Барг устида ўрмалаётган ипак қурти бир зумгина тўхтаб, бошини
кўтарди-ю, атрофида ҳаёт жўш ураётганини кўрди: кимдир чириллаб қўшиқ
айтарди, кимдир сакраб қувнарди, кимдир роҳатланиб учарди... Атрофдаги
ҳамма тинимсиз ҳаракатда эди. Фақат у бечорагина учолмасди, қўшиқ ҳам
айтолмасди. Ўрмалашдан ўзга юмуш қўлидан келмасди. Бир баргни кемириб
адо қилиб, иккинчисига ўтгунча ўз назарида дунёни айланиб чиққандай
бўларди. Бироқ, шунга қарамасдан у тақдиридан нолимасди, бошқаларга
ҳавас ҳам қилмасди, «ҳар ким ўз иши билан шуғулланмоғи лозим», деб
ҳисобларди. Ҳафталар ўтиб, ўзига ипакдан ажойиб уй тўқишга навбат етди.
У ошиқча мулоҳаза қилиб ўтирмай, ўзига буюрилган юмушни адо этишга
киришди — атрофини ипак толалари билан ўраб чиқди-да:
— Яна нима қилай? — деб сўради.
— Сабр қил, — деган овоз эшитилди, — ҳаммаси ўз навбати билан.
Вақти
келиб ипак қурти уйғонди, у энди аранг ўрмаловчи қурт эмас, гўзал
капалак бўлиб кўз очди. Ўзининг ипак саройидан чаққонлик билан ёруғ
дунёга чиқиб, чиройли қанотларини қоққан ҳолда уча бошлади...