Ризобек Воскресенье, 2024-05-05, 15.48.04
Приветствую Вас Гость | RSS
Главная | | Регистрация | Вход
Меню сайта
    Статистика

    Онлайн всего: 1
    Гостей: 1
    Пользователей: 0
    Форма входа

    Главная » 2008 » Ноябрь » 23 » АДАБИЁТ
    12.34.37
    АДАБИЁТ
     Ғафур ЙЎЛДОШЕВ

     К     Ў     З     Г     У

    ( ҳ и к о я )

    Ён қўшнимиз Лутфинисо холанинг уйида тенг иккига бўлинган ойна бор. Эскириб кетган бу ойнани, хонадон эгаси доимо авайлаб асрайди. Эсимда, бир куни ёшлигимда, холанинг ташқарига чиқиб кетишини пойлаб турдим. Ичкарида ҳеч ким қолмагач, югуриб бориб, ойнанинг ярим қисмини олдим. Оддий, юпқа ойна – сарғиш, баъзи жойларининг сири кўчиб, нариги томони кўринадиган бўлиб қолибди.

     – Вой, боласи тушмагур–эй, бунга тегманг, синдириб қўясиз! – деб қолди орқамда пайдо бўлган хола қўлимдагини тортиб олиб, ўз жойига–узунчоқ токча ичидаги шериги ёнига суяб қўяркан. Кейин қўлимдагини тортиб олгани ўзига таъсир қилди шекилли, кўнглимни кўтариш учун ойна тўғрисида бир эртак айтиб берганди. Эртакнинг мазмунига кўра, юртга бало-қазо ёғилиб келган қадим замонда бир довюрак йигит чиқиб, ойна билан душманларни куйдириб ташлаган экан. Ўшандан бери токчадаги ойна мен учун мўъжизадек бўлиб қолган. Тушларимда уни ушлаб, гоҳида фашистлар, гоҳида девлар билан урушардим. У пайтда ёш эдим–да, мана энди дунёда сеҳрли ойналар йўқлигига, бўлмаган ва бўлмаслигига ақлим етади. Сеҳрли деган сўзнинг ўзи ёлғон. Бироқ, Лутфинисо холанинг уйидаги ойнада бари бир қандайдир сеҳр бор экан.
     Кеча, талабаликдан таътилга чиқиб, Москвадан келганимнинг иккиинчи куни эди.
     – Лутфинисо холани кўриб чиққин, – деб қолди онам.
     – Ҳа, айтгандай, кўринмадими? – сўрадим таажжубланиб. Таажжубланишимнинг боиси: институтда тўртинчи йил ўқиётган бўлсам, қишми – ёзми ҳар сафар таътилга келганимда Лутфинисо хола “прапесор” ўғлини ўша куниёқ кўргани чиқарди.
     – Лутфинисо холангни уч–тўрт кундан бери тоби йўқ, – деди онам хўрсиниб қўяркан.
     – Тинчликми?

     – Совуқ бирданига тушганига белим оғрияпти, – дейди. – Аслида, келини кетиб қолганидан бери бечора кўп касал бўлаяпти.
            
    – Ия, келини кетиб қолдими?!

     – Анча бўлди–ю? Пахта терими бошланганида кетганди.

     Онамнинг шу гапидан кейин ҳозирги замон келинларини жуда ёмон кўриб кетдим. Улар мени кечирсинлар–у, садоқат–вафо ҳозирги келинларда сал камроқ.

    Лутфинисо холанинг раҳматли ўғли Баҳриддин ака холага эри Мамаюнус тоғадан яккаю–ёлғиз ёдгорлик бўлиб қолганди. Тўрт йил аввал август ойида, кечаси даладан қайтаётган Баҳриддин ака трактори билан каналга ағдарилиб кетди… Бечора, ҳар гал келганимда, “ука, ўша Москва томонларни суриштиринг, келин аянгизни олиб бориб бир кўрсатайлик, докторларининг илми ўткир дейишади”, деб хотинининг – ўн йиллик турмуш қилган хотинининг ҳамон фарзанд кўрмаётганидан гапирарди.

