Ризобек Воскресенье, 2024-05-19, 10.33.19
Приветствую Вас Гость | RSS
Главная | | Регистрация | Вход
Меню сайта
    Статистика

    Онлайн всего: 1
    Гостей: 1
    Пользователей: 0
    Форма входа

    Главная » 2009 » Октябрь » 18 » Замондош ёшлар ижодидан
    11.59.53
    Замондош ёшлар ижодидан
    Ўзбек бўлиш қийин

    (ҳикоя)

    Қўйларимни ёйиққа қўйиб юбориб, атрофни томоша қилиб ўтирибман, биродар. Сизга ҳам шундай туюладими, йўқми, билмадим-у, менга шу кўм-кўк осмон билан кўм-кўк яйловим бўлса, ҳамма нарсам бордай бўлиб, кўнглим тўлиб туради-да. Бугун қўйларимни тоғ ёнбағрига ҳайдаб келганман, шу десангиз, бовурдошим, қўйларим ҳалидан бери хуркиб нари-бери қочяпти. Ҳозир ҳам кузатиб турдим. Бир жойда тўдалашиб ўт чимдилаётган қўйлар сапчиб қочди. Чопа ўша ерга етдим. Ерда ҳеч нарса йўқ. Илон деб мўлжаллаб ўтлар орасига қарай бошладим. Ў пирай, ё қудратингдан, мен кўрган нарса жуда ингичка занжир экан. Йўқ, занжир нима, жудаям пухта тўқилган ингичка арқон худди гугурт чўпидек-секин қўлимга олдим. Узун экан, биродар. Чўзилиб дўнглик орқасига ўтиб кетган-бу ёғига ҳам аллақаёққа кетган, боши қаерда-охири қаерда билмайсиз. Таваккал деб дўнглик ортига ўтдим. Бирдан қўлимда тутиб келаётган сим арқондаги қандайдир бир куч мени уч-тўрт қадам орқага отиб юборди. Гўё ток ургандек бўлдим. Лекин юрагим беҳузур бўлмади. Қайтангга яна шундай бўлишини хоҳлади. Кучимга куч қўшилди. Нима экан ўзи бу, телефонни симимикан-а, биродар? Симни яна ушлаб каттароқ икки харсанг тош ёнига бориб қолдим. Тавбангдан кетай, иккала ҳарсанг оралиғида қандайдир темир ускуна тиқилиб қолганди.

    Катталиги ўғлимнинг мактаб папкасидай бор. Бир-икки тортдим, қимир этмади. Қўлимдаги чўпон таёқ билан бир-икки туширдим. Бирдан шиғ этиб ҳали мен икки юз метр масофадан ушлаб келган арқонни сўриб олди. Тавба-тавба дейман-у, вой-войлаб қолдим, кулманг-у, яна ток урдиролмаганим алам қилиб қолди-да. Шундай қилиб, ҳалиги нарсани тошлар орасидан чиқара олмадим. Маломат қилманг мени. Қандоқ қилай, харчанд уринсам ҳам бўлмади-да. Кетдим, қадрдон, орқамга қарай-қарай кетдим. Сурувим билан шом қоронғусида уйга етдим. Бўлган гапни аёлимизга айтдим. Энди, биродар, эркак аёлини мақтаса, айб бўлади, ҳа-ҳа, шундай, лекин аслидаям аёлимиз жуда бамаъни, тушунган аёл-да. Мактабда ўнинчи синфгача аълога ўқиган. Бизми, ҳа энди, бизлар ўзи бир отадан ўн уч ўғил. Мен тўққизинчи ўғилман. Болаликдан оши ҳалолга қизиқиб, қўй боққанмиз. Учинчи синфгача ўқиганман, ҳар ҳолда хат ўқийман.

    Ҳа, айтгандай, аёлим мулоҳаза қилиб, саккизинчи синфда ўқийдиган ўғлингиз физикани яхши ўқийди, дадаси, деб қолди. Дарров ўғлимизни чақирдим. Айтувдим, "Генератор бўлса керак!" деди. Ичимда ўғлимизни койиб қўйдим: "генератор" нималигини қаёқдан билай? Бирдан ҳаёлимга қандай билиб олиш фикри урилди-да, ўғлимни сўроқ қила бошладим.

    -Ўзи физика қанақа фан экан, ўғлим?

    -Жисмлар ҳақидаги фан.

