Ризобек Воскресенье, 2024-05-19, 06.34.17
Приветствую Вас Гость | RSS
Главная | | Регистрация | Вход
Меню сайта
    Статистика

    Онлайн всего: 1
    Гостей: 1
    Пользователей: 0
    Форма входа

    Главная » 2009 » Февраль » 10 » ҲОЛАТ
    10.19.45
    ҲОЛАТ
    Меҳр сочларингни оқартирибди...
      Болалигимизда сен менсиз, мен эса сенсиз ҳечам туролмасдик. Тўғри, доимо иккимиз келишолмай жиққилашиб қолсак-да, бир-биримиздан бирор нарсамизни аямасдик. Ўшанда бу туйғу нима эканини ҳатто тушунмаган бўлсак ҳам керак. Иккимизни ягона ўхшаш томонимиз кеч тушишини ёмон кўришимиз эди. Чунки кун ботиб, қош қорая бошлагач, сени ойинг чақирар ва сен уйингга чиқиб кетардинг.
        Инсон катта бўлгани сари ундаги ҳислатлар ҳам у сингари улғаяр экан, шекилли. Кундан-кунга сенда қатъиятли, бир сўзли йигитларга хос жиҳатлар намоён бўлиб борарди, мен эса қайсар, ғурурли қизга айланардим.
        Юқори синфга ўтган кезларимиз мактабдош қизларнинг сенга ҳар хил мактублар, дил изҳорлари битганларини кўриб ғашим келарди. Аммо уларга нисбатан сенинг бепарволигинг мени таажжублантириши билан бир қаторда қалбимни хотиржам қиларди.
        Баъзан «Қизиқ, қизлар ҳам шунақа ғурурсиз бўладими?! Ол, бу хатларни ўзинг бирор нима қиларсан. Хоҳласанг ташлаб юбор», – деб уларни менга берардинг.
        Ўша кезлар ўзи сенга қандай қиз ёқар экан, деган савол мени қийнарди. Сўрашга эса андиша қилардим…
        Сўнгги қўнғироқ. Ҳамма мактабнинг кенг ҳовлисида орзулари ҳақида жўшқинланиб гапирар ва келажакда устозлар билдирган ишончни оқлаш учун ваъда берарди. Навбат сенга келганида, олий ўқув юртида ўқиб, оилангнинг меҳрибон бошқарувчиси бўлишингни айтдинг. Бор-йўқ иккитагина гап айтдинг-у, қоп-қора соч-кўзларингга ярашиб турган оппоқ юзларинг қирмизи анордек қизариб кетди. Қаторга қайтгач, «Энди сенинг галинг», дединг.
        Қўлимда микрофон, кун иссиғу, юзимни совуқ тер босди. «Бизга ўн бир йил ота-онадек эътибор билан таълим берган устозларимизга раҳмат…» – фақат шуни айта олгандим.
        Куз келди. Ўзинг орзу қилганингдек, сен пойтахтга ўқишга кетдинг. Мен эса қўшни қиз, жувонларга ҳар янги кўйлак тикканимда ўзимнинг келин бўлишимни ўйлардим. Бўш қолдим дегунча, болаликда бирга ўйнаган ўйинчоқларимиздан театр қўйиб, роль ижро эттирардим. Театримда «меҳрибон оила боши» бор эди-ю, аммо чиройли малика бўладиган қўғирчоғим йўқолиб қолганди. Театрни фақат ўзим томоша қилиб, завқ олардим. Бу менинг кичкина сирим эди.
        Тилларанг ҳазонлар ерга тўшалгандек гўё. Ҳаво анча салқин. Кунлар нимагадир жуда секин ўтаётгандек эди. Бир куни кўкрак қафасимда кучли санчиқ бўлди. Бу ҳақда оғиз очганимда, ойимнинг нигоҳларида ғалати хавотирни сездим.
        Кечқурун даҳлизда ойимнинг йиғлаётганларини эшитиб, уйғониб кетдим. Эшик олдига бориб секин қулоқ солсам, «Ахир шифокорлар 20-22 ёшгача яшайди дейишганди-ку, энди нима қиламиз? Лайло энди 18 га тўлди. Ҳалитдан юраги нега безовта қиляпти? Ҳали… ҳали эрта… Шундоқ ҳам умри белгилаб қўйилган. Шуни ҳам тўлиқ яшамайдими?..» Дадам жим эдилар…
        Мана қор ёғяпти. Ҳаво жуда совуқ. Атрофнинг оппоқлигидан худди она ер хаёл сураётгандек сокин эди. Оёқ товуши ва қор ғичирлаши тўхтади. Қаршимда турардинг. Наҳот, ахир сочларинг қоп-қора эди-ку? Қўлларимга беролмаган қайсар, мағрур, чиройли, малика-қўғирчоғимни қабрим устига қўйиб қайтдинг…

    Шоҳида МЎМИНОВА.

    Жойлади: Маъмур
    Всего комментариев: 0
    Добавлять комментарии могут только зарегистрированные пользователи.
    [ Регистрация | Вход ]
    Copyright MyCorp © 2024
    Сайт управляется системой uCoz