     Хуллас, ҳозирги замон келинларидан ғижинганимча қўлимда онам берган иссиқлиқ қўшнимизникига кириб бордим.

    Икки қанотли, чеккаларида узун–узун нақши бор дарвоза ўша–ўша: бир қаноти шўрлашиб кетган пастак паҳса томон очиларкан, ҳали ҳам ғийқиллайди. Мана ҳозир ёшим йигирма олтига кирибдики, эсимни таниганимдан буён бу ҳовлида ҳеч нарса ўзгармаган: ўша қари олма дарахти, унинг ёнида ташқариси лойсувоқ, томига қора қоғоз ёпилган ҳозирда, бўйим баравар бўлиб қолган уй. Бу уйни, бу нураб тугаётган паҳса деворни қўни–қўшнилар неча маротаба янгилаб берайлик дейишган. Баҳриддин ака учун эса, “эскилик сарқитидан қутилиш” бир умрлик орзу бўлиб, онасига доимо уйни ўзгартириш ҳақида гапирарди. Аммо Мамаюнус тоғадан буларнинг бари ёдгорлик дея, кампир ҳалигача ҳеч нарсани янгилатгани унамайди. Фақат ҳовлининг этагидаги шиферли, баланд уй бундан ўн–ўнбеш йилча аввал, Баҳриддин ака уйланмасидан бурун қурилганди.

    Пастак эшикка яқинлашгач, қаттиқроқ йўталиб, овоз бердим, “ким у, келаверинг, эшик очиқ?” дегани эшитилди Лутфинисо холанинг.
              
    Остона ҳатлаб ичкарига кирарканман димоғимга гуп этиб ҳушбўй ис урилди: “Исриқники!” – бу хонадонда кунига уч маҳал тутатиладиган исриқнинг ҳиди.
    Хона ним қоронғу эди. Лутфинисо хола кираверишнинг ўнг тарафидаги сандалда, деразага орқа ўгирганича хиёл букчайиб ўтирарди. Устида қавилган пахтали камзул. Бошида майда гулли, тузсиз қора рўмол. Сандал тепасида бўлса мен ҳеч қачон пастга тушганини кўрмаганим – ўша иккига бўлинган таниш ойна.
    – Ассалому алайкум, – дерканман:

     – Ҳаҳ-Набижон болам–а, яна овора бўлиб юрибсизми? Битта қорним тўймай қолармиди–я, – деб укамнинг исмини айтди кампир.

     – Хола, мен Анварман, – дедим.
     – А?! Йўғ – эй?! – Лутфинисо хола кутилмаганда ўрнидан тура бошлади. – Вой прапесор бўла туриб мени йўқлаб келганингиздан айланай!

     Танимаганимни кўрмайсизми, қарилик қурсин! Набижон ҳар кунгидек овқат олиб чиқаяпти, деб ўтирибман.

    Ўнг елкамни иккала қўлларида силаб кўришиб бўлган Лутфинисо хола букчайган кўйи, белини ушлаганича, оқсаб ва бироз инқиллаб тахмонга яқинлашди. Тўшак олишга чўзилди.

     – Қўйинг, овора бўлманг, хола, – дедим.

     – Ий-э, гапингиз қизиқ, бир – иккида кириб юрибсизми?!

     Меҳмон тагига тўшак солиш одатини хола ҳеч қачон тарк этмасини билганимдан, ноилож атлас тўшакчани ўзим олишдим. Лутфинисо хола бўш қўлида уни уйнинг тўри томонига тўшади. Ўтирганимиздан кейин кампир фотиҳага қўл кўтарди.

     – Сизни яхшилаб кўриб олай, бу сафар соғинтириб юбордингиз, – деди сўнгра термулиб. – Сизда гинам бор, менга ҳам хат ёзсангиз бўлаверади. Ҳадеб ўзингизнинг уйингизга ёзасиз, бу ер ҳам бегона эмас, ўзингиз катта бўлган жой.

    Мен айбдорларча бошимни пастга эгиб, кулимсирадим.