    Ҳеч нарсага тушунмадим, биродар, лекин имтиҳон олаётган ўқитувчидайин давом этдим.

    -Яъни... масалан.

    -Физикани бўлимлари бўлади. Оптика, механика.

    -Механика ҳақида гапир!-дедим оғзидан юлиб олгандай бўлиб, сўнг яна гапимда давом этдим:

    -Механика бўлимида мошиналар ҳаракати, матор-патори ўрганилади, тўғрими?

    Ўғлим елка қисиб боши билан тасдиқлаб қўйди. Биз ҳам аёлимиз томонга мағрур қараб маъноли-маъноли томоқ қирдик. Ҳей-й, биродар, ўғлимиз механикани яхши ўрганиб, машина тузатадиган уста бўлиб кетса, бир тасаввур қилинг. Раисимизни машинаси бузилиб ётибди, хуноби ошиб шаҳарга бориб уста олиб келиб тузатиш керак. Фиғони фалакка етай деб турганда, бош ҳосилот: "Раис бува, кўп хуноб бўлаверманг, анов Раҳмонкалнинг ўғли яхши уста, бир пасда тузатиб беради", деса, раис қулоқларига ишонмай "Ким... кимнинг ўғли?" деса. "Анов қўйчўпон Раҳмон кални айтаман" деса-ю, раис бува ҳосилотни койиб: "Сен қачон одам бўласан-а? Абдураҳмонбой кал бўлгани билан, жуда одамшаванда, меҳмондўст киши",-деб қўйса. Ўғлимизнинг шарофати билан раис олдида эътибор-иззат кўрсак, қандоқ яхши, тўғрими, биродар? Ҳа, сизгаям фарзандингиз туфайли эл олдида ҳурмат-иззат топиш роҳати насиб қилсин.

    Тонгда ўғлимиз ортимиздан эргашди. Ҳалиги "темир"ни кўргани борармиш. Бир хурсанд бўлдим, бир хурсанд бўлдим, бир яйрадим, бовурдош, нимагалигини билмадим. Қўйларни ёйиққа қўйиб юбориб, ўша икки ҳарсанг ёнига етдик. Биродар, айтсам ишонмайсиз, ота-бола пешингача уриниб, зўрға тошлар орасидан чиқариб олган ҳалиги нарса пардек енгил экан. Рост, ўғлим бир қўлида бемалол тутиб турибди. Аср намозига қолмай қўйларни қишлоққа қараб ҳайдадик. Йўлда ўғлимиз тушлик қилмаганимизни эслатди. Ҳайтовур, ҳеч нима емадик. Лекин қорним тўқ-ку. Ҳеч нимага тушунолмаяпман, биродар. Қишлоққа энди кирганимизда бир қўйим қўзилади. 3 та қўзичоқ, қўрқиб кетдим. Қайта-қайта астағфуруллоҳ дедим. Эрталаб хурсанд эдим, энди эса қўрқиб кетаяпман. Уйга келиб, бор гапни аёлимизга айтдим.

    -Чанқамадингиз ҳамми?- деб сўради. Елка қисдим, сув ҳақида умуман ўйламагандим. Юрагим сиқилиб, бошимдан телпакни олиб, ёстиқ устига қўйгандим, аёлимиз бир "вой" деди-ю, ҳушидан кетди. Болалар қий-чув қилиб қолишди. Бир амаллаб ҳушига келтирсам, тағин шилқ этиб тушди.

    -Энаси, энаси, мени қўрқитма, сенга нима бўлди,-дея зорланиб юзига сув пуркайман. Бироздан сўнг ҳушига келиб йиғлади. Роса йиғлади. Хўп йиғлади.

    -Нима гап ўзи, энаси?-дея сўрадим ўпкам тўлиб.

    -Дадаси..-деди аёлим қўли билан бошимни кўрсатиб:-сочларингиз ўсипти.

    -Энаси, мени қўрқитма,-деб йиғлаб юбордим. Аёлимни эси оғиб қоляпти деб ўйладим. Шу вақт тинчиб қолган болаларим чуввос солиб йиғлаб юборишди. Беихтиёр бошимни ушладим-у, эсим тескари бўлиб кетди. Кўз олдим қоронғулашиб, учиб кетаётгандай ҳис қилдим ўзимни. Сочим бармоқларим орасида сузарди. Сизга лоф бўлсаям, кўрсаткич бармоғимдай узун эди. Ҳушимдан кетибман. Кўзимни очиб, аёлимнинг кулиб турган чеҳрасини кўрдим. Кўзингдан айланайин, қуралай кўзларингдан айланайин, дея ичимда ўйлаб ёниб кетдим. Шартта қўлидан ушлагандим, қўлини тортиб олиб болаларга ишора қилди.

