Ҳалқимизда ажойиб нақллар бор. "Қопда бигизни яшириб бўлмайди", "Ойни этак билан ёпиб бўлмайди", "Юзинг қийшиқ бўлса, ойнадан ўпкалама" сингари мажозий маънодаги бу каби ҳикматлар хазинаси бошқа халқларда ҳам борми ёки йўқ билмадимкуя, лекин уларнинг мазмун-моҳияти жуда чуқур. Дарвоқе юқоридаги нақлларнинг аслан маъноси эса ҳақиқатни яшириб бўлмайди, дегани бўлса керак.
Айрим дўстларимиз юзига ҳақиқатни айтсангиз тутқаноқ тутар даражада жазавага тушиб қолаётганларини кузата туриб, "Ўзбекистонда ошкоралик йўқ, матбуот эркин эмас, уни бўғишаётибди", дея ҳайқириқлар ёзамизу "пичоқни ўзингга ур, оғримаса бировга" , деган нақлни ёддан кўтармаяпмизмикан, деган саволни ўртага ташлагинг келади. Хўш, демократликка даъвогарлик қилаётган зиёлиларимиз, хусусан ўзларини ўзбек ҳукуматига мухолиф сановчилар очиқ гапга, танқидга, аниқроғи бор ҳақ гапга қанчалар чидамлимиз?
Дўппини бошдан олиб қўйиб бир жавоб излаб кўрингчи. Ҳақиқат ва танқидни бўҳтон ва туҳмат атамаётибсизми? Қўлингизда ҳеч бир далилсиз бошқаларни у ё бу сўзни эҳтиётсиз муомала қилаётганига даъво қилиб, ўзингиз туҳмат қилиб қўймаяпсизми?
Бир сўзнинг остидан, тирноқ остидан кир қидиргандай турли ножўя маънолар қидирмаяпсизми?
Шу ўринда мухолифатчилар ҳақида бир латифага ўхшаш эшитганим ёдимга тушди. Унда шундай ҳикоя қилинади:
Бир мухолифатчи иккинчиси билан жимгина ўриндиқда ўтиришибди. Икколовининг ҳам кўзлари ерга қадалган, ўй суришяпти. Шу чоқ улардан бири ўйлари қочиб, илк назари тушгани ерда ўрмалаб кетаётган чумоли бўлди ва беихтиёр "чумоли" сўзини овоз чиқариб айтди. Иккинчиси шу чоқ унинг "чумоли" сўзини эшитди-ю, ўй сура кетди.
- Нима деди? Чумоли дедими? Мени чумоли, деяптими? Ие, чумоли бўлсам...Наҳотки...Чумоли ахир эркак бўлиши мумкин ё урғочи...Демак у мени урғочи, демоқчими?...Урғочи дедими, демак мени фоҳиша атаяптими?...
Шуларни ўй сура туриб, бири иккинчисининг ёқасига ёпишди.
- Кимни фоҳиша, дединг ярамас, ўзинг фоҳиша...
Бўлди жанжал, бўлди жанжал. Бири шунчаки чумолининг ўрмалаб кетаётганини кўриб, унинг номини овоз чиқариб айтганди холос...Талқинни ўзича тўқиган бошқасининг ноўрин ўйи туфайли кечагина ҳамфикр, ҳаммаслак дўстлар бугун бир-бирига рақиб, душман.
Бу каби муносабатлар мухолифатнинг бир қатламида эмас, деярли барчаларида, ҳоҳ кекса, ҳоҳ ёшлар орасида кенг тарқалган.
Ўз фикр-мулоҳазаларимизни, ўй-режаларимизни ақл-идрок билан ҳалққа етказа билмасак, улар бизга қандай ишонишсин? Бизда ўзгалар фикрига тоқат бўлмаса, озгина танқид ё даккидан хазондай ёнсак, қанақасига демократликка даъво қиламиз?
Назаримда диктатура бизлардан устун келаётганининг энг асосий сабабларидан бири ҳам ана шу бир-бировимизни тўғри тушуна олмаётганимиздан эмасмикан? Наҳотки "ҳалқи қандай бўлса, ҳукмдори ўшанга яраша", деган гап рост бўлса...