    – Вой, мени ўтиришимни қаранг, – кампир ўрнидан қўзғолди.

     – Хола, уринманг, мана, чойни ўзим олиб чиққанман, – дедим кампирни қора қумғон томонга интилганини кўриб.
     – Онангиз барака топсин–да, ўзлари емай менга узатишади. Қарига чоғимда уларга ҳам ошиқча юк бўлдим, – деркан кампир букчайган гавдасини хиёл тўғрилаб, барибир орқасидаги токчага чўзилди. Эшик билан дераза ўртасидаги бу токчада олдига темирдан нақш солинган кичкина сандиқча турарди. Хола сандиқчадан қанд–қурс аралаш майиз, ёнғоқ, писта, бодом, олма ва ўрик қоқилар олди. Ҳамда бу атрофдаги қўшнилардикида йўқ, фақат шу хонадонга хос чилонжийдалар дастурхонни безади. Бу ширинликларни кўргач, худди ёшлигимдагидек юрагим дукурлаб кетди. Ширин энтикдим. Уй ичини ошкора кузата бошладим. Ҳамма нарса бояги – бояги: кираверишнинг чап томонидаги ўчоқ, олдида айлана ғишт терилган, мўрисининг бошланишидан тортиб, қоп–қора қурум босиб кетган ўчоқ. Ўчоқнинг рўпарасида оқ пўстак. Ундан нарида устига ғишт ётқизилган обрез, лабида қумғон ва тепасига фанер ёпилган иккита тунука пақир турибди. Обрез устида ҳар сафаргидек ғўзапоянинг ечилган боғи. Берироқдан шундоқ ернинг ўзига похол ташалиб, устига кийгиз тўшалган. Ўша, уруш замонидан қолган патак кийгиз. Уйнинг қадимийлигини билдирувчи асосий белгилардан яна бири – оқланмаганлиги. Деворлар сомон – сувоқ бўйича қолиб кетган. Лекин урушдан кейин ишлов берилганлигини билдиради, шўрлашиб кетган жойлари кўзга ташланиб турибди. Токчаларнинг қирралари ҳам анча уринган. Дарҳақиқат, токчалар ҳаддан ташқари мўл. Қибла тарафда эса иккита меҳроб бор. Уларнинг бирида жавон, бошқасида сандиқ жойлашган. Ранги ўчиб кетган жавоннинг ҳам, сандиқнинг ҳам тепасига кўрпа–тўшак тахланган.

    Ҳали мен ичкарига кирганимда сандал устида ётган, дастурхон ёзиш баҳонасида Лутфинисо хола дераза томонга олиб қўйган таниш ойналар, аввалда ўша мехробларнинг ўртасидаги узунчоқ токча ичида, бир–бирига жипс суялган бўларди.

     Ёшлигимда бу уй жуда кенг ва аллақандай сирли кўринарди. Ҳозир эса тўрт қадам ташлаш билан нариги томон деворига бош урилади. Айниқса, биз атрофда ўтирган мана шу сандал ҳам одатдагига қараганда кичикроқ, лекин анча жойни эгаллаган. Фақат аввалги пайтлардагидек сандал устига икки қават кўрпа ёпилган. Қўлда қавилган ва пахтаси қалин бу кўрпаларнинг устидагиси – шапалоқдек–шапалоқдек гули бори ласдан, тагидагиси, каттароғи эса, сийдом кўк рангдаги селон материалдан.

     Аммо бу гал уй ичида сезиларли камчилик бор. Авваллари қишда, анови бурчакда похолга ўралиб, хиёл кўриниб турган қовун–тарвузлар ётарди. Иккинчи етишмовчилик – вассажуфтли шифт ўртасидаги каттакон харига осилиб, қаторлашиб турадиган олма, анор, беҳи, узум ва халтадаги қуртларнинг йўқлиги. Олдинлари бу уйга кирган одам исириқникига омухта таралаётган меваларнинг хушбўй ҳидидан рохатланарди. Билишимча, Баҳриддин аканинг ўлимидан ва анови бедаво келиннинг кетиб қолишидан, Лутфинисо хола юқоридагиларга эътибор қилмаган кўринади.