    –Ойна келтир!-дедим. Эҳ, биродар, эссиз йигитликнинг 18-20 ёши, сочим тим қора бўлиб ўсиб чиққанди. Чамаси 10 ёшларда эдим. Бошимдан яра чиқди. Энам раҳматлик ёнғоқ мағзини куйдириб босди. Яра яхши бўлди-ю, тангадай жойда соч умуман ўсмай қўйди. Вақт ўтиши билан катталашиб, 15 ёшимда мутлоқ кал бўлиб қолдим. Исмимиз ҳам Раҳмон калга кетди. Ҳозир нима қиларимни билмай ўтирибман, биродар. Худди туш кўраётгандайман. Бизга бир гап бўлди, бовурдош. Ўнинчини битирган ўғлимиз уйга чопиб кирди.

    -Ота, ота, уюрмадан қўзи мараяпти,-деди. Ирғиб ўрнимдан турдим, уюрмага фақат совлиқларни қамагандим-у, лекин ҳали қўзилашига 5-6 кун бор эди, шекилли...

    Уюрмани чироғини ёқиб, секин эшикдан қарасам, 5 та қўйим қўзилапти. Айтишгаям қўрқаман, яна ҳаммаси учтадан қўзилапти. Бир кунда 6 та қўйдан 18 та қўзи...

    Бовурдош, таъбингиз хира бўлмасин-у, кўнглим озиб кетяпти. Уюрмани орқасига ўтмасам бўлмас...

    Тонг отди. Куннинг энг яхши вақти тонг-да, биродар, дилингиз яйрайди. Сокин тонгдан тўйиб-тўйиб нафас олинг. Жонингизга жон қўшилади. Биз чорванинг одамимиз-да, бовурдош. Нонуштага фақат чучиқатиқ, қаймоқ, сут, сариёғ бўлади. Аёлимиз икки юзи қизариб, иссиқ нон келтирди.

    -Нима гап, энаси?-дедим юрагим эзилиб. Рўмолини учларини кўзига босиб индамай йиғлайверди. Иштаҳам бўғилиб, томоғимдан чой ҳам ўтмади. Нима деяримни, нима қиларимни билмай қолдим. Мени эркакмисан, дея маломат қилманг, биродар. Аёлимни кўзида бир томчи ёш кўрсам, дунё кўзимга қоронғу бўлиб кетади. Нимагаки, аёлим жуда қаноатли, бору йўғимга чидайди. Шукур қилади, бирор нима талаб қилмайди. Болаларимни яхши тарбиялаган. Неки эришган давлатим бор, у сабабли. Энди билгандирсиз бекорга йиғламаётганини, жонидан ўтмаса агар, бошидан ўтганини бегона тугул менга ҳам айтмайди. Лекин барибир Худо эркакни аёлдан устун қилиб яратган. Ичим тилиниб тўкилаётган бўлсаям, сиртимга чиқармай: "Гапирасанми ё мен ҳам аза очайми?", дедим ўшқирганнамо.

    -Дадаси, қўйларингизни закотини беринг, 10-15 тасини садақа қилинг. Бизга бу бало қаёқдан ёпишти,-дея баттар йиғлаб юборди.

    Биродар, шундай ичим ёришдики, бир яйрадимки...Тўғри-да, менга 160 та қўйнинг нима кераги бор? Мана, мени давлатим олдимда ўтирибди. Етти ўғлим-етти тоғ! Эҳ, биродар, қизим йўқ, сочлари қирқ ўрим қизим бўлсайди!

    -Абдумурод укангиз уй солишга қийналиб турибди,-деб аёлим фикримни бўлди. -Ўша кишининг ҳам хотини кўп касалманд. Тўртта боласи бор, отангизни уйидан кўчиб чиқишга қуввати етмаяпти. 5-6 та совлиқ беринг, туғиб кўпайса, янаям яхши бўлади. Қўзиларини ўзи боқиб олса, бемалол қаддини тутиб кетади кейин,- деди.

