Мен учун ўзимни билганимдан буён ўтказган йилларим ичида энг даҳшатлиси Андижон фожеасини бошдан кечирган 2005 йил бўлган эди. Аммо 2008 йил ҳам мен учун энг даҳшатли йиллардан бири бўлиб бошимдан кечди. Мен 2008 йилни кутиб олаётганимда адолатсизликка қарши ёлғиз бош кўтарган, ҳақиқатни айтиб майдонга отилиб чиққан ўзбекнинг буюк шоири Юсуф Жумаевга озодлик келтиради деган умид билан кутиб олгандим.
Мана, яна бир йил поёнига етиб, бошқа бир янгиси остонада турибди... Шу ҳақда ўйлар экансан ҳар бир янги кун, ҳар бир ҳамма ҳалқлар учун рамзий тантана этиладиган байрам шукуҳини туймайсан киши.Гарчанд гўё озод мамлакатда бошпана топган эсангда аслида эса ўзингни маҳкумдайин ҳис қиласан.Ҳа, буниси ҳам майли, ҳар не қилсада биласанки сенинг жонингга ҳар онда таҳдид соя ташлаб тургани йўқку.
Ватанда ҳақ учун курашган, курашаётган, керак бўлса жонини ҳам тикишга тайёр Юсуф Жума сингари буюк миллатдошларинг олдида бош эгкинг келади.Аммо сенда чора йўқ -ки уни зулмнинг ғоридан, аждарҳонинг оғзидан қутқариб олиб чиқолсанг...Мана нима учун йил тўлсада кўнгил тўлмади...