    Лутфинисо хола бор бисотини сандиқчадан олиб, дастурхонга тўкиш билан овора экан, секин узалиб, токчадаги ойналардан бирини олдим. Айлантириб кўраётгандим:

    – Сизга мени шу ойналаримдан теккан–да, – деди хола. Сандиқчани ёпиб, жойига ўтираркан. – Шу ойнамга жуда ишқибозсиз–да. Ёшлигингизда ҳам қачон кирсангиз, фикру зикрингиз ўшанда бўларди. Мана энди кап–катта прапесор бўлибсиз, Маскопларда ўқияпсиз–у, тағин шунга ёпишасиз–а, тавба.

    Аввалига индамай кулиб турдим.

     – Хола, – дедим ниҳоят. – Буни ўзи нимага сақлайсиз? Синган нарсани уйда сақласа ёмон бўлади дейишади–ю.

     – Эндигина сизнинг кирганингизга хурсанд, ҳаммаси эсимдан чиқиб турганди, уф... ярамни янгиладингиз болам!... Майли бугун буни сизга бераман, опчиқиб кўз кўрмас жойга ташлаб юборасиз, зора синганни уйда сақлаш ёмон бўлади, деган гаплар рост чиқиб, Мамаюнус тоғангиз эрталаб эшикдан соғ–омон кириб келса.

     Холани хафа қилдим. Кўнглим ғаш тортди. Нима дейишни билмай қоларканман, унинг ўзи гап бошлади. Мана менга айтиб берганлари:

    ...Ўша куни уларнинг – Мамаюнус билан Лутфинисонинг тўйлари эди. Гарчи йигит ва қиз бир ойча олдин бир–бировини узоқроқдан кўрган, ота–онасига маъқул ишорасини қилган эса–да, тўй куни қадимий одат бўйича уларни “таништириш” маросими бўлганди.“Таништириш” одатда ойна орқали бўларди. Лутфинисога бу ҳақида тўйдан олдин қўшниси Моҳпора опа гапириб берганди. Тўй тўпалонлари тугаб, барча тарқалиш тараддудига тушган бир вақтда, попуклари узун–узун каттакон оқ шоҳи рўмол ўраган ва бошини букиб олган Лутфинисони тўрт хотин чимилдиқдан олиб чиқишди. Ўртага, одамнинг белича баландликдаги қаватма–қават тўшалган кўрпалар устида чордона қурган куёв – Мамаюнуснинг рўпарасига келтиришди. Куёв Лутфинисонинг қўлтиғидан қўлини ўтказиб, даст ўзига тортди–да, ёнига ўтқазди.

    – Бу ёққа қаранглар–чи, – деган овоз келди орқадан.

    Боши кўрпага теккундек эгик Лутфинисо рўмолининг бир чеккасини тишлаганича қимирламай ўтирганди, кимдир елкасидан ушлаганини сезди.

     – Келин бола, бу гап сизга ҳам тегишли, бурилинг мундай, – деди елкасидан тутган аёл.

    Сўнг: – Ҳаҳ, ҳў–ў, мунча энди рўмол учини тишлаб олмасангиз, – деб Лутфинисонинг юзини хиёл очаркан:

     – Жа–а, қўрқманг, куёв одам емайди! – деганича бутун уйни кулдирди.

     – Бу ёққа қаранглар–чи, – деди яна дастлабки овоз.

    Куёв–келин кўзини пастдан узиб, кимдир тутган ойнани – ойнадаги бир–бирининг аксини кўришди.

     – Қани, куёв бола, гапиринг энди,– деди тағин ўша овоз. – Ойжамолми, кунжамол?!

    Айни чоғда уй ичидаги бошқа аёллар ҳам унга жўр бўлиб сўрашди:

     – Ойжамолми, кунжамол?!

    Одат бўйича куёв келиннинг сочини қуйидан юқорига қараб уч маротаба силаркан:
    – Ойжамол! – деди аста.