    –Сен менга ўргатмасанг ҳам ўзим шуни ўйлаб юрувдим,-дедим, отдан тушсам ҳам эгардан тушмай. Лекин шу вақтгача калламга келмаганини қаранг, ўтган йили баҳорда иккита қўй бериб туринг, қарзга, деб сўраганида, кўрамиз, дебман-у, шу билан хаёлимдан кўтарилибди. Мен индамаганимга ўзи ҳам қайта сўрамапти. Секин уюрмага кириб, 4 қўйни 12 та қўзиси билан ҳайдаб чиқдим. Кенжатойимни ияртиб, Абдумуродникига жўнадим. Ота уйимга. Бориб укамга: "Шу қўйлар мендан сенга, қайтарма, сотиб уйингни солиб ол",-дедим. Укам оғринди. Иним кўнглига малол олди.

    –Ака, ҳали белимда қувватим бор. Худо хоҳласа, қўйларингизни насиб этган куни қайтараман. Акасини молини еб кетар номард ука йўқ,-деди. Эҳ бовурдош, уканг бўлса, тоғинг бордай юрасан, айниқса, ори бўлса. Бир яйраб уйга қайтдим. Эртасига яна қўйларимни тоққа ҳайдадим. Кўм-кўк майсага ёнбошлаб бўлаётган ишлар ҳақида ўйладим. Нега сочим чиқаяпти. Нега қўйларим учтадан туғади? Ишонмасангиз келиб кўринг, биродар. Ҳар бир қўйимни сўйса, камида 80 кг. гўшт бўлади. Худо баъзи гуноҳ қилган бандаларининг ишига ривож беради. Ақлини йиғиб, тавба қилиши ёки гуноҳларини янада кўпайтириши учун. Билмай қилган гуноҳларим ҳақида ҳеч нима деёлмайман. Лекин билиб қилган гуноҳларим хийлагина. У вақтларда ёш эдим. Отам элнинг чорвасини боқарди. Қўй-эчки, мол аралаш эди, тушунарли қилиб айтсам, пода ҳайдарди. Қишлоғимизда Каримбой деган бир чўпон бор эди. У колхознинг йилқисини боқарди. Ишқилиб, шу кишининг хўкизи билан хўкизимиз сузишибди. Хўкизларга деярли ҳеч нарса қилмаган. Лекин Каримбой келиб отамни "Ишингни эвласанг қил-да, ликкир, чўлоқ" дея ҳақорат қилиб кетди. Отам эса, отамдан айланайин, "Ўз хоҳишим билан ўғри, ғар бўлганим йўқ. Худонинг хоҳиши билан чўлоқ бўлганман (туғма чўлоқ эдилар)", дея индамай қўйдилар. Орадан йиллар ўтди. Каримбой отдан йиқилиб, бир оёғи синди. Колхоз қандайдир камоматга учраб, йилқиларни гўштга топширди. Энди хотини ўлиб, бева қолган Карим чўлоқ отам ўрнига пода ҳайдай бошлади. Сиз билан анчадан буён қадрдон бўлиб қолдик, биродар, лекин ҳозир воқеанинг давомини айтсам, мени ёмон кўриб қоласиз. Оғир гуноҳ қилганман, бовурдош, менинг гуноҳим оғир...

    Бир куни чўпон таёғимни судраб тоғдан якка қайтаётсам, Каримбой пинакка кетиб, сурув колхоз буғдойига оралаб кетибди.

    -Карим ота,-дея чақирдим, уйғонмади. Ичимдаги эски қирқ йиллик қириндим сабаб, уни уйғотишни истамадим. Шу вақт узоқдан бош ҳосилот кўринди. Тагидаги саманидан танидим. Секин ёналаб қочдим. От чоптириб етиб келган бош ҳосилот Каримбойнинг қулоқ-боши аралаш қамчи тортиб юборди. "Бунақа ишни эвлаган қилади-чўлоқ", дея бақирди. Кўзларимдан дув ёш оқди. Ортимга қарамай чопдим. "Ота, отажоним", дея 30 ёшимда, уч йил олдин ўтиб кетган отамни эслаб, кенг далада йиғлаб кетавердим.

    Сарвигул ХОЛОВА.

    (Давоми бор.)


    Жойлади: Админ
    Всего комментариев: 0
    Добавлять комментарии могут только зарегистрированные пользователи.
    [ Регистрация | Вход ]
    Copyright MyCorp © 2024
    Сайт управляется системой uCoz