Ризобек Воскресенье, 2024-05-19, 10.33.12
Приветствую Вас Гость | RSS
Главная | | Регистрация | Вход
Меню сайта
    Статистика

    Онлайн всего: 1
    Гостей: 1
    Пользователей: 0
    Форма входа

    Главная » 2009 » Сентябрь » 21 » Шеърият
    10.43.02
    Шеърият
    Саиджаҳон Равоний: Есенин

    Табиат ва муҳаббатнинг бетакрор куйчиси, ХХ асрнинг энг буюк рус шоирларидан бири – Сергей Александрович Есениннинг туғилган куни муносабати билан, унга чуқур эхтиром белгиси сифатида, унинг шеърларидан, эркин услубда килган таржималаримни эътиборингизга хавола этаман.

    Сергей Есениннинг, 1921 йили Тошкент ва Самарқандга қилган сафарини назарда тутиб, битилган диалог-тўртликни, шоирга ўзимдан бир кичик бағишлов, деб билгайсизлар:

    - Келибсиз Тошканга, Самарқандга хам,
    Чойханаларда Сиз қилибсиз гурунг?
    - Этди мени мафтун юртингиз кўркам…
    Айтгандай, нима бу; “тез-тез кеп туринг”?

    Саиджаҳон Равоний. Андижон. 21 09 2009
    ***
    esenin1922Сергей Есенин:

    1. Тошга қоқилдим (Я спотқнулся о камень),
    2. Безорининг севгиси (Заметался пожар голубой…),
    3. Мен сўрадим саррофдан (Я спросил сегодня у менялы…),
    4. Изғирин (Метель),
    5. Сигир (Корова),
    6. Менинг ҳётим (Моя жизнь),
    7. Юлдузлар (Звёзды).
    ***
    1. Тошга қоқилдим

    Қўяркан азал белги ҳар кимга,
    Истиснони мен билмам битта хам.
    Тушмаса шоир бўлиш чекимга,
    Балки, бўлардим ўғри, муттахам.

    Бўлгандим ўсмир, озғин, пастгина,
    Дўстлар ичра лек эдим қаҳрамон.
    Неча марталаб, камтар камина,
    Қайтганди уйга оғзи – бурни қон.

    Койирди онам, ваҳима қилиб,
    Дерди: “Вой, шўрим, афтингга қара!”
    Дердим: «Йиқилдим, тошга қоқилиб,
    Эрта ё индин тузалгай яра”.

    Бўлди хотира ўсмирлик, афсус,
    Қизиққонликлар сўнган туюлгай.
    Нотинч, абжир куч олиб ўзга тус,
    Достонларимга бу кун қуюлгай.

    Сўзлар тизилган зар шода каби,
    Ижодимдаги сатримда ҳар бир,
    Бурни қонаган, ёрилган лаби,
    Акс этар ўша шумтака ўсмир.

    Ўша чоғ каби жасурман ҳамон,
    Илло бошқача босурман қадам…
    Аввал афтимни қилишса-да қон,
    Қон қусар энди қилбим дам-бадам.

    Койимас онам ваҳима қилиб.
    Бегона тўда қилгай масҳара:
    Дейман: “Йиқилдим, тошга қоқилиб,
    Эрта ё индин тузалгай яра!”
    ***
    2. Безорининг севгиси

    Тушди зангор аланга дилга,
    Эсдан чиқди қадрдон диёр.
    “Севги” сўзин илк олдим тилга,
    Можарони илк этдим инкор.

    Боғдай эдим гўё ташландиқ,
    Жанонларга суқ эдим чунон.
    Жонга тегди яшаш бемантиқ,
    Ичиб, ўйнаб, қилиб тополон.

    Турай дейман қошингда ҳар он,
    Кўзим қиймай кўзим узгани,
    Жим ўкиниб, бермасдан имкон
    Кетишинга, излаб ўзгани.

    Тут яқинроқ қаддингни раъно,
    Эҳ, бу қайсар дилинг билсайди,
    Сева олар нақадар аъло,
    Бошин эгиб, безори – дайди!

    Воз кечардим мангу бодадан,
    Шоирлик хам қилмам, истасанг.
    Силасам бас, нафис, гулбадан,
    Қўлингни ва сочингни куз ранг.

    Кайга десанг кетардим бирга,
    Хоҳ кезгани юртларда ағёр…
    “Севги” сўзин илк олдим тилга,
    Можарони илк этдим инкор.
    ***
    3. Мен сўрадим саррофдан
    (форсий оҳанглар туркумидан)

    Мен сўрадим саррофдан бугун,
    Сотган икки рубилга туман,
    Форсийда, ул Лолага гулгун,
    Қандай дейин “сени севаман”?