    Айни пайт аёллардан бирови ҳазил қилди:

    – Бугун нон еганмисиз, куёв бола, овозингиз чиқмайди–я!

     Гурра кулги кўтарилди.

     – Уйингга буғдой тўлгур Соҳибахон–эй, куёвимизни қалампирдай қизартириб юбординг–ку! Қани энди келин пошша, Ойжамолми, кунжамол?!

     Бу сўров ўз–ўзидан маълумки, Лутфинисога қаратилган эди. Куёв унинг юзини ойнада кўриб, ойдай тўлин, ҳуснидан нур ёғилиб тургувчи экан деганида, келин энди куёвни қуёшга таққослаб, истараси қуёшдай иссиқ экан дейиши керак эди. Лекин Лутфинисо гапирганди, товуши чиқмади.

     – Қаттиқроқ! – деди бу сафар ҳам Соҳибахон, худди куёвга ҳазил қилган оҳангда.

     – Ие–э, сизга нима бўлди, Соҳибахонбону?! – жавоб қайтарди Лутфнисонинг ўрнига келин аяси. – Бугун қулоғингизга пахта тиқиб келганмисиз–а, кунжамол деди–ю!

     Шу билан таништириш тугаб, янги хонадоннинг келажак йўли доимо ёруғ бўлсин рамзи сифатида кўзгуни токчага олиб, бошқа буюмлар қаторига қўшиб қўйишди...

     Тўйдан бир ҳафта ўтиб урушнинг дараги келди. Кейинги ҳафтасига Мамаюнус урушга кетди. Ғам келса, йиғилиб, ҳаммаси бирга келади, деганларидай тўсатдан уларни таништирган ойна ҳам синиб қолди. Ҳали чилласи чиқмай висолдан бенасиб қолган келинчак ҳижронга чидаёлмай далада хотинлардан эшитганини қилди, яъни узоқда юрган кишисини кўришни хоҳлаган одам ёстиқ остига кўзгу қўйиб ухласин экан, тушига соғингани кирармиш. Тақдир: Лутфинисо эрталаб уйғонса, ёстиқ кўз ёшидан ҳўл, остидаги кўзгу қарс иккига бўлинган!...

    Хола ҳикоясини тугатиб, жим қолди.

     – Дунё шунақа экан, болам, – деди кампир анчадан сўнг уҳ тортиб. – Сиздан–ку, хафа бўлмайман, ёшсиз. Бошқалар–чи, шу синиқ ойнани неча маротаба юзимга солишмади. Хосиятсиз ойна, ташлаб юбор, деб шунчаки айтишса ҳам майли эди, сен бундан кечмадинг, мана Мамаюнуснинг ҳам бошига етдинг, деб гапирганлар бўлди.

     – Энди эса бир дардим икки бўлиб ўтирибди, – деганича давом этди хола. – Эрталаб Ёрназар бува билан уста Мисиржон киришибди. Пахта бошланган пайтда келинимга жавоб бериб юборган эдим. Ўшани қайтариб олиб келсак, ўзингиз ёлғиз қолдингиз, отаси ҳам жонимдан тўйдим деяётганмиш, совчилар келавериб жонига тегибди. Келиним бечора бўлса мен энди эрга чиқмайман, Баҳриддин акамдақаси энди барибир бошимга битмайди дермиш, – хола рўмолининг учини олиб кўзига босди. – Бечора келинимни уйдан қувлагандай қилиб ўзим кеткизгандим. Ўн икки йил турмуш қилиб фарзанд кўришмади, мана Бахриддин ҳам энди ўтиб кетди, эхтимол бошқа биронтаси билан турмуш қилса ажабмас дебман–да, – орага яна бироз жимлик чўкди. Лутфинисо хола ёшли кўзларини қайта – қайта артаркан, яна бир “уф”лаб: – Мен умр бўйи бевалик дардини тортдим, энди бу бечоранинг бошида бормиди! – дея йиғламсиради.

