Ризобек Воскресенье, 2024-05-19, 09.49.03
Приветствую Вас Гость | RSS
Главная | | Регистрация | Вход
Меню сайта
    Статистика

    Онлайн всего: 1
    Гостей: 1
    Пользователей: 0
    Форма входа

    Главная » 2009 » Октябрь » 27 » ҲИКОЯ
    00.35.47
    ҲИКОЯ
    Биринчи муҳаббатим ёҳуд отамнинг қотили

    Кеч куз. Тонг бўзариб отди. Ҳаво дилгир, майин салқин шабода эсиб турарди. Йўллар тунда севалаб ўтган ёмғирдан нам, ҳаводан енгил тупроқ ҳиди анқийди. Ўша куни машинамни устахонада қолдирганим учун, кўчага пиёда чиқдим. Ишхонамдан хизмат машинасини ҳам чақиртирмадим, таксида ҳам юрмадим. Бир мартагина бўлса-да, йўловчи транспортдан фойдаланмоқчи бўлдим. Бу қарорим эса ҳаётимни издан чиқариб, буткул ўзгартириб юбориши ҳатто тушимга ҳам кирмаган бир иш эди. Бекатга яқинлашиб, автобус кутаётганлар қаторига қўшилдим. Мендан нарироқда турган бир киши эътиборимни тортди. Абгор эгни-бошдаги бу киши 45-50 ёшлар атрофида эди. Заҳил юзи, букик қомати дарди бир қадар оғирлигидан нишона бериб турарди. Автобусга чиққач, ҳалиги киши билан ёнма-ён туриб қолдик. Тескари қараб тургани учун, унинг юзини кўра олмасдим. Аммо тутқичдан тутган панжаси орасида бир дона олма турарди. Унинг плаши шимарилиб, менинг қўлим устига чиқиб қолган, тиқилинчдан бу ноқулайликдан чиқиб кета олмаётгандим. Бир амаллаб уни сидириб ташлаш учун, қўл узатгандим ҳамки, ҳалиги одам:

    -Тўхтанг, тўхтатинг автобусни,-дея қўлимдан маҳкам тутиб олди.

    -Мени кечиринг, ҳеч нарсангизни олганим йўқ,-дея қўрққанимча унинг телбанома кўзларига қараганимча қотиб қолибман. Аммо негадир унинг кўзлари, нигоҳлари менга таниш эди. Ҳа, ҳа, бу нигоҳларни, қарашларни қаердадир кўргандек эдим. Шу қадар таниш эдики...

    Шу вақт автобус тўхтади. Ҳушимни йиғиб олар-олмас, ҳалиги киши олмани қўлимга тутқазди-да, "илтимос, сақлаб туринг",-дея автобусдан тушиб қолди. Мен ҳам шу ерда тушишим керак эди. Ортидан эргашдим. У эса жуда шошар, нуқул "ўлиб қолади, бечора ўлиб қолади", дер эди. У одам йўл четида автобусга келиб урилган, кўкси бошидан оққан қонга беланган кабутарни олиб силаб-сийпар, йиғлар эди. Кабутар бир муддат унинг панжалари орасида типирчилаб турди-да, жон таслим қилди. У одам энди баралла йиғлай бошлади. Атрофдан ўтганлар бу телба одамга ҳайрон боқишар, у эса буларнинг барчасига бепарво эди. Ҳамма уни телбага чиқармоқда, ҳатто мен ҳам. Аслида телба ким, аслида ҳам бу қарашларимиз ичра қай биримизнинг қарашларимиз ҳақиқатга яқин? Ҳа, шифокорман. Баъзан кўра-била туриб пора оламан. Ҳа, беморимнинг ўлим тўшагида эканлигида ҳам шундай йўл тутаман. Бошқалар ҳам шундай. Кўплар шундай. Улар йиғлашмайди, куйинишмайди, уларга бари бир. Уларда ачиниш ҳисси йўқ, уларда мурувват йўқ, шу сабабли ҳам бизлар ақлли, бу эса аҳмоқ.

    -Наҳот, шундай кимсалар ҳозир ҳам бўлса? Наҳот, қадр-қиймат, одамийлик каби ҳис-туйғулар йўқолиб бораётган паллада мана шундай фариштасифат кимсалар орамизда бор бўлса? Бу овозни қаерда эшитганман? Бу қарашлар, қонга беланган панжаларни қаерда кўрганман? Наҳот, бу манзара менга шу қадар таниш?! Ҳа, ҳа, эсладим. Бу ўша мудҳиш кундаги киши, отамнинг қотили! Исми, исми, ҳа, Фарҳод! Орадан шунча йиллар ўтса-да, унутмабман. Унутиб бўларканми?

