Ризобек Воскресенье, 2024-05-19, 04.46.43
Приветствую Вас Гость | RSS
Главная | | Регистрация | Вход
Меню сайта
    Статистика

    Онлайн всего: 1
    Гостей: 1
    Пользователей: 0
    Форма входа

    Главная » 2009 » Август » 25 » Замонавий адабиётни ўрганамиз:Ҳавзи қулқулум (Кундалик китоб)
    00.38.22
    Замонавий адабиётни ўрганамиз:Ҳавзи қулқулум (Кундалик китоб)
    Жаҳонгир МУҲАММАД

    УНС


    31 июл, 2009 йил


    Тилимиз жуда бой. Бир сўзнинг бир қанча синонимлари бор. Биз  дўстлик деган калимани кўп ишлатамиз. Аммо айни маънони янада самимийроқ англатадиган унс деган сўз ҳам бор. Бу ота-боболаримиз ҳали “дўст” деган сўзни билмаганларида ҳам “унс” калимасини ишлатганлари учун ҳам самимийроқ.

    Гапнинг индаллосидан бугунги мавзуни англаб олдингиз-а?  Мана бу ўқиганим қизиқ хабар эса, уни янада ойдинлаштиради.

    Икки киши касалхонада, битта палатага тушиб қолишибди. Улар аслида битта маҳалладаги қўшнилар экан. Лекин биттаси кўчиб келганда машинаси йўлни бекитиб қолибди ва иккинчиси полиция чақирибди. Шу билан ораларига совуқлик тушиб, гаплашмай қўйишибди.

    Иккаласи ҳам бир-бирини танигандай бўлар ва бир-биридан нимадир сўрамоқни истар, лекин ҳеч бири “чегара”ни бузишга азм қила олмас экан. Шу зайл йиллар ўтиб кетаверибди.

    Ниҳоят палатада “чегара” бузилибди ва улар гаплашиб, аниқласалар, иккаласи  ҳам 1960 йилда биргаликда, битта учқичда АҚШдан Вьетнам урушига боришган ва биттаси ярадор бўлганда иккинчиси қутқарган экан…

    Бу хабарни ўқиб, жуда қийинчилик билан топилган дўстларни жуда осонлик билан йўқотиш мумкинлиги ёдимга тушди.

    Бундан 4 йил олдин турли сайтларда, кўпроқ  muslimuzbekiston.com сайтида Олимжон Тошниёзов ва Миллат Жумаевлар имзоси билан рус тилида ёзилган, кучли таҳлилга эга бўлган мақолаларни ўқий бошладим. Жуда саводли ёзилган бу мақолалар Ўзбекистондаги ҳақиқий аҳволни демократик қарашда таҳлил қилиб берар ва сизни чуқур ўйга толдирар эди. Кейинчалик билдимки, Миллат Жумаев имзоси билан ёзадиган йигитнинг  исми-шарифи Худойқул Ҳафизов экан.

    Улар билан танишдик, улар мен бошқрган Демократик Ўзбекистон Конгрессига аъзо бўлишди ва  биргаликда  бизнинг сайтга ҳам таҳлилий мақолалар ёзиб юришди.

    Кунларнинг бирида ярим тунда телефоним жиринглади׃

    -Сизга қамоқхонадан телефон бўляти. Қабул қиласизми? Қабул қилсангиз сизнинг ҳисобингиздан бўлади ва албатта суҳбат  магнит лентасига ёзиб олинади,-каби огоҳлантириш эшитилди.

    Сохта телефон қилиш билан пул оладиганлар ҳақида эшитганим учун қабул қилмадим. Қолаверса, бундай телефон илк бор келганди. (Кейинчалик кўп келгани учун қамоқдан қилинадиган телефонни энди ажарта оламан.-Ж.М).  Ўшанда ўйланиб қолдим. Балки танишлардан бири қамоққа тушган бўлса-чи?  Иккинчи саволга вақт қолдирмай телефон яна жиринглади ва қабул қилишимни айтдим.

    -Ассалому алайкум… Жаҳонгир ака, бу мен Худойқулман… қамоқдан телефон қилаяпман…

    Унинг овоз титраётган эди. Мен ҳам ҳайратда қолдим. Қамоқ… Нега?

    Гап шунда эканки, Худойқул ва Олимжон ўзлари билан бирга яшаган бир рус кишининг туҳматга таянган кўрсатмасига биноан терроризмда айбланиб, ваҳималар билан қамоққа олинибдилар ва уларни Ўзбекистонга депортация қилишмоқчи экан.

    Улар АҚШга келганда нотаниш кимсаларнинг гапига ишониб, олган ҳужжатлари сохта чиққани ўлганнинг устига тепган бўлибди.