    Мен сўрадим саррофдан яна,
    Хиёл елдай, осуда Вандай*,
    Лоладан ул, хурлар дугона,
    “Ўпай бир”, деб, сўрайин қандай?

    Мен саррофдан сўрадим такрор,
    Босмай сир ва йўқотмасдан эп,
    Лолага ул, лобару дилдор,
    Қандай этай “меникисан”, деб?

    Сарроф эса деди мазмунли,
    Сўз ила ишқ этмаслар изхор,
    Етгай, зимдан хўрсиниш мунгли,
    Гуҳар кўзлар ёниши хумор.

    “Бўса” деган сўз хам мажоздур,
    Харсангларда у битик эмас.
    Мисли, тонгда атиргул ва нур,
    Лаблар топур бир-бирин бесас.

    Кафолат йўқ севгида буткул,
    Бахтли қилур, ё хору хаста.
    “Меникисан” дер, эсда тутгил,
    Қўллар очган чимматни аста.

    * Ван – Туркиядаги Эронга яқин кўл.
    ***
    4. Изғирин

    Зангори камзул. Феруза кўзлар.
    Демадим тўғри ёрима сўзлар.

    Деди: “Бошланди қорли изғирин,
    Ёкайму печка, тўшайму ўрин?”

    Дедим: “Азизам, қор эмас булар,
    Кўкдан кимдир оқ сочяпти гуллар.

    Ёққил печкани, тўшагил ўрин,
    Қалбимда сенсиз чиндан изғирин”.
    ***
    5. Сигир

    Қарибди, яхши чайнолмас у ем,
    Йилнома битик икки шоҳида.
    Ўтласа хамки роиш у доим,
    Подачи уни урган гоҳида.

    Кўнглига ёқмас биронта товуш,
    Сичқон қитирлар бурчакда бироқ.
    Чўкиб кўзлари, эслайди хомуш,
    Бузоқчасин у оёқлари оқ.

    Боласини илк унинг туғилган,
    Тортиб олишди, қилишди завол.
    Қозиқда баланд, ерга қоқилган,
    Хилпиратди кўп терини шамол.

    Яқин кунларда ўзига лекин
    Ўғлининг аянч қисмати тушар.
    Олиб ўтишиб, четроққа секин,
    Унинг ўзини гўштга тортишар.

    Ерга тескари шохин тираб у,
    Жасталанишин қилур тамоша…
    Ҳозир туш кўрар – майсазорлару,
    Оёқлари оқ бузоғин ўша.
    ***
    6. Менинг хаётим

    Азоблар чеккани бўлдимму пайдо,
    Йўлимдан чиқади нуқул жафо-ғам.
    Умр бўйи бўлдим шодликдан жудо,
    Жарохат ва ғамдан толиқди сийнам.

    Қийналишга гўё туғилдим фақат,
    Толесиз қисматга бўлгани нисор.
    Узлуксиз чидайман, қилурман тоқат,
    Ситамдан инграйди руҳим хокисор.

    Лек дилга уфқлар умидлар ёқар,
    Балки, бу, кўз ёшли алданиш тағин?
    Балки, яшин чақнаб, ёмғирлар ёғар,
    Бузгай умидларнинг тотли эртагин?

    Илло мен англадим ҳаёт ёлғонин,
    Чўчимайман энди қисматдан намак:
    Қийин чоғ, оширмам юрак фиғонин,
    Бермас экан ҳеч ким бари-бир кўмак!
    ***
    7. Юлдузлар

    Юлдузлар чароғон, юлдузлар олис,
    Сизда бор не жоду, бор сизда не сир?
    Юлдузлар пурмаъно, айтингиз холис,
    Не куч ила дилни қилгайсиз асир?

    Юлдузлар беадад, юлдузлар маржон,
    Чиройингиз қайдин, қайдин кучингиз?
    Сиз тамон талпинар нечун жисму жон,
    Қандай билимларга тўла ичингиз?

    Жилоланиб мунча сочгайсиз зиё,
    Чорлайди бепаён фалак не боис?
    Этгайсиз мунча лол, мунча махлиё,
    Юлдузлар чароғон, юлдузлар олис!
    ***
    1914 – 1925

    Жойлади: Маъмур
    Всего комментариев: 0
    Добавлять комментарии могут только зарегистрированные пользователи.
    [ Регистрация | Вход ]
    Copyright MyCorp © 2024
    Сайт управляется системой uCoz