     Биз сукут ичида анча ўтирдик. Қаердадир ит бўғиқ ва узоқ увлади. Хўроз барвақт қичқирди. Буларга қўшилиб радиокарнай товуши келди. Соат занг уришни бошларкан, билагимдагига қарадим. Собиқ синфдошлар билан учрашувимиз бор эди, бир соат кечикибман. Лутфинисо хола ҳам буни дарров сезди:
     – Қаригандан кейин одамзод шунақа кўринганга дардини айтиб,
    йиғлайдиган бўлиб қоларкан–да, сизни ҳам вақтингизни олиб, анча бошингизни айлантирдим...

     – Йўғ–эй, қизиқмисиз хола...

     – Туш билдиради дейишади. Бугун кечаси Мамаюнус тоғангиз “ойна, ойнани олиб бер” деб юрган экан. Ўша синганидан бери ҳеч бунақа гапирмаганди. Кирмасингиздан бурун ойнани олдимга қўйиб, нимага бундай деди экан, дея ўйланиб ўтиргандим.Мана шуларни сизга айтишим эканда... Шошилаётган кўринасиз, мен анча вақтингизни олдим–а?

     – Ундай деманг–эй, хола...

     – Майли болам, бизни йўқлаб кирибсиз, илойим Худойимни ўзи сизни сийласин! Катта бошингизни кичик қилиб келибсиз, илоя кам бўлманг.

     – Ҳе–э хола, унақа деманг-эй, мен қанақа “каттаман”?!

    – Ҳа-энди, Маскопда ўқияпсиз, каттакон бўласиз-да...

     – Қўйинг хола, мен доимо ўша кичкинагина ўғлингизман.

    –  Илойим, доимо шундай камтар бўлинг! Овмин!

    Шундай қилиб Лутфинисо хола билан эртага яна кираман дея хайрлашдим. Лекин энди ҳовлига чиққанимда, кампир қайта чақириб қолди.

     – Эртага келинимни олиб келишмоқчи. Мени ва Баҳриддинни секин–аста унутиб юборади, олиб келманглар, дедим. Лекин юрагим сезиб турибди, назаримда келинимни олиб келишади, – деди хола ва хўрсинди. – Шунинг учун ўғлим бу ойнани олиб чиқиб кетинг. Канал томонга ўтганингизда сувга итқитиб юборарсиз. Ҳали сиз кирмасингиздан аввал ўзим буни ҳовлининг ҳов чеккасига кўмиб ташласамми деб тургандим. Эҳтимол, одамларнинг гаплари ҳам ростдир, ўшанда синдирмаганимда Мамаюнус тоғангиз отинг ўчгур урушдан соғ–омон қайтармиди. Эртага келиним келса, бунинг касофатига у бечора ҳам дунёдан бир умр бева бўлиб ўтмасин, худо хоҳласа ўзим унга бирор эслироқ куёв топиб шу жойдан узатиб юборарман деяпман.

    Бу гапдан кейин мен нима дейишимни билмай қолдим. Лутфинисо хола мажбурлади...

    Собиқ синфдошлар билан тунги ўтиришимиз эрталабгача давом этди. Гарчи ора–чора ёзилган бўлсам–да, то тонггача Лутфинисо хола хаёлимдан кетмади. На соати, на радиоси, на бирор суҳбатдоши бор ним қоронғи хонада кампир ўзи–ла танҳо, бир нуқтага қараб жим ўтирибди. Эрталаб ҳам, кечқурун ҳам – умуман кун бўйи ҳам шундай: ним қоронғу хонада якка–ёлғиз жим ўтираверади...

     Эрталаб учрашувдан уйқусираганча уйга қайтарканман Лутфинисо холанинг дарвозаси олдида одамлар жанозага тўпланиб турганини кўрдим. Ҳовлидан аёлларнинг йиғи товушлари эшитиларди...

    Манба: "Муносабат"
    Жойлади: Маъмур
    Всего комментариев: 0
    Добавлять комментарии могут только зарегистрированные пользователи.
    [ Регистрация | Вход ]
    Copyright MyCorp © 2024
    Сайт управляется системой uCoz