    Хуллас, дарҳол АҚШ ҳукумати идораларига, халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотларига мурожаат қилиб уларни ҳимоя қилишга киришдик.  Мақолаларини тўплаб, таржима қилиб жўнатдик. Халқаро ташкилотлар уларнинг ҳимоясига адвокат ҳам олишди.

    Энди менинг телефоним ҳар куни жиринглайди ва׃

    “Бу Стиллватер, МН 55082 қамоқхонаси…” деб бошланадиган огоҳлантиришни эшитаман…

    Худойқулнинг Ватанда умр йўлдоши, митти-митти болалари қолган… У оиласига ёрдам қилиб турган… Кун ора сим қоққан.. У ёқда улар хавотирда…

    Бир иложини топиб, акаси билан, кейин укаси билан алоқа ўрнатдик. Уларга ҳам қийин. Ҳар куни мендан бир янги гап эшитишни истайдилар. Қамоқдан янги гап келиши қийин.. Кунлар, ойлар ўтиб бораверди ва  Худойқул менинг ҳаётимнинг ажралмас қисмига айланиб қолди. Оилада ҳам ўтирсак-турсак унинг болаларини, қариндошларини гапирадиган, ўйлайдиган  бўлиб қолдик.

    Ниҳоят дастлабки судларда улардан терроризм айби олиб ташланди, аммо уларнинг иммиграция қоидаларини бузганликлари иккинчи айб сифатида турарди. Лекин ишлари жиноят судидан муҳожират маҳкамасига ўтди. Суд уларнинг ишларини айри-айри кўриб чиқишга олди. Жумладан, Худойқул Ҳафизов 2006 йилнинг бошида озодликка чиқди. Севинчимнинг чеки йўқ эди. У менинг қадрдон дўстимга айланиб қолганди.

    Бир куни у сайтларга қуйидаги хатни ёзди:

    “Ҳаммаларингизнинг хабарларингиз бор, бундан бир неча ой муқаддам тақдир тақозоси ва баъзи мунофиқ шахсларнинг сай ҳаракати натижасида мен АҚШ федерал хизмати ходимлари томонидан ҳибисга олинган эдим.

    Ушбу фурсатдан фойдаланиб ниҳоят озодликка чиққанимни сизларга хабар қилмоқчиман.

    Албатта ортда қолган 6 ой муддат ҳаётимдаги энг мураккаб ва бахтсиз давр бўлса керак – деб уйлайман. Инсон ўзининг ҳақлигини ва ҳақиқатни исботлаши ҳар доим ва ҳар қандай жамиятда мураккаб жараён бўлиб келган ва менимча яқин келажакда шундай бўлиб қолаверади. Лекин бундай шароит бизни ҳақиқат учун курашишдан бездирмаслиги керак.

    Ушбу давр давомида ўзларининг беминнат ёрдамлари ва маслаҳатлари билан доим мени қўллаб-қувватлаб турган Жаҳонгир акага фурсатдан фойдаланиб алоҳида миннатдорчилик изҳор қилмоқчиман. Ниҳоят биргаликда қилган ҳаракатлар зое кетмади.

    Яна бир бор менинг тақдирим учун хайриҳоҳ бўлганларингиз ва маънавий қўллаб-қўвватлаб турганларингиз учун ҳаммаларингизга ўз миннатдорчилигимни билдираман.

    Ҳаммаларингизга соғлик-саломатлик, бахт ва омад тилаб,

    Ҳурмат ва эҳтиром ила,

    Ҳудойкул Ҳафизов (мақолаларимни Милат Жумаев номи билан ўқиб келгансизлар).

    03/24/2006″

    Шундан кейин у билан унсий суҳбатлар қисқа муддат давом этди, охирги марта у билан Нью Йоркда кўришдик. Дорихонада ишлаётганини айтганди. Бир кун мен телефонимни алмаштирганда ундаги номерларини йўқотдим. Шу билан унси барҳамга йўлиқдик. Электрон адресига бир икки хат ёздим, жавоб келмади.

    Олимжон Тошниёзовдан ҳам у қамоқдан чиққандан кейин икки марта хат олдим, жавоб ёздим ва шундан бери жимлик…

    Бугун қаерда экан улар? Балки мен яшаётган шаҳарнинг бир четида ва мен нафас олаётган ҳаводан нафас олиб юришгандир ва мен бундан бехабардирман?

    …Дам олиш кунларингиз яхши ўтсин!
    Жойлади: Маъмур
    Всего комментариев: 0
    Добавлять комментарии могут только зарегистрированные пользователи.
    [ Регистрация | Вход ]
    Copyright MyCorp © 2024
    Сайт управляется системой uCoz