсатманг. Жиззахлик экансиз. Кўп пул сўрайди. Паспортим йўқ,-деб қўлига 500 сўм бериб ўтиб кетаверсайиз ҳам бўлаверади. Иложи борича аёллар орасида туриб, ўтиб кетишга ҳаракат қилинг. Шунда муаммолар камроқ бўлади. 13-майдан буён муслималарни кўп титкиламайдиган бўлиб қолишган. Пастга отиб юборишса ўзингизн йўқотиб қўймасдан Қирғизистон томонга сузинг, бир амаллаб юқорига чиқиб олсангиз бўлади.

    Мен унинг гапларининг аксриятига тушунмадим ва қайта сўрамоқчи бўлган эдим у “гап тамом”,-дегандек тез-тез юриб олдинга ўтиб кетди. Мен Ўзбекистон Қорасуви ва Қирғизистон Қорасувини бирлаштириб турган кўприк – чегара постига яиқинлашганим сари маслаҳат берган ватандошимнинг тушунарсиз гапларини тушуна бошладим. Катта анҳор,-деб аташ мумкин бўлган дарёнинг устига қурилган кўприк томондан аёл кишиларнинг чинқиришлари, болаларнинг биғғиллаб йиғлаши ва катта ёши инсонларнинг сўкинишлари эшитилар эди. Мен бу ғала-ғовурни эшитар эканман, юрагимга қўрқув оралади.

    Табиатдан унчали қўрқоқ эмасман, лекин аминманки, вазиятга гувоҳ бўлган ҳар қандай ўзбекнинг юрагига қўрқув оралар эди. Секинлик билан олдинга силжиётган оламон билан кўприк томонга борар эканман, даҳшатли қий-чувли ҳолат янада аниқроқ кўрина бошлади. Кўприк икки қисмга бўлинган бўлиб, ўнг тарафидан Ўзбекитондан Қирғизистонга ўтаётган инсонлар ўзбек чегарачилари томонидан диққат билан текширилмоқда. Юки йўқ, Андижон вилоятининг ўзидан бўлган муслималар паспортларини кўрсатганча ҳеч бир қийинчиликсиз ўтиб кетишмоқда. Қирғизистон томонга ўтишаётганларнинг айримлари пул бериб, айримлари пул бемасданда қийинчиликсиз нариги тарафга ўтишаётган бўлишсада, Қирғизистондан Ўзбекистонга ўтаётганларнинг ҳар бири албатта пул беришга мажбур бўлишмоқда. Пул тўғрироғи пора беришга эътироз билдирганларга эса турли айбловлар ёғдирилиб Ўзбекистонга олиб ўтилаётган товарлари мусодара қилинмоқда.

    Ҳов, ана пул беришни итамаган, товарлари мусодара қилинишига кескин қаршилик кўсатган кишини ўзбек чегарачилари кўприкдан пастга улоқтириб юборишди. Шоввуллаб оқаётган сойга тушиб кетган киши бир икки марта жон ҳолада бақирди-ю негадир жимиб қолди. Текшириш навбати ўрта ёшли аёлга келди. Чегара ҳайбийлари ундан пул талаб қилиган эди, аёл:

    -Инсофларинг борми? Мени беш нафар фарзандим бор. Уларни едириб ичиришим, уйлик-жойлик қилишим керак. Отасини 13-куни отиб ташладиларинг. Бу золимнинг дастидан ўзбек ҳалқи кун кўра олдими ўзи?,-деб баланд овозда ҳақ гапни айта бошлади. Шунда чегара ҳизмати нозирларидан бири аёлнинг юкларини текшираётган чегарчига тушунарсиз бир имо қилган эди, улар аёлни резина таёқ билан шавқатсиз равишда калтаклай бошлашди. Қаттиқ зарбалар билан ваҳшийларча калтакланаётган аёлни бир зумда овози чиқмай қолди.

    Мен ёнимда турган ватандошимдан сўраб билдимки бу каби ҳолатлар ҳар куни такрорланар экан. Менга нисбатан расман қидирув эълон қилинмагани учун паспортимни кўрсатмасдан деярлик қийинчиликсиз, бироқ албатта пул берган ҳолда кўприкнинг нариги тарафига ўтиб олиб қиғиз ерига қадам қўйдим. Шундан сўнг хаёлим бошқа нарсалар билан банд бўлган бўлсада кўз олдимдан оғир зарбалардан бир пастда нафаси чиқмай қолган аёл ва сойда оқиб бораётган киши кўз олдимдан кетмади.

    Дўстим Ҳикматиллонинг гапларини тинглар эканман, ўзбек ҳалқининг шўрпешоналигидан куюндим. Миллати ўзбекнинг елакасига офтоб тегмаётганидан афсус-у надоматлар чекдим.


    Жойлади: Маъмур
    Всего комментариев: 0
    Добавлять комментарии могут только зарегистрированные пользователи.
    [ Регистрация | Вход ]
    Copyright MyCorp © 2024
    Сайт управляется системой uCoz