    Ўша куни қўллари отамнинг қонига беланган қотил бугунги кунда ўлган қуш учун мотам тутмоқда эди. Ундан нафратланишни ҳам, ачинишни ҳам билмай, бир жойда туриб қолдим. Ёши анча катта бўлса-да, нафратимнинг зўридан уни сизлашга ўзимда куч топа олмадим.

    -Фарҳод! Тур ўрнингдан, ма, мана бу матоҳингни ол! Гарчи сендан нафратлансам-да, отамнинг қотили бўлсанг-да, уни асрадим. Оёқларим остида топтаб, эзғилаб ташлашим мумкин бўлса-да, уни асрадим,-дедим ғазабдан баъзўр ўзимни босиб.

    -Раҳмат, раҳмат. Лекин у, мана, ўлиб қолди. Унга энди ҳеч нарса керак эмас.

    Ўша кун ҳамон кўз олдимда. Ахир, туғилган кунни ҳам унутиб бўлар эканми? Ўша куни ўн ёшга тўлишим билан, отам катта тантана уюштирди. Дам олиш куни бўлгани учун, бир неча қадаҳ ҳам кўтарди. Тўсатдан, қўнғироқ бўлиб отамга оғир аҳволдаги бемор келтирилганлигини хабар қилишди. Қизиққанлигим ҳам эрка қизлигим боис, отам мени ҳам ўзлари билан боришимга розилик билдирди.

    Отамни касалхона олдида хушбичим, кўркам чеҳрали 20-23 ёшлардаги йигит кутиб олди. Унинг кўркам чеҳраси шу қадар қайғули эдики, кўнгли бўш одам бунга бепарво бўла олмасди.

    -Акажон, илтимос, унга ёрдам беринг, ўлиб қолади,-ёлворди йигит. Йигит чиндан жуда чиройли эди. У йигит бор бўйи билан менинг бола қалбимга биринчи муҳаббат бўлиб кириб келди. Ўша кездаёқ севгининг илк шаробидан маст бўлдим. Отам совға қилган кинокамерада уни ўзига билдирмаган бир тарзда суратга ола бошладим. Операция хонасидан чиқиб келган отам бош чайқади:

    -Иложи йўқ, олиб қолиб бўлмайди. Тушунинг, Фарҳод, на хотинингизни ва на болангизни асрай олмаймиз.

    -Акажон, қўлингиздан келади, сиз бунга қодирсиз, илтимос, ёрдам қилинг,-йигит тиз чўкди.

    -Тўғри, келади, лекин бунга пул керак,-деди отам менга нотаниш бўлган бегона бир оҳангда ва хонасига ўтиб кетди. Мен эса ҳамма-ҳаммасини ўзим билмаган ҳолда камерага олиб турардим.

    -Ўлдираман, сени. Улар ўлса, сен ҳам омон қолмайсан,-деди у йигит ва отам ортидан хонасига кириб кетди.

    Шунда уни қизғаниб, рашк қилдим. Бўлиши мумкин эмас, у бошқасини севиши мумкин эмас, меники бўлиши шарт! Шу туйғуларимга тобен ортидан эргашдим. Шу вақт деразанинг шарақлаб сингани эшитилди.

    Ичкаридан қаттиқ овоз эшитилиб, отилиб кирганимда отам қонига беланиб ётар, ёнида эса қўлида қон томчилаётган дераза синиғини тутганича Фарҳод турарди. Ҳушимдан кетиб йиқилибман. Шундан сўнг у 15 йилга қамалиб кетди. Хотини ва боласи оламдан ўтди. Йўлда кимдир машинада уриб юбориб қочиб қолган экан. Жиноятчи эса топилмай қолаверди. Бор- йўғи бир йиллик никоҳ, ёш келин, биринчи фарзанд, бой берилган 15 йиллик умр, тавқи лаънат,-буларни кўтариш осон бўлмаган кўринади. Отам ҳам... Энди кеч, фойдаси йўқ. Уни тушунгандек бўлдим, раҳмим келиб кетди.

    Йиғлаб ўтирган Фарҳод кутилмаганда қаттиқ "оҳ" уриб ҳушидан кетди.

    Сарвигул ХОЛОВА

    (Давоми бор.)

    Жойлади: Админ
    Всего комментариев: 0
    Добавлять комментарии могут только зарегистрированные пользователи.
    [ Регистрация | Вход ]
    Copyright MyCorp © 2024
    Сайт управляется